Линклар

Тожикистон вақт ва пул сўрамоқчи

  • Гулнора Равшан

Тожик расмийлари 15 миллион кв/м майдонни минадан тозалаш учун мамлакатда пул ҳам, вақт ҳам йўқлигини билдирмоқдалар

Тожик расмийлари 15 миллион кв/м майдонни минадан тозалаш учун мамлакатда пул ҳам, вақт ҳам йўқлигини билдирмоқдалар

Тожикистон ҳудудида тахминан 15 миллион квадрат метрдан ортиқ майдон минадан тозаланмай қолаяпти.

Тожикистон миналарни зарарсизлантириш маркази раис ўринбосари Парвиз Мавлонқулов Озодлик мухбири билан суҳбатда бунинг сабабларига тўхталди:

- Оттава конвенцияси талабларига мувофиқ, Тожикистон 2010 йил 1 апрелига қадар ўз ҳудудини миналардан батамом тозалаб улгуриши керак. Аммо маблағ, техника ва ишчи кучларининг етишмаслиги сабабли биз бу муддатда миналарни зарарсизлантириш ишларини поёнига етказа олмаймиз. Шу кунга қадар Тожикистон ҳудудида аниқланган 52 миллион квадрат метр мина майдонларининг тахминан 42 миллиони миналардан тозаланди. Қолган 10 миллион квадрат метр майдон ҳамда тожик-афғон чегарасидаги 5 миллион квадрат метр, жами 15 миллион квадрат метр майдонда пиёдаларга қарши миналар мавжуд. Келгуси 2 йил мобайнида биз бунча майдонни миналардан тозалай олмаймиз. Шуни назарга олган ҳолда, Тожикистон Бирлашган миллатлар ташкилотидан миналарни зарарсизлантириш дастури муҳлатини яна 5 йилга узайтириш ва қўшимча маблағ ажратишни сўради, - деди Тожикистон миналарни зарарсизлантириш маркази расмийси Парвиз Мавлонқулов.

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегара ҳудудларига бундан 9 йил аввал пиёдаларга қарши кўмилган миналарни зарарсизлантириш ишларидаги муаммоларга тўхталар экан, Парвиз Мавлонқулов:

- Тожикистон ва Ўзбекистон чегараларида кўмилган миналарни зарарсизлантириш борасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик йўлга қўйилмаган. Умуман олганда, Тожикистон ҳудудини пиёдаларга қарши миналардан тозалашда Ўзбекистон билан чегараларимизда кўмилган майдонлар назарда тутилмаган. Марказимиз томонидан 2003-2004 йилларда ўтказилган бир неча тадқиқотлар натижасида Ўзбекистон билан чегараларимизда 57 та хатарли мина майдонлари аниқланган эди. Аммо, афсуски, Ўзбекистон томони мутахассисларимизга чегарага яқинлашишга рухсат бермагани туфайли бу майдонлар масофаси аниқланмай қолган. Ўйлайманки, икки давлат ўртасидаги сиёсий масалалар ўз ечимини топмагунга қадар биз бу ҳудудларда фақат аҳолини огоҳлантириш ишлари билан чекланиб турамиз, холос, - дея таъкидлади.

Тожикистон миналарни зарарсизлантириш маркази расмийсининг билдиришича, ўтган шу давр ичида Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарасида кўмилган пиёдаларга қарши миналардан 80 нафар тожикистонлик ҳалок бўлган, 100 нафари эса мажруҳ бўлиб қолган.

Қайд этиб ўтиш жоизки, ўзбек-тожик чегараларида кўмилган миналардан, асосан, Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош бўлган Сўғд вилояти аҳолиси зарар кўрмоқда.

Исломий гуруҳлар ва халқаро террорчиларнинг Ўзбекистон тупроғига ўтиши олдини олиш мақсадида кўмилган миналардан оддий аҳоли, аксарияти ўтин териш, мол боқиш учун чиққан сўғдлик болакайлар жабр кўраётгани борасида кўплаб маротаба айтилган.

Сўғд вилоятидаги Исфара туман Лаккон қишлоқ кенгаши котиби Ҳошимжон Мелибоев тожик-ўзбек чегаралари миналардан тозаланмай, балки аҳоли орасида огоҳлантириш ишлари олиб бориш билан чекланилаётгани боис миналар хавфи сақланиб қолаётганидан ташвиш билдирди:

- Биргина бизнинг Лаккон қишлоғимизда шу кунга қадар 11 киши миналардан зарар кўрди. Шундан уч нафари нобуд бўлди, 2 нафари ногирон бўлиб қолди, қолганлари енгилроқ жароҳат олишди. Аҳоли орасида тушунтириш ишлари жуда кўп олиб борилади. Ҳатто бир-икки марта уйма-уй юриб, 7 ёшдан 70 ёшгача ва ундан ҳам катта ёшдаги кишиларни миналар хавфидан огоҳлантириб, имзо ҳам қўйдириб олдик. Чегараларга огоҳлантирув тахтачаларини ўрнатиб чиқдик. Аммо, шунга қарамай, минага учиш ҳолатлари ҳали ҳам қайдга олиниб турибди. Яна бошқа ёмон томони шундаки, Ўзбекистон билан чегарамиз аниқланмаган. Чегаралар қаерда алмашинилади, уни ҳеч ким билмайди ва натижада, кўп ҳолларда, болакайлар билмай, мина майдонларига кириб қолишади, - дейди Ҳошимжон Мелибоев.

Суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон маҳаллий ҳокимиятлари билан бу борада ҳамкорлик мутлақо йўлга қўйилмаган.

- Аммо сўнгги вақтларда Ўзбекистон билан муносабатларимизда, айниқса, иқтисодий масалалардаги ҳамкорликда бир оз бўлса-да, илиқлик сезилади. Масалан, Ўзбекистон Туркманистон электрини ўз ҳудуди орқали вақти-вақти билан узатиб тургани сабабли электр таъминотида узилишлар бўлмаяпти. Ҳар куни 3 - 4 соатдан ёруғлик ва иссиқлик билан таъминланиб турибмиз. Зора, Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари чегараларни миналардан тозалаш ишларида Тожикистон томонининг таклифларини эътиборга олса-ю, фуқароларимиз жону молига зомин бўлаётган хатарлар ҳам тезроқ бартараф қилинса, -дейди Лаккон қишлоқ кенгаши котиби.

Мелибоевга кўра, бу Сўғд вилояти расмийларининггина эмас, балки каттаю кичик тожикистонликнинг кўп йиллик орзуси.

XS
SM
MD
LG