Линклар

logo-print

Эркин сўз устидаги ғилоф


Айрим Германия тшкилотлари¸ ўз фаолиятини Берлин ва Тошкент ўртасидаги илиқ муносабатларга монанд олиб бориш ҳаракатидалар.

Айрим Германия тшкилотлари¸ ўз фаолиятини Берлин ва Тошкент ўртасидаги илиқ муносабатларга монанд олиб бориш ҳаракатидалар.

Куни-кеча Германиянинг NDR телеканали Ўзбекистондаги матбуот эркинлигини бўғувчи репрессив ҳукумат ва уни оқлашга ҳаракат қилаётган Германия ҳамкорини фош этувчи ҳужжатли филмни намойиш қилди. Ўқийдиганингиз¸ ана шу филм матни.

Немис тўлқини академиясининг шубҳали алоқаларига асосланган Ўзбекистондаги журналистик таълими баробарида, бу мамлакатдаги мухбирлар таъқиб, туҳмат, қийноқ ва қамоқдаги азоблар билан юзма-юз қолмоқда.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти аянчли. Эркин фикрловчиларнинг ташқаригa чиқмаслиги ва мустақил ахборот ола олмаслиги учун режим бор кучи билан тиришмоқда.

Бош кўтаришга журъат қилганлар, айниқса, бу жасоратни матбуот воситасида изҳор қилганлар эса режим тарафидан аëвсиз таъқиб қилинмоқда.

Бундан бир йил олдин журналист Алишер Соипов отиб ўлдирилди. Қатл қилинишидан олдин уни Тошкент режими тарғибот замбаракларидан ўққа тутган эди.

ЎзТВ Алишер Соиповга қарши “фош қилувчи” фильмлар намойиш қилган эди.

Айни пайтда ЎзТВ эркин сўзга қарши яна бир фильмни ўз ўқдонига жойлаб, тепкини босди.

Нишон Озодлик радиоси журналистлари.

Бум! Бум! Бум !!!!

Озодлик мухбирлари фильмда худди адолат қиличидан қочиб юрган хавфли жиноятчилар каби акс этадилар.

Бу тарғибот фильмидаги бўҳтон ағдариш жараëнида “Немис тўлқини” радиосининг ҳамкори, Германия кўмагида ишлаëтган журналистларни қайта тайëрлаш маркази раҳбари Гулнора Бобожонова ҳам иштирок этади.

Айни пайтда “Немис тўлқини” Гулнора Бобожоновадан масофаланишга тиришмоқда.

Адолат шамсиясига ишониб танқидга оғиз жуфтлаш биз ғарбдагилар учун одатий бир ҳолат. Танқидий фикрни ëзадиган ўзбекистонликлар эса тақдирга таваккал қиладилар, холос.

Журналист Солижон Абдураҳмоновни ўн йилга кесишди. Гўëки журналист гиëҳванд савдоси билан шуғулланган.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти назарида бу журналист эркин сўз айтгани учун ҳибс қилинган.

Германиялик икки журналист, Гита Датта ва Маркус Бенсман, эркин матбуотсиз яшаëтган мамлакатдаги режимнинг Озодлик мухбирларини ëмонотлиқ қилиш анатомиясини ўрганди.

Журналистларсиз мамлакат

Марказий Осиëдаги Ўзбекистон деган давлатни 17 йилдан бери Каримов шафқатсиз бир тарзда идора қилмоқда. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакили Элка Шефтер гапиради.

- Ўзбекистон биз эълон қиладиган матбуот эркинлиги даражаси борасидаги рўйхат тубидан доимий ўрин олиб келади. Президент Каримовнинг исми эса матбуот душманлари рўйхатида собит. У Зимбабве, Эрон ва Шимолий Корея раҳбарлари билан бир қаторда туради.

Ўзбекистоннинг жаннат эканлигигига салгина шубҳа билдирган журналистлар тез орада исталмаган шахсларга айланадилар. Немис журналистлари ҳам бу ерда узоқ муддат қола олмайдилар. Аммо сиëсий алоқалар мавжуд. Масалан, немис армияси учун Ўзбекистон муҳим бир ҳамкор.

Германиянинг Ўзбекистонда ҳарбий базаси бор. Бу база Афғонистон учун мўлжалланган. Бу база ҳақида Каримовга ëқадиган тарзда ëзиш мумкин холос.

Хатарли маслак


Танқидий журналистика ҳаëт учун таҳликали бир маслак. Андижонни қирғин қилган режим танқид учун калимага келган ҳар бир тилни кесиш учун тайëр турибди.

2005 йилда юзлаб намойишчилар аскарлар томонидан ўққа тутилган эди.

Каримов эса журналистларни қирғин айбдорлари сифатида кўради. 2005 йилда барча хорижий мухбирлар мамлакатдан қувиб солинди.

Ҳюман Райтс Уотч вакили Андреа Берг гапиради.

- Масалан бир мухбир икки йилдан бери руҳий шифохонада ëтибди. Унинг қай аҳволда экани биз учун қоронғу. Бошқа бир журналистни наркотик ташлаб қамаб қўйишди.

Улар цензура элагидан ўтмаган хабарларни тарқатишаëтган эди. Улар қонунсиз ҳибсга олишлар, қийноқлар ҳақида гапиришаëтган эди. Танқидий журналистика? Дарҳақиқат хатарли бир маслак.

Эркин сўзга қарши отилган учта қўрғошин ўқ


Алишер Соиппов “Сиëсат” газетасининг муҳаррири эди. Газета яширин йўллар билан Ўзбекистонга олиб ўтилиб, тарқатилар эди.

Бир йил бурун Алишерни отиб ўлдиришди. Учта қўрғошин ўқ навқирон танани тешиб ўтди.

- У Ўзбекистон ҳақида танқидий мақолалар ëзар эди. У Каримов кўзига кирган зирапча эди. Тахминимизча, уни ўзбек хавфсизлик хизмати ўлдирган, дейди “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакили Элке Шефтер.

Алишер ўлимидан икки ҳафта олдин ЎзТВ ғирт бўҳтонлиги айтилаëтган репортажни эфирга узатган эди. Бу фильмда журналистнинг фотосурати берилган ва уй манзили айтилган эди.

- Бу иғво кампаниясининг воситасидир. Бу қўшнилар ўртасида жанжал қўзғатишга уринишдир. Бу Совет иттифоқида 30 йилларда қўлланган Сталинча услубдир. Демак, бу назорат тизими мамлакатни қўрқув ва иҳота ичида тутиб турмоқчи. Улар Ўзбекистондан ташқарига тиқ этган товуш чиқишини ҳам исташмайди, дейди Ҳюман Райтс Уотч вакили Андреа Берг.

Озодлик режим нишонида

ЎзТВ шу йилнинг июн ойида Озодлик журналистларига қарши бўҳтонли бир репортаж тайëрлади. Худди хавфли жиноятчи ҳақида гапирган каби Озодлик журналистлари ҳақида гапиришди. Уларнинг исм-шарифлари, феъл-атворлари, қариндош туққанларигача батафсил гапиришди.

Озодлик мухбири Ҳурмат Бобожон гапиради.

- Бу менга қаратилган таҳдиддир. Улар менинг фотосуратимни хавфли жиноятчи каби кўрсатишди. Улар бизга бармоғини бигиз қилиб, “Биз сен ҳақдаги ҳамма нарсани биламиз. Биз ҳатто сенинг адресингни ҳам биламиз. Оëғингни билиб бос” қабилида таҳдидли ишорат қилишди.

Бу таҳдидларга қарамасдан Озодлик мухбирлари Ўзбекистондаги режим ҳақида танқидий мақолаларни ëйинлашмоқда.

Прага марказидаги Озодлик бош қароргоҳидан Ҳурмат ва унинг етти нафар ҳамкасби кунига уч соатдан эшиттириш беришмоқда.

Озодликнинг Ўзбекистондаги бўлими ëпиб қўйилган.

Ўзбекистон учун мустақил ахборот манбаларидан бири бўлган “Немис тўлқини” эса Ўзбекистондаги журналистларга таълим беришга расмий Тошкентдан “изн олган”.

Бу лойиҳа Германия кўмагида ишламоқда. Германия Федерал тараққиëт ва ҳамкорлик вазирлиги бу лойиҳани молия билан таъминлайди.

Режим тегирмонига сув қуйиш иштиëқи

Немис тўлқини билан ҳамкорлик қилаëтган “Журналистларни қайта таëрлаш маркази” раҳбари Гулнора Бобожонова Озодлик журналистларига қарши иғвогар фильмда шубҳали тарзда иштирок қилади.

Гулнора Бобожонова “Журналист савол қўяди ва жавоб олади. Журналист бу жавобларни бошқа маъно касб қилмайдиган тарзда ëйинлаши лозим. Шарафсиз журналистлар эса бунинг аксини қилади. Улар ҳақиқатни ëлғонга айлантиришади. Улар буютма бажаришади” дейди.

Ҳақиқатни ëлғонга айлантирувчи журналистлар?

Ҳақиқатни ëлғонга айлантирувчи журналистлар? Жиноий буюртма бажарувчилар? Бу хоним кимни назарда тутмоқда? Кимга шама қилмоқда? Унинг ҳамкори Немис тўлқини Ўзбек тоталитар режимига эркин матбуотдан кўра яқинроқми?

Бу саволимизга “Немис тўлқини” мактуб орқали расмий жавоб йўллади.

- Бобожонова хоним биз билан телефон суҳбатида фильм ҳақидаги суҳбатдан ўзини олиб қочди.

Мактуб давомида мана бу гап ҳам бор.

- Интервьюнинг Озодлик радиосига қарши фильмда фойдаланганидан хоним сал кейинроқ хабар топган.

Демак, англашилмовчилик. Журналистикадан сабоқ берувчи хоним тарғибот машинаси тузоғига илинганми? У хоним қурбон холосми?

Озодлик мухбири Ҳурмат Бобожон гапиради.

- Мен юз фоиз аминманки, бу хоним нима деяëтганлигини ва кимга қарши гапираëтганлигини яхши англаган. Фақат у Озодлик радиосининг номини тутмади. Аммо шуниси аëнки, у мустақил ва мухолиф журналистларга қарши бўҳтон маъракада иштирок этди.

Кушхонага элтувчи гуноҳ эчкиси

Ўзбек махфий хизмати қидирувида бўлган “Немис тўлқини” ҳамкори Елена исмли журналист, ҳозирда Европадан сиëсий бошпана топди. Репрессив режим қаршисидаги қўрқув боис, яқинлари ва қариндошларини ўйлаб, Елена номаълум қолишни маъқул кўрди.

- Биз қийин ва хатарли шароитда ишлаймиз. Гулнорага ўхшаганлар эса фақат пул топишни ўйлашади. Фақат пул топишни. Нега у Ўзбек давлат ТВсида гапиргани учун ғарбдан пул олади? Буни ҳеч тушунмайман. Ҳар ҳолда Гулноранинг ўзининг айтганлари, журналистлар учун ëмон оқибат касб қилишини яхши билади, дейди Елена.

Еленанинг мамлакатни тарк қилганига бир йил бўлди.

Ўзбек махфий хизматлари унинг хорижиий нашр билан яширин ҳамкорлик қилаëтганини билиб қолган. Еленага кўра, айнан Гулнора Бобожонова МХХга у ҳақда хабар берган. Унинг таъқиб қилинишига ва оқибатда саргардон бўлишига Гулноранинг чақимчилиги сабаб бўлган. Бу икки аëл ОАВ учун семинарда танишиб қолишган.

- Гулнора менинг биографиямни сўраб олди. Шунчаки лойиҳа учун зарур, деди. Режалаштириш учун. Сал ўтмай мени ҳибсга олишди. МХХ ходими Гулнорага берган биографиямни бурнимга тираб, “Сенинг хориж ОАВсида ишлашингни биладиганлар бор” деб ўшқирди. “Сенинг журналист ҳамкорларинг орасида бизникилар ҳам бор” деди. Ўшанда менда савол туғилди. Қандай қилиб менинг Гулнорага берган биографиям МХХ қўлига тушди? Қандай? Ахир мен уни ягона нусхада фақат Гулнорага берган эдимку!? Бошқа ҳеч кимда бу ҳужжат йўқ эдику!, дейди Елена.

Шубҳали ҳамкорлар

Шубҳали ҳамкорлар, бу мамлакатда сизларга ишониб бўладими? Бу савол жавоби Ўзбекистонда ҳаëт ва ўлим масаласидир. Шубҳали ҳамкорлар Немис тўлқинига бўлган ишончга ҳам путур етказишди.

- Мен Европа ҳамжамиятини ҳам, “Немис тўлқини”ни ҳам тушуна олмайман. Бир томондан улар яхши ишлар қилишади. МОдаги мустақил журналистларни қўллаб-қувватлашади. Бошқа тарафдан Гулнорага ўхшаганлар билан ҳамкорлик қилишади. Бу ерда тилим танглайимга тиқилади, дейди Елена.

- Бу ҳолат мустақил журналистлар ғазабини қўзғатади. Эркин матбуот учун ажратилган кўмак пуллари эркин сўзни бўғиш учун журналистларга қарши қўлланилади, дейди Озодлик мухбири Ҳурмат Бобожон.

Сўнгсўз ўрнида

Бугун яна бир бора эслаймиз. Рус журналисти Анна Политковская қатл қилинганида, жамоатчилик жунбушга келган эди. Эслаяпсизми, 2 йил олдин ҳукумат танқидчиси бўлган аëл шафқатсизларча отиб ўлдирилган эди.

Жозеф: - У жасур журналист эди. У дунëдаги кўпчилик журналистлар учун ўрнак эди. Анна Политковская ўлди, аммо рус ҳукумати учун бош оғриғи бўлди. Ҳукумат у қолдирган саволларга жавоб беришни истамаяпти. Уни икки йил бурун ўлдиришди. Бугун жараëн бошланди. Бу қотилликда айбланувчилар - икки ака-ука чечен, бир нафар миршаб, бир нафар ФСБ ходими. Ҳукумат жараëн ошкора бўлишини ваъда қилди. ОАВ нинг жараëнга қизиқиши катта. Аммо кўпчилик кутган ҳолат яна юз берди. Суд ҳаками журналистлар чиқиб кетишини, микрофонлар ўчирилишини, камераларнинг кўзлари ëпилишини талаб қилди. Ҳакамнинг бу қарори журналистлар қаҳрига дучор бўлди.

- Мен бу қарорнинг сиëсий буюртма эканлигига ишонаман. Шу тариқа суд махфий хизмат ходимлари қилмишларини эл кўзидан яширди, дейди Анна Политковскаянинг ҳамкасби, “Новая газета” нашрининг мухбири Дмитрий Муратов.

Анна Политковскаянинг қатли устидаги ғилоф янада қалинлашди. Бу - эркин сўз устидаги ғилофдир.

(Абдулла Искандар таржимаси )

XS
SM
MD
LG