Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:40

Рус миллатчилари нишони - ўзбеклар


Россия русларники¸ йўқолсин келгиндилар¸ каби рус миллатчилари шиорлари мамлакатдаги иқтисодий вазият ëмонлашган сайин¸ оммалашиб бормоқда.
Россия русларники¸ йўқолсин келгиндилар¸ каби рус миллатчилари шиорлари мамлакатдаги иқтисодий вазият ëмонлашган сайин¸ оммалашиб бормоқда.

Санкт-Петербург шаҳар суди ашаддий рус миллатчиларини 2007 йили Репино темир йўл станциясида Ўзбекистон фуқаросини ўлдирганликда айбдор деб топди.

Маҳкаманинг қора курсисида ўтирган яна уч нафар “тақирбош” эса қотиллик эмас¸ балки миллий нафрат асосида жиноят содир этганликда айбдор деб топилди.

Жиноят ишлари бўйича Санкт-Петербург шаҳар суди вакили Озодлик радиосига Ўзбекистон фуқароси Иброҳим Пормановни ўлдирганликда гумон қилиниб қўлга олинган тўрт нафар тақирбош иши юзасидан ҳакамлар айблов эълон қилганини тасдиқлади.

- Айблов эълон қилинди. Икки шахс қотиллик содир этганликда айбланган эди. Улардан бири қотиллик содир этишда айбдор эмас деб топилди. Аммо унга нисбатан миллий нафрат асосида зўравонлик содир этганлик бўйича эълон қилинган айблов бекор қилингани йўқ¸ – деди ўз исми ошкор этилишини хоҳламаган Санкт-Петербург шаҳар суди котиби.

Семён Чарный ксенофобия ва миллатчилик масалалари билан шуғулланувчи Инсон ҳуқуқлари Москва бюросининг етакчи мутахассиси. Озодлик мухбири билан суҳбатда Чарный Санкт-Петербург шаҳар суди эълон қилган айбловни рус тақирбошларининг бошқа миллат вакилларига нисбатан содир этган жиноятлари хусусида ўтказилган тергов самарали якун топгани далолати дея баҳолайди.

- Тергов жараёни яхши ўтказилган. Шу боис ҳакамлар ҳайъати судланувчиларга нисбатан айблов эълон қилди. Агар тергов яхши ўтказилса, ҳакамлар судланувчиларга айблов эълон қила олади. Агар тергов жараёни ёмон бўлса, судланувчига нисбатан айблов эълон қилинмай, улар озод этилади¸ – дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Жиноят ишида қайд этилишича, 2007 йилнинг 7 ноябрида ашаддий рус миллатчилари гуруҳи “келгинди”ларни излаб кундузи “Репино” посёлкасига борган. У ерда келгиндиларни учратмаганидан кейин тақирбошлар темир йўл станциясига йўл олишган. Шу пайт Ўзбекистон фуқароси Иброҳим Порманов ўша станцияда поезддан тушган.

Рус миллатчилари Иброҳимни аввалига ҳақорат қилиб¸ кейин калтаклаган. Улардан қочиб катта йўлга етганида тақирбошлар Иброҳимни яна ушлаб олиб йиқитишган ва пичоқ санчиб ўлдиришган.

Ўтказилган текширув натижасида тақирбошларнинг ўзбек йигити танасига 25 марта пичоқ санчгани аниқланган.

Айтилишича¸ бу қотиллик ўзбекистонлик йигитни калтаклаш пайтида тақирбошлардан бири шеригининг оёғига бехосдан пичоқ санчиб қўйгани боис¸ тасодифан ошкор бўлган.Яраланган тақирбош касалхонага олиб келинганида¸ шифокорлар милицияга хабар берган.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўтказган сўровдан кейин қотиллик содир этган гуруҳ аъзоларидан Денис Дживовский ва Сергей Дмитриев ва яна икки нафар балоғат ёшига етмаган тақирбош қўлга олинган. Россия қонунларига кўра, жиноят содир этган шахс балоғат ёшига етмаган бўлса, унинг исми оммага ошкор этилмайди.

Санкт-Петербург шаҳар суди вакилининг Озодлик радиосига айтишича, ҳакамлар ҳайъати балоғат ёшига етмагани учун исми ошкор этилмаган икки нафар ёш тақирбошга ҳам айблов эълон қилган:

- Улар ҳам айбдор деб топилди. Аммо улар кичик ёшдаги эмас¸ балки балоғат ёшига етмаган ёшлар¸ – деди Санкт-Петербург шаҳар судининг маҳкама йиғилиши котиби.

Ўзбекистон фуқароси Иброҳим Пормановнинг ўлдирилиши юзасидан жиноят ишлари бўйича Санкт-Петербург шаҳар судида ўтказилган маҳкама якуний ҳукмининг 7 декабр куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Семён Чарный йил бошидан бери Россияда рус миллатчилари ҳужумидан энг кўп ўзбеклар ҳалок бўлганини айтди:

- 2008 йилнинг январ-октябр ойлари давомида тақирбошлар ҳужумидан ўлганлар рўйхатида биринчи ўринни ўзбеклар эгаллади. Йил бошидан бери 17 нафар ўзбек ўлдирилди, йигирма икки нафари жабрланди¸ – дейди ксенофобия ва миллатчилик масалалари билан шуғулланувчи Инсон ҳуқуқлари Москва бюросининг етакчи мутахассиси Семëн Чарный.
XS
SM
MD
LG