Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:31

Иттифоқ бўлмаса¸ эркин савдо ҳудуди бўлсин


Айрим кузатувчилар Назарбоевнинг қозоқ-ўзбек эркин савдо ҳудуди хусусидаги гапини Евросиё иқтисодий ҳамжамиятидан чиққан Ўзбекистонга нисбатан шунчаки дипломатик такаллуф эканини таъкидламоқдалар.
Айрим кузатувчилар Назарбоевнинг қозоқ-ўзбек эркин савдо ҳудуди хусусидаги гапини Евросиё иқтисодий ҳамжамиятидан чиққан Ўзбекистонга нисбатан шунчаки дипломатик такаллуф эканини таъкидламоқдалар.

27 ноябр куни Нурсултон Назарбоев қозоқ-ўзбек эркин савдо ҳудудини ташкил этиш борасида Ислом Каримов ғоясини тўла қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Бундай фикрни Қозоғистон президенти Остона шаҳрида Испания, Куба, Ўзбекистон ва Қатар элчиларига ишонч ёрлиқларини топширган пайтда билдирди.


Жорий йил июл ойида Тошкентда бўлиб ўтган учрашув чоғида Қозоғистон бош вазир ўринбосари Умирзақ Шукеев ўзбекистонлик ҳамкасби Рустам Азимов билан икки давлат ўртасида ўзаро эркин савдо ҳудудини ташкил этиш лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилиши борасида келишиб олган эди.

Ўшанда беш ойлик муҳлат ичида мазкур лойиҳа концепциясини тўла ишлаб чиқишни ўз бўйнига олган икки давлат вакиллари эркин савдо ҳудуди борасидаги ишлаб чиқилиши режалаштирилаётган ҳужжат аввалги лойиҳалардан мутлақо фарқ қилиши ва унда нафақат бож тўловларини бекор қилиш, балки акциз, миграция, товар айланиши, сармоялар ва икки давлат чегараларидаги назорат ўтиш пунктлари ишини тартибга солиш каби масалаларни ҳал этиш кўзда тутилганини маълум қилгандилар.

Бироқ Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийларининг ўзаро эркин савдо ҳудуд ташкил этиш борасидаги келишувлари ҳақида мулоҳаза билдираётган аксар кузатувчилар бундай ҳудуд ташкил этиш ғояси янги эмаслиги ва бу ҳужжатнинг амалда татбиқ этилиши ўта мушкуллигини билдирмоқдалар.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Абдусалом Эргашев бунинг сабабларини шундай изоҳлайди:

- Мана 17 йилдан бери ҳар хил иттифоқлар, ҳар хил уюшмалар, ҳар хил бирлашмалар МДҲ давлатлари ўртасида кўп тузилди. Лекин ҳаммаси декларацив ҳолатда қолиб кетаяпти. Халқ учун, айниқса, Ўзбекистон халқи учун бирор-бир яхшилик ё фойда келтирганини мен, масалан, ўз танамда ҳис қилолганим йўқ. Божхона иттифоқи ёки бўлмасам яқин қўшничилик алоқалари, деб эркин савдо ҳудудини ташкил этиш тўғрисида аввал ҳам кўп гапирилган, - дейди Абдусалом Эргашев.

Ўз навбатида, қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев, икки давлат ўртасида эркин савдо ҳудудининг ташкил этилиши, энг аввало, Ўзбекистон иқтисодига салбий таъсир ўтказиши, шу боис, қўшни мамлакат расмийлари бу ишни иложи борича ортга суришлари мумкинлигини айтади:

- Ўзбек иқтисоди даромаднинг айрим манбаларига таяниши ва божхона тўловлари, ҳақиқатан ҳам, бу даромадларнинг катта қисмини ташкил этиши эътиборга олинса, бу ерда муайян муаммолар бўлиши мумкин деб ўйлайман. Негаки, Ўзбекистон улардан воз кечишни истайдими-йўқми – буни билмаймиз.

Яна бир муаммо шуки, агар икки давлат ўртасида ўзаро эркин савдо ҳудудида ташкил қилинса, Ўзбекистонга қозоқ бизнес тузилмалари кириб келади. Уларда ўзбекистонликларга нисбатан пул ҳам, тажриба ҳам кўпроқ, бу эса худди Қирғизистонда бўлгани каби қозоқ тадбиркорларининг оппа-осонлик билан ўзбек иқтисодининг бир қисмини сотиб олиш хавфини туғдиради, - дейди Сатпаев.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Виктор Ивонин эса икки давлат ўртасида эркин савдо ҳудудининг ташкил этилиши қозоқ ва ўзбек тадбиркорлари ўртасида кучли рақобат келтириб чиқариши ва ўз навбатида, бу рақобатда, айнан кучли тараф енгиб чиқишини таъкидлайди.

Бу таҳлилчига кўра, ҳозирда иккала давлат ҳам бундай органни тузишга тайёр, бироқ бунга баъзи бир техник масалалар тўсқинлик қилмоқда:

- Мен агар бож тўловлари қисқарса, демак, унинг ўрнини қоплайдиган бошқа манба ўйлаб топилиши керак, деб айтгандим. Ё солиқларни ошириш керак, ё бошқа чоралар кўрилмоғи керак. Ўша манбани қаердан топиш ҳақида ўйлаб кўриш лозим, бунинг учун эса муайян бир вақт талаб этилади.

Биз Қозоғистон билан ўзаро эркин савдо ҳудудини тузиш борасидаги ҳужжатни аллақачон имзолаган бўлардик, бироқ бу кейинчалик иқтисодиётга қандай таъсир этиши мумкинлиги юзасидан пухта ўйлаб кўриш керак. Шу каби мулоҳазалар бу жараён секинлаштираяпти, - дейди Виктор Ивонин.

Ўзбекистонлик таҳлилчи фикрича, бу органни ташкил қилиш учун сиёсий ирода намойиш қилинаяпти, бунга иқтисодий жиҳатдан эҳтиёж ҳам бор, шунинг учун бу режа эртами-кечми амалга оширилишига умид қилса бўлади.

XS
SM
MD
LG