Линклар

"Хонлар ўтар¸ тахт ўтар..."

  • Абдулла Искандар

Хоразм булбулларидан бири бўлмиш Ортиқ Отажонов ўзбекистонликларнинг бир неча авлоди учун севимли қўшиқчи бўлиб қолаëтир.

Хоразм булбулларидан бири бўлмиш Ортиқ Отажонов ўзбекистонликларнинг бир неча авлоди учун севимли қўшиқчи бўлиб қолаëтир.

Инсон умри поëнли, қўшиқ умри поëнсиз. Қўшиқ қандай яралади? Қай синоат боис қўшиқ эл оғзига тушади? Нега биз эски оҳанглардан айрилгимиз келмайди, нега уларни доимо ичимизда хиргойи қиламиз? Чодирхаëлнинг “Таниш қўшиқлар” деб номланган саҳифасида ана шулар ҳақида гапирамиз.

Саҳифамизга шоир Омон Матжон шеърига басталанган “Умр ўтар” қўшиғи мавзу бўлди.

Умр ўтар, вақт ўтар,
Хонлар ўтар, тахт ўтар,
Омад ўтар, бахт ўтар,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ëдимдан
Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг¸
сенинг кулишларинг.

Қўшиқ ижрочиси, Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов, “Умр ўтар” қўшиғининг яралиш тарихидан гапиради.

Ортиқ Отажонов: Хоразмда бир дўстимиз ўғлига суннат тўйи қилган пайтда, энди ўша тўйнинг эгасига ўртоқ бўлганимиздан кейин, Отажон Худойшукуров билан хизматда эдик. Ўша тўйда Отажон Худойшукуров Омон Матжоннинг шеърини чўзиқ оҳангда ашула қилиб айтиб қолди. Ўша ерда оғайнилар билан бирга ўтирган эдик. Улар “Сўзлари яхши эканку, лекин куйи унчалик бўлмапти. Тўғри келмабди¸” дегандан кейин бу менга туртки бўлди. Мен бунинг сўзларини эшитиб ўтирдимда...

Озодлик: Қайси йили бу?

Ортиқ Отажонов: 1981 йилда. Кейин Хоразмдан Тошкентга келиб¸ Омон Матжоннинг олдига бордим. Мен “Шунақа шеърингиз бор экан. Отажоннинг айтганини эшитиб қолдим. Шу шеърни менга беринг. Менда бир тайëр куй бор” десам, “Майли¸ биратўла сиз билан танишганимиз бўлсин¸” деб Омон Матжон менга китобини совға қилди.

Ўзи олдиндан ўзимнинг ичимда куй юрган эди. Шунга мен шеър танлаб юрган эдим. Келиб китобдан ўша шеърни топиб, ўша мусиқага солдим. Кейин 1981 йилдан 1982 йилга ўтар кечаси¸ яъни янги йил кечаси шу қўшиқни телевидение орқали айтдим. Шу билан одамлар орасида тарқалиб кетди бу қўшиқ.

Қўшиқ бўлиб эл оғзига тушган “Умр ўтар” шеърининг муаллифи таниқли шоир Омон Матжонга ҳам қулоқ тутамиз.

Омон Матжон: Биринчи марта уни Отажон Худойшукуров айтган. Кейин Ортиқ айтди, бошқалар айтишди. Ҳаммасининг кўнглига тушган экан раҳмат. Ичига¸ кўнглига туккан эканда. Ҳар бир артистнинг, актëрнинг юраги борку. Эл-юртга ëққан бўлса¸ бўлди-да.

Озодлик: Ўзингизга ëқдими?

Омон Матжон: Ҳа, албатта. Ҳаммасиники ëқади. Уни Ғуломжон ҳам айтди. Оталарига раҳмат ҳаммасининг. Эътибор бериб шеъримизни олибди, ўқибди.

Озодлик: Мен бу шеърни китобда ўқиганимда¸ менга бошқача таъсир қилган. Қўшиқда эса бошқача таъсир қилди.

Омон Матжон: Энди у кўп маъноли бўлиши керак. Айтаяпманку, ҳар ким ўз юрагига ëққан тарафини олиб олади. Ҳар адиб ўзича мавзу қидиргандай ҳар ҳофиз ҳам ўзича шеър, матн танлайди. Мен бунинг учун уларнинг ҳаммасидан миннатдорман.

Озодлик: Сўзларни айнан бузмасдан талаффуз қилишаяптими?

Омон Матжон: Йўқ, битта яримтасини ўзгартиришса¸сўрашади. Улар сўраб айтишади-да.

Озодлик: Мана Худо раҳмат қилсин Отажон ака билан дўст эдингиз. Ортиқ ака билан ҳам муносабатлар борми? Яъни шеър қўшиқ бўлаëтганда маслаҳат қиласизларми?

Омон Матжон: Албатта. Унинг ижодини ҳам яхши кўраман мен. Ҳаммалари Хоразмнинг буюк ҳофизлари. Соғ бўлишсин. Ижодларига одамларнинг эътибори янада кўпроқ кирсин. Одамларнинг қалбларида яшасин. Худо хоҳласа шундай бўлади ҳам.

Озодлик: Нима учун шунча яхши шеърлар ëзиладию, биттаси ашула бўлади?

Омон Матжон: Матн қўшиққа мос бўлиши керакда. Шунда у дилдан ўйнаб чиқади. Халқимизнинг бой мероси борку. Халқ оғзаки ижодини варақласангиз¸ эҳе¸ бир дунë оламни кашф қилаверасиз.

Озодлик: Шеърда “хонлар ўтар, тахт ўтар” деган сатр бор. Шеър эълон қилинган 1979 йилдан бери қанча ҳукмдорлар бу заминни тепкилашди. Қўшиқ ëзилганда Леонид Брежнев, Шароф Рашидов каби раҳбарлар бор эди. Кейин улар раҳматли бўлишди.

Улардан кейин иқтидорга келган Черненко, Андропов каби ҳукмдорлар ҳам дорил бақога кетишди. Қўшиқнинг бу сатрлари бугунги хонлар ҳам бир рўë каби ўтиб кетишига ишора қилмаяптими, деб сўраймиз Омон Матжондан.

Омон Матжон: Йўқ. Замондаги бирон нарсага менда шубҳа йўқ. Бу энди фалсафий гапда. Ҳамма адибларимиз томонидан фалсафанинг турлари ҳақида жуда кўп фикрлар айтилган. Ҳаëт ўзгаради, инсонлар ўзгаради, болалар катта бўлади, катталар яна катта бўлади.


Озодлик:

Баҳорда боғ на гўзал,
Бу ëшлик чоғ на гўзал.

Бу шеърингиз севган қизингизга аталган шекилли, ҳар ҳолда сатрлар остида армонларингиз кўмилгандай тасаввур қолаяпти.

Омон Матжон: Энди севгининг мазмуни жуда улуғ, рангбаранг. Шунинг учун улуғ одамлар, улуғ муҳаббат. Мана ҳаëтда ҳам қўшганимиз билан қўша қариб юрибмиз.

Озодлик: Ëшлигингизда сизни анча шўх бўлган дейишади.

Омон Матжон: Энди ҳар нарса бўлиши мумкин. Биз одам фарзандимиз.

Умр ўтади, вақт ўтади, аммо ëшликдаги фароғат дамлари ҳеч унутилмайди. Атлас кўйлакнинг шитирлаши, атиргуллар ифори, осмондаги заҳа еган яримтагина ой.

Ортиқ Отажонов: Менинг 1000дан зиëд ашулам бор. Лекин мана шу ашула кўпчиликнинг юрагига жойлашиб қолган ашула бўлди. Ўз даврида жуда ëқиб кетди. Янги йил кечасига жуда мос келиб қолди.

Ўзбекистон телевидениесининг ўша пайтдаги раҳбари Убай Бурҳонов шу ашулани эшитиб кўриб, бадиий кенгаш аъзолари “Жуда оғир экан. Бу ашула янги йил кечасига тўғри келмайди” деб турган пайтда, Убай ака “Айнан шу кечага шу ашула тўғри келади. Шуни берайлик. Бу пайт халқимизнинг дам олиб ўтирган пайти бўлади. Дам олаëтган пайтда мос ашула экан” деб айтиб, шу билан эфирга беришди.

Ашула яхши бўлса, у юрт танламайди. Санъат бу чегарасиз нарса. Санъат бу тилсиз нарса. Санъат дунëвий тилда. Санъат бутун дунëда бир хил нотага эга бўлган нарса. Агар куйи, овози ëқса, бошқа миллат вакиллари ҳам эшитаверади. Унинг маъносини кейин сўраб билиб олаверишади.

Озодлик: Шу қўшиқни айтаëтган пайтингизда кўзингизнинг олдидан нималар ўтади?

Ортиқ Отажонов: Мана шу ашулани мен мана 27 йилдан бери айтиб келаëтган бўлсам, менинг мухлисларим залда ўтиради. Тўйда, зиëфатда ўтиришади. Шу ашулани сўрашган пайтда уларнинг ҳам, ўзимнинг ҳам ëш пайтим кўз олдимга келиб кетади.

Мен баъзи бир хонадонларнинг 5-6 тўйларида қатнашганман. Неварасининг тўйларигача қатнашганман. Дейлик¸ битта залда 5-6 марталаб концертлар берганман. Ўша туманнинг, ўша шаҳарнинг одамлари келиб залда ўтирган пайтда, мен тўлқинлана бошлайман. Юрагим эзилиб, кўзларимга ëш тўлиб кетади. Чунки ҳалигача шу ашулани сўрашади.

50-60 ëшга кирганлар ҳам ҳурмат қилиб келиб, эшитиб ўтиришади. Одам хурсанд бўлиб кетасан. Шунча йилдан бери ашулангни эшитиб, ҳурмат қилсалар, “Раҳмат, барака топинг” десалар, шунинг ўзи катта бахт.

Шу ашулани мен неча марта ўзгартириб айтган бўлсам, кучим етганда бошқа нарсалар қўшиб айтаман. Тўлқинланиб кетаман. Чунки мен ижодкорман. Ўз маҳсулотимни халққа ўзим етказиб бераман. Шунинг учун ҳам менга кўпинча халқ туртки беради, кўз-кўзга тушади. Меҳр кўзда дейишадику. Кўз олдимда ҳаëтнинг ўтиб бориши гавдаланади. Бир хил пайтларда бўшашиб, юрагим тўлқинланиб айта олмай қоламан.

Умр ўтар, вақт ўтар,
Хонлар ўтар, тахт ўтар,
Омад ўтар, бахт ўтар,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ëдимдан¸
Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг
сенинг кулишларинг

Баҳорда боғ на гўзал,
Қор ëғса тоғ на гўзал,
Бу ëшлик чоғ на гўзал,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ëдимдан,
Сўзсиз қарашларинг, ҳолим сўрашларинг.
ҳолим сўрашларинг.

Ой чиқар гоҳ заҳоли,
Дўстлар кўп вафоли,
Ҳаëт шундан сафоли,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ëдимдан,
Секин сўзлашларинг, пинҳон излашларинг,
пинҳон излашларинг.

Умр йўл, қайрилиш кўп,
Учрашиш, айрилиш кўп,
Унутиш, айрилиш кўп,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ëдимдан,
Ўша кулишларинг, ўша келишларинг,
ҳолим сўрашларинг,
сенинг юришларинг.
XS
SM
MD
LG