Линклар

logo-print

"Озод қилиш учун қамашмади "

  • Ҳурмат Бобожон

"Аъзам Турғуновни чиқариш учун қамашгани йўқ. Нима баҳона бўлса ҳам Аъзам Турғуновни барибир қамашарди", - дейишмоқда умидсизликка яқин бир руҳда Турғуновнинг салафлари.

"Аъзам Турғуновни чиқариш учун қамашгани йўқ. Нима баҳона бўлса ҳам Аъзам Турғуновни барибир қамашарди", - дейишмоқда умидсизликка яқин бир руҳда Турғуновнинг салафлари.

28 ноябр куни Қорақалпоғистон Олий судида ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов ҳимоячилари киритган даъво аризасининг кўриб чиқилиши кутилмоқда.

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Аъзам Турғунов октябр ойида товламачиликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Ҳуқуқ ҳимоячиси адвокатлари суднинг қарори асоссиз дея, юқори турувчи маҳкамага шикоят аризаси билан мурожаат этишган эди.

Адвокат Рустам Тўлагановнинг айтишича, “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Аъзам Турғунов иши бўйича апелляция тартибидаги маҳкаманинг жума куни Қорақалпоғистон Олий суди биносида бўлиши белгиланган.

Октябр ойида Манғит туман суди таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли ва мухолифатдаги “Эрк”" партияси аъзоси Аъзам Турғуновни ўн йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.

Турғуновнинг ҳимоячилари Рустам Тўлаганов ва Сурат Икромовлар суд арафасида Нукус шаҳрига етиб келишган ва улар ҳуқуқ ҳимоячисига қўйилган абловларнинг мутлақо олиб ташланишига эришишмоқчи.

Рустам Тўлаганов гапиради.

- Бошида ҳам айби йўқ деганмиз. Унинг устига иссиқ сув қуйиб юборишган, азоб беришган, қийноқлар бўлган. Ўша нарсани ҳозир ҳам талаб қилиб тураверамиз. Айби йўқ деб турибмиз. Агар айби бўлганда, ўша пайтда бошқача бўларди. Шунинг учун битта талаб - озод қилиш.

Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов ҳам Турғуновга қўйилган айблар бўҳтон эканини айтади. Унга кўра, ҳуқуқ фаолининг ҳибсга олиниши ва 10 йилга маҳкум этилиши инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти билан боғлиқ. Бу иш буйруқ бўлгани учун Турғуновнинг суд залидан озод этилиши даргумон, дейди Сурат Икромов.

- Ҳамма ҳаракатлар қилинади¸ албатта. Лекин апелляция судида унақа жуда катта умидга ишониш қийин.

Аъзам Турғунов сўнгги йилларда Қорақалпоғистондаги маҳаллий куч ишлатар тизимлари муносабатидан норози фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган.

У шу йилнинг 11 июл куни Нукусдаги фуқаро маҳкамасида ҳимоячи сифатида иштирок этиш учун борган пайт ҳибсга олинган эди. У уйсиз қолганидан шикоят этган қорақалпоғистонлик аёлнинг ҳимояси учун йирик миқдордаги пулни товламачилик йўли билан олганликда айбланди. Адвокат Рустам Тўлагановнинг айтишича, бу уйдирма.

- Пул олинмаган, яъни Аъзам Турғунов томонидан пул олинмаган. У пакет жабрланувчида бўлган. Пул тўғрисида бу ерда муаммо йўқ. Техпаспорт ҳам ўшанинг қўлида бўлган. Муаммо шундаки¸ бу буюртма бўлган ва буюртма бажарилган.

Ўзбекистон мухолифати фаолларидан бири Дилором Исҳоқова ҳам Аъзам Турғунов касбий фаолияти учун жазоланганини айтади.

- Аъзам Турғуновни чиқариш учун қамашгани йўқ. Нима баҳона бўлса ҳам Аъзам Турғуновни барибир қамашарди. Бу¸ албатта¸ унинг инсон ҳуқуқлари билан олиб бораëтган фаолияти ва сиëсий фаолиятига боғлиқ нарсалар. Фақат шунинг учунгина Аъзам Турғунов бугун қамоқхонада.

Қатор халқаро ташкилотлар, жумладан Ҳюман Райтс Уотч Ўзбекистон ҳукуматидан Аъзам Турғуновни озод этишни талаб қилган.

Ташкилот Турғуновга нисбатан чиқарилган ҳукмни Ўзбекистондаги адолат учун фаолият олиб бораётганларга аччиқ огоҳлантириш, дея таърифлаган.
XS
SM
MD
LG