Линклар

Ноқонуний мигрантлар ҳомийси қамалди

  • Ҳасанжон

Кейинги ҳафталар ичи Россия¸ хусусан Ростовдаги қурилишларда федерал миграция ходимларининг қурувчилар ҳужжатларини текшириш ҳоллари кун сайин кўпаймоқда.

Кейинги ҳафталар ичи Россия¸ хусусан Ростовдаги қурилишларда федерал миграция ходимларининг қурувчилар ҳужжатларини текшириш ҳоллари кун сайин кўпаймоқда.

Ростов вилоятидаги ўзбеклар уюшмаси раҳбари Йўлдошвой Сидиқов ва унинг икки ўғли ноқонуний миграция уюштирганликда айбланиб¸ ҳибсга олинди.

Россия ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотига кўра, Сидиқовлар бир неча йил давомида юзлаб марказий осиёлик, асосан ўзбекистонлик мигрантларга соxта ҳужжатлар “тўғирлаб берганлик”да айбланмоқда.

Россия Федерацияси прокуратураси ҳузуридаги Тергов қўмитасининг Ростов-Дон шаҳар, Ворошилов тумани Тергов бўлими бошлиғи Александр Липало Озодлик мухбири билан суҳбатда Ростов вилоятидаги ўзбеклар уюшмаси раҳбари Йўлдошвой Сидиқов ва унинг икки ўғли, Нодирбек ва Фазлиддинга нисбатан РФ Жиноят кодексининг 322-моддаси, 1-қисми бўйича жиноий иш очилганини айтди:

- Жиноий иш айнан шу модда бўйича қўзғатилган. Йўлдошвой Сидиқов ва унинг икки ўғли ушбу моддада кўзда тутилган, яъни ноқонуний миграцияни уюштирганлик бўйича айбланмоқда, – деди Ростов-Дон шаҳар Ворошилов тумани Тергов бўлими бошлиғи.

Ота-бола Сидиқовларнинг 2008 йил 3 октябр куни қўлга олинганини айтган терговчига кўра, Йўлдошвой Сидиқов Ростовга келган марказий осиёлик, асосан, ўзбекистонлик мигрантларга соxта ҳужжатлар тайёрлаб бериш билан шуғулланган:

- У вақтинчалик рўйхатдан ўтиш ва кейинчалик фуқаролик учун ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича мигрантларга хизмат кўрсатган. Табиийки, бу ишларнинг ҳаммаси ноқонуний равишда бўлган. Сўнгги икки йил давомида 800га яқин фуқаро унинг хизматидан фойдаланган ва бу ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари назарига тушди, – деди терговчи.

Александр Липалонинг Озодлик радиосига айтишича, Сидиқовлар соxта ҳужжатлар тайёрлаб бериш учун мижозлардан минглаб рубль пул олган. Нархлар эса хизмат турига қараб уч минг рублдан бошланган.

Ростов вилоятидаги ўзбеклар уюшмаси раҳбари бўлгани учун Йўлдошвой Сидиқовни кўпчилик яхши таниган. Шу боис ҳужжат муаммосига дуч келган ўзбеклар ёрдам сўраб унга мурожаат қилишган:

- Ишлашга рухсат берувчи сохта ҳужжатлар тайёрлашган. Ростов вилояти ҳудудидаги ширкатлар билан, аслида амалда мавжуд бўлмаган ширкатлар билан, меҳнат шартномалари тузилган. Сидиқов мигрантларни уй-жой ёки иш билан таъминлаш билан шуғулланмаган. Фақат унга тегишли бўлган хусусий ҳовлидаги икки бинодан бирида кўп сонли мигрантлар яшашган, – дейди Ростов-Дон шаҳар Ворошилов тумани Тергов бўлими бошлиғи.

Агар Сидиқовлар айбдор деб топилса, уларга қандай жазо белгиланиши мумкин?

Бу саволга Александр Липало Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 322-моддаси бўйича жазо белгиланиши мумкин дея жавоб берди:

- Айни модданинг биринчи қисми бўйича жиноий жавобгарлик икки йилгача озодликдан маҳрум этиш, иккинчи қисми уюшган жиноий гуруҳ назарда тутилган, қайсики айнан шу модда Сидиқовлар ишида қўлланилади. Унда жиноий жавобгарлик беш йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этишни назарда тутади, – деди РФ прокуратураси ҳузуридаги Тергов қўмитасининг Ростов-Дон шаҳар Ворошилов тумани Тергов бўлими бошлиғи Александр Липало.
XS
SM
MD
LG