Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:11

Муҳофазасиз муҳожирлар


Россиялик миллатчиларнинг нафрати ҳам қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг мудом хавотирда яшашларига сабаб бўлмоқда.
Россиялик миллатчиларнинг нафрати ҳам қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг мудом хавотирда яшашларига сабаб бўлмоқда.

Молиявий инқироз туфайли Россия ва Қозоғистонда ишчи ўринлари қисқараётганига қарамай, Қирғизистондан бу мамлакатларга кетаётганлар сони озаймаяпти.

Қирғизистон миграция бўйича давлат қўмитаси раҳбари Айгул Рисқулова берган маълумотга кўра, мамлакатда ишга лаёқатли аҳоли сони йил сайин 60 минг кишига кўпайиб бормоқда. Қирғизистон уларнинг 40-45 мингини иш билан таъминлашга қодир.

- Йил сайин 10-15 минг одам ишсиз қолмоқда. Улар иш излаб қўшни давлатларга чиқиб кетишга мажбур бўлмоқдалар. Меҳнат мигрантлари орасида кейинги йилларда мактабни эндигина битирган ёшлар сони кўпайиб бораётгани кузатилмоқда, - деди Айгул Рисқулова.

Айни пайтда бошқа давлатлардан Қирғизистонга иш излаб келаётганилар ҳам борлиги маълум бўлди. Масалан, 2008 йилнинг ўн ойи мобайнида Қирғизистонга Хитойдан 75 минг меҳнат муҳожири келган. Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларда эса қирғиз корхоналарида ишлаётган ўзбекистонлик мардикорларни кўриш мумкин.

Айгул Рисқуловага кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари асосан Қирғизистон жанубидаги ғишт заводларида ишлайдилар. Шунингдек, Қирғизистонда ишлаб иммигрант мақомини олганларнинг 49 фоизини россияликлар ташкил қилади.

Нега энди мавжуд иш ўринлари ишсиз қолиб ҳорижга кетишга мажбур бўлаётган қирғизистонликларга берилмай, уларнинг ўрнинини бошқа мамлакатдан келган ишчилар эгалламоқда?

Бу саволга жавоб берар экан, Халқаро меҳнат ташкилотининг Қирғизистондаги вакили Бўлўт Ўроқов Россия ва Қозоғистонга кетаётган қирғиз мардикорлари малакасиз бўлгани сабабли Россия ва Европанинг бошқа давлатларидан келган мутахассислар ўрнини боса олмаслигини айтади. Унга кўра, ўзбекистонлик ва тожикистонликлар ишлаётган ғишт заводларида эса иш оғир, ойлик эса оз бўлганлигидан қирғизистонликлар бу ерларда ишлашни афзал кўрмайдилар.

- Бироқ малакасиз ишчилар қайси давлатга бормасинлар, уларни яхши қабул қилмайдилар. Улар Қирғизистонда ҳам, Россияда ҳам фақат қора ишларни бажара оладилар. Фарқи шундаки, улар Россияда Қирғизистондагига нисбатан кўпроқ иш ҳақи оладилар, - дейди Бўлўт Ўроқов.

Расмий маълумотларга айтилишича, Россия ва Қозоғистондаги қурилишларда ва қора ишларда бугунги кунда 500 мингдан ортиқроқ қирғизистонлик меҳнат қилмоқда.

Қирғиз парламенти депутатлари уларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш масаласини бир неча йиллардан бери кун тартибига қўйиб келади. Парламент депутати Николай Байлога кўра, бу йўналишда оз бўлса ҳам силжишлар бор, лекин эришилган натижаларни қониқарли эмас. Депутатнинг фикрича, Россия ва Қозоғистон ноқонуний меҳнат миграциясидан манфаатдордир, бундай шароитда меҳнат муҳожирини қабул қилиб олаётган давлат бир қатор мажбуриятларини бажаришдан озод бўлади.

Депутат Николай Байло Россия ялпи ички маҳсулотининг 8 фоизи меҳнат муҳожирлари қўли билан яратилишини ҳам айтди.

- Бироқ, шунга қарамай, Россия меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилиш борасида қўшимча тадбирларни кўрмаётир, - деди Николай Байло.

XS
SM
MD
LG