Линклар

Айблов Покистон томон оғмоқда


Жума куни Ҳиндистон махсус аксил-террор бўлинмалари Мумбайдаги меҳмонхона ва яҳудий марказини террорчилардан озод қилиш амалиëтларини давом эттирдилар.

Жума куни Ҳиндистон махсус аксил-террор бўлинмалари Мумбайдаги меҳмонхона ва яҳудий марказини террорчилардан озод қилиш амалиëтларини давом эттирдилар.

Махсус аксил-террор кучлари Ҳиндистон молия маркази Мумбайни террорчилардан тозалашга уринаëтган бир пайтда¸ мамлакат сиëсатчилари ва матбуоти мазкур террор ҳужуми ортида ким турибди¸ деган саволга жавоб изламоқда.

Аксар ҳинд таҳлилчилари¸ Мумбайда бир пайтнинг ўзида ғарбликлар билан гавжум икки ҳажаматли меҳмонхона¸ кафе ва яҳудий марказига қилинган ҳужум ортида Лашкар-и-Тойиба жиҳодий гуруҳи турганини тахмин қилмоқда.

Хусусан¸ нуфузли “Ҳиндустан Таймс” газетасининг ëзишича¸ мамлакат хавфсизлик агентликлари Мумбай ҳужумларини маркази Покистонда жойлашган Лашкар- и-Тойиба амалга оширганига ишонишларини ëзди.

АҚШ янги президенти Барак Обамага Жанубий Осиë масалалари бўйича маслаҳатчилик қилаëтган Брюс Райделнинг “Ал-Қоидани излаб “ номли янги китобида ëзилишича¸ Лашкар-и-Тойиба гуруҳи 1980-йиллар охирида Усама бин Ладин томонидан Покистон махсус хизматлари сўровига мувофиқ ташкил этилган ва гуруҳнинг асосий мақсади Кашмирдаги Ҳиндистон ҳукмронлигига барҳам беришдан иборат.

Чоршанба тунда бошланиб¸ ҳали ҳам давом этаëтган Мумбайдаги қуролли тўқнашувлар ортида Покистон махсус хизматлари қўли бор¸ деган иддао иккаласи ҳам ядровий қудратга эга Дели ва Исломобод ўртасида янги кескинлик яратди.

Ҳиндистон Бош вазири Манмоҳан Сингҳнинг террорчиларга қарата йўллаган огоҳлантируви¸ “қизим сенга гапираман¸ келиним сен эшит” қабилида¸ Покистон раҳбариятига қаратилди.

- Мамлакат ташқарисида туриб¸ бу ҳужумларни амалга оширган гуруҳ очиқдан-очиқ Ҳиндистон тижорат пойтахтида саросима уйғотишни мақсад қилган. Биз қўшниларимизни улар ҳудудидан бизга қарши ҳужум уюштиришда фойдаланишга тоқат қилмаслигимиздан қаттиқ огоҳлантирамиз. Агар бундай амалиëтни тўхтатиш учун мақбул чоралар қўлланмаса¸ бу уларга қимматга тушиши мумкин¸ - деди жумладан Ҳиндистон бош вазири Покистон номини тилга олмай туриб қилган баëнотида.

Уч кун ичида камида 140 одам ҳаëтига зомин бўлган Мумбайдаги террор ҳужумлари учун ўзини Деккан Мужоҳиддин деб атаëтган номаълум гуруҳ маъсулиятни зиммасига олди.

Маҳаллий телеканалларга қўнғироқ қилиб¸ ҳукумат билан гаплашишни талаб қилган икки мужоҳиддин¸ Ҳиндистон ҳукуматининг мусулмонларни камситаëтгани ва Кашмирдаги адолатсизликлардан шикоят қилди.

- Кашмирда қанча одам ўлдирилганидан хабарингиз борми? Ҳиндистон армияси мусулмонларни қандай қираëтганини биласизми? – деган саволларни ўртага қўйди ўзини Деккан Мужоҳиддин вакиллари деб таништирганлар.

Миллий хавфсизлик бўйича таҳлилчилар фикрича¸ ҳозирга қадар мавжудлигини биров билмаган бу гуруҳ¸ Ал-Қоида ëки бошқа йирик террор тармоғининг Мумбайдаги кенг кўламли ҳужумларни амалга ошириш учун махсус ташкил этилган бўлинмаси бўлиши мумкин.

Бу ҳужумлардан мақсад эса¸ таҳлилчилар фикрича¸ Ҳиндистон ва Покистон ўртасида кейинги пайтларда сал юмшай бошлаган муносабатларни яна уруш ëқасига келтириш ва АҚШ нинг бу икки давлат ўртасидаги эски ғанимликни камайтириб¸ минтақадаги террор гуруҳларига кескин зарба бериш режасини чиппакка чиқариш бўлиши мумкин.

Шу боис¸ мустақил кузатувчилар¸ Дели ва Исломобод расмийларини босиқликни сақлаш ва бир-бирини айблаш ўйинини қайта бошлаб юбормасликка чақирмоқдалар.

Аммо таҳлилчилар¸ агар Мумбайдаги кенг кўламли¸ яхши уюштирилган ҳужумларда Покистон махсус хизматларининг қўли борлиги ҳақидаги шубҳа ўз тасдиғини топса¸ икки ғаним давлат яна қайта ядровий уруш ëқасига келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқдалар.

Ҳиндистон матбуоти ва сиëсатчиларининг Мумбай ҳужумларини ҳозирлашда Покистон махсус хизматлари иштирок этган¸ деган тахминлари Исломобод томонидан кескин рад этилмоқда.

Мумбайдаги қонли ҳужумларни кескин қоралаган Покистон раҳбарлари¸ хусусан мамлакатнинг АҚШ даги элчиси Ҳусайн Ҳаққоний ҳали тергов жараëни бошланмай туриб¸ айбни Покистонга юклашни тўхтатишга чақирди.

- Ўзи ҳам террорчилик қурбони бўлган қўшни давлат зарарига сиëсий очко йиғиш ўрнига Ҳиндистон раҳбарлари Покистоннинг сайланган етакчилари билан террорчиликкка қарши биргаликда курашиш устида ишласа¸ мақсадга мувофиқ бўларди¸ деди Покистон элчиси жумладан.
XS
SM
MD
LG