Линклар

logo-print

Россияда ўзбекларга ҳужум кўпаймоқда


Кузатувчилар Россиядаги меҳнат муҳожирларини қўрқитиш тадбирлари ортида Москва расмийлари турганига шубҳа қилмайдилар

Кузатувчилар Россиядаги меҳнат муҳожирларини қўрқитиш тадбирлари ортида Москва расмийлари турганига шубҳа қилмайдилар

Россияда жорий йил бошидан буён миллатчилик негизида Ўзбекистоннинг йигирмадан зиёд фуқароси ўлдирилган, ўттизга яқини оғир жароҳат олган.

Кейинги беш йил давомида бу мамлакатда жами 300 га яқин одам рус миллатчилари қурбони бўлган.

Россияга мардикорлик қилиб пул топиш учун келган қўқонлик 22 ёшли Зикриёхон Жалилов тақирбошлар томонидан ҳеч бир сабабсиз калтакланиб, бахтли тасодиф туфайлигина тирик қолди.

- Бу Подмосковьеда бўлган. Электричканинг ичидан тушириб уришди. Фақат “чëрнийлар”¸ “чурки” дейишди. Улар 10 тача атрофида эди. Темир билан уришди. Юзимда ва оëғимда чандиқ қолган, - дейди Зикриёхон.

Россияда миллатчилик негизидаги ҳужумлар натижасида бу йигит сингари жабрланган Ўзбекистон фуқаролари кўпчиликни ташкил қилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси эксперти Семён Чарний маълумотига кўра, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида 17 нафар ўзбек рус миллатчилари ҳужуми натижасида ўлдирилган, 22 нафари оғир жароҳатланган.

Ноябр ойида ҳам уч нафар ўзбекнинг рус ирқчилари қурбони бўлгани ҳақида маълумотлар бор.

Москвадаги “Сова” ахборот-таҳлилий маркази тарқатган маълумотларга кўра, 4 ноябр куни яна бир ўзбекистонлик скинхедлар томонидан ўлдирилган.

25 ноябрда эса Москва шаҳрида қоровул бўлиб ишлаётган ўзбекни пичоқлаб ўлдиришди. 29 ёшли ўзбекистонлик аёл ҳам қорни ва кўкрагига пичоқ урилгани боис шифохонада оламдан ўтди.

Семён Чарний жорий йилда Россияда миллатчилик негизида жами 300 га яқин жиноят содир этилганини айтади.

- Жорий йилда миллатчилик негизидаги хужумлар натижасида жами 113 одам оламдан ўтган, 540 киши оғир жароҳатланган. Уларнинг аксарияти Марказий Осиёдан, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Россияда яшаётган ўзбекистонлик Абдуғаффор аканинг айтишича, бу мамлакатда меҳнат қилаётган ўзбек мардикорлари доимий қўрқув остида яшашга мажбур бўлишмоқда.

- Тақирбошларга дуч келган нафақат ўзбеклар¸ балки ҳамма – арманлар¸ озарбайжонлар ва бошқалар ўлим билан юзма-юз бўлади. Мана, электричкада биттасини пичоқлаб ташлашган. Бир нечтасини ўлдириб, ташлаб юборишган. Бунақа ҳоллар бу ерда жуда ҳам кўп. Бу нарсадан ҳеч бир миллат ҳимояланган эмас. Балки бу бўлаëтган нарсалар ҳам кимгадир керакдир. Ҳаммаси тепадан назорат остида қилинади, - дейди Абдуғаффор ака.

Аксар экспертлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Россияда ўзга миллат вакилларига нисбатан тоқатсизлик фақатгина безори, тақирбош ёшлар даражасида эмас, балки ҳукуматнинг турли органлари миқёсида ҳам кузатилаётганини эътироф этишади.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев ҳам Россияда миллатчилик ривожланишини Кремл юритаётган сиёсатдан излаш керак, деган фикрда.

- Россия ҳукуматининг тақирбошларга қарши ҳеч қандай иш олиб бормаëтганини сезса бўлади. Милициянинг бунга кўз юмиб туриши уларнинг олиб бораëтган сиëсатдан далолат беради. Кремлнинг кўз юмиши бугунги сиëсатдан келиб чиқиб қилинади, деган фикр туғилади, - дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаоллари тарқатган маълумотга кўра, Россиядаги рус миллатчилари сони тахминан 70 минг нафарни ташкил қилади.

Айниқса, Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида рус ирқчиларининг ҳаракатлари кучайган. Россия ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга мувофиқ, жорий йилда бу шаҳарларда фаолият юритаётган рус миллатчиларининг 12 та жиноий гуруҳи аниқланган. Айни жиноий гуруҳлар томонидан 34 та қотиллик содир қилинган. Қурбон бўлганларнинг 10 нафари ўзбекистонлик фуқаролар бўлган.

XS
SM
MD
LG