Линклар

logo-print

Митинглар мавсуми бошланди


Қирғиз мухолифатининг бошланажак норозилик намойишларига нисбатан бу гал мамлакат расмийлари томонидан кескинроқ чоралар кўрилиши мумкин

Қирғиз мухолифатининг бошланажак норозилик намойишларига нисбатан бу гал мамлакат расмийлари томонидан кескинроқ чоралар кўрилиши мумкин

Ноябрнинг охирги кунларидан бошлаб Қирғизистонда мухолифат гуруҳларининг норозилик намойишлари ойлиги бошланади.

Қирғизистон бирлашган мухолифатининг 29 ноябрда ўтадиган халқ қурултойи норозилик тадбирлари дебочаси бўлиши кутилмоқда.

Қурултойда мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий вазиятни муҳокама этилиши, президентнинг истеъфога чиқишини талаб қилиниши билдирилган.

Декабрь ойидан эса Қирғизистон Инқилобий қўмитаси, Эрк партияси, Жўмард ватанпарварлик ҳаракати, Қирғизистон мусулмонлар иттифоқи норозилик намойишлари ўтказади.

Ҳукумат қарори билан Бишкек марказий майдонида намойишлар ўтказиш таъқиқланган. Бироқ, шунга қарамай, мухолифат намойишларни айнан бош майдонда ўтказишини эълон қилган.

- Бу қонунга зид эмас. Конституциянинг 25-моддасига зид келмайди. Биз ўз талабларимизни олдинданоқ халққа очиқ айтганмиз. Намойишга камида уч минг одам йиғилиши кутилмоқда, - деди Қирғизистон инқилобий қўмитаси аъзоси Эркин Булекбаев.

Қирғиз мухолифатчилари намойишларни биргаликда эмас, алоҳида-алоҳида ўтказмоқчилар. Бу эса деярли ҳар куни Бишкек бош майдони намойишчилар билан тўла бўлади, деганидир. Кузатувчиларнинг айтишларича, бундан мақсад, ҳукуматга давомли тарзда босим ўтказишдир.

- Қиш қаттиқ келса, электр таъминоти бўлмаса... Бунинг устига қимматчилик, кўмир ҳам йўқ. Албатта халқ кўтарилади, уни ким ҳам тўхтатиб қола оларди. Мухолифат эса халқнинг ижтимоий муаммоларидан ўз сиёсий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида фойдаланади, - дейди сиёсатшунос Бекбўсин Бўрибошев.

Бироқ Қурмонжон Додхоҳ номидаги жамоатчилик жамғармаси раҳбари Жилдиз Жўлдўшеванинг айтишича, омма мухолифатни қўлламаслиги ва намойишларга чиқмай қолиши ҳам мумкин.

- Халқ бу йўлга бормайди, чунки халқ мухолифатнинг тарқоқлигини тушунди. 2005 йил мартигача мухолифатда бирлик, якдиллик бор эди. Айни пайтда эса ҳар ким ўз сиёсий мақсадини амалга ошириш учун курашмоқда, - дейди Жилдиз Жўлдўшева.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, парламент сайловлари арафасида ҳокимиятдаги “Ақ жўл” партияси билан бир бўлган “Янги Қирғизистон” сиёсий ҳаракати ҳам мухолифат сафига қўшилди. Бу ҳаракатнинг лидерлари бўлган генерал Исмоил Исақов хавфсизлик кенгаши котиби, Усен Сидиқов эса президент маслаҳатчиси лавозимидан истеъфо берганлар.

“Янги Қирғизистон” ҳаракати ҳам декабр ойида ўз митингларини ўтказишни режалаётганини билдирди. Назарбек Нишонов раҳбарлигидаги ватанпарварлар партияси эса президент истеъфоси учун имзо йиғиш жараёнини давом эттиришини эълон қилган. Шу кунгача партия 100 минг имзо йиққан. Қирғизистон конституциясига мувофиқ, 300 минг имзо йиғилса, президентга ишончсизлик билдириш жараёнини бошлаш мумкин бўлади. Ватанпарварлар партияси декабр ойида бу жараённи бошлашларини билдирган.

XS
SM
MD
LG