Линклар

logo-print

Суд танаффус эълон қилди


Қамоқда соғлиғи ëмонлашган Аъзам Турғуновнинг шикоят аризасини кўриб чиқиш пайсалга солинмоқда.

Қамоқда соғлиғи ëмонлашган Аъзам Турғуновнинг шикоят аризасини кўриб чиқиш пайсалга солинмоқда.

28 ноябр куни Қорақалпоғистон Олий судида ҳуқуқ фаоли ва мухолифатчи Аъзам Турғуновнинг апелляция тартибидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бошланди.

Аммо суд ўз ишини бир ҳафталик танаффусдан сўнг давом эттирадиган бўлди. Бу ҳақда Аъзам Турғуновнинг адвoкати Рустам Тўлаганов Озодликка маълум қилди.

- Бугун Аъзам ака Турғуновни бошқатдан эшитдик. Жабрланувчи Салаевни бошқатдан эшитдик. Томонлар гапирди, прокурор ўз фикрини билдирди.

Прокурор: “Ҳаммаси қонуний¸ яхши бўлган”, дейди.

Биз: “Мутлақо асоссиз судланган”, деб айтдик.

Тошкентдан Салаевга Бахтиëр Раҳимов деган адвокат келган. У ҳам: “Бу ерда ҳеч қандай жиноят унсури йўқ”, деди.

Мен ҳам оқлов ҳукми чиқарилишини сўрадим. Ҳақиқатан ҳам жиноят унсури йўқ-да. Пул жабрланувчининг қўлида турган. Бунинг ҳаммасини биз бугун гапириб ўтдик. Бир-бирига тўғри келмайдиган жойлари бор. Олдин ўзи: “5 миллион пулим бор, бераман”, деган. Лекин 500 минг берган. Бу ерда 20 миллион товламачилик қилди, деб туҳмат қилиб турибди. 5 миллион бермаган, 10 баробар кам берган, - деди адвокат.

Рустам Тўлаганов 28 ноябр кунги маҳкама жараёнида қонунбузарликлар кузатилмаганини айтади. Адвокат бир ҳафталик танаффус юзасидан ҳам изоҳ бериб ўтди.

- Раҳимов ҳали иш билан тўлиқ танишмаган. Шунинг учун ариза ëзиб берган экан. Биз ҳам бошқа кунлари банд бўламиз¸ деб жума кунини сўраган эдик, - деди Рустам Тўлаганов.

Аммо Аъзам Турғуновнинг адвокати суд ҳукмида кескин ўзгаришлар бўлишини кутмаётганини эътироф этди.

- Булардан яхшилик кутишимиз қийин. Лекин Олий Судда кўрамиз. Булар ўзининг фикрини барибир ҳам ўзгартирмаса керак, деб ўйлайман. Озгина енгиллик қилиб бериши мумкин, лекин бу сал юмшатиш учун. Ҳукм ўзгаришсиз қолдирилса керак, - деди адвокат Тўлаганов.

Маҳкама жараёнини Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов ҳам кузатмоқда.

- Бугунги аппеляция судидан шундай маълум бўлаяптики¸ Аъзам Турғуновнинг ростдан ҳам айби йўқлиги яна чиқаяпти. Бу буюртма иш. Мақсад - нима қилиб бўлса ҳам қамаш. Пора деб ëки наркотик модда ташлаб. Булар энди бунақа йўлини топишган, - деди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси судда тергов жараëнида Аъзам Турғуновга қийноқ қўлланилгани масаласи кўтарилмаганини, бунга ҳали етиб келинмаганини айтди

Аъзам Турғунов жорий йилнинг 11 июл куни нукуслик бир фуқародан 20 миллион сўм пора талаб қилганликда гумон қилиниб¸ ҳибсга олинганди. 23 октябр куни эса унга нисбатан суд ҳукми эълон қилинган.

Аъзам Турғуновнинг ҳамкасблари ва сафдошлари пул олиш саҳнаси уюштирилганлигини урғулашаркан, ҳуқуқ фаолининг қамалиши унинг касбий фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисобламоқдалар.

Маҳкама жараёнини бевосита кузатаётган мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова ҳам Аъзам Турғунов сохта жиноят қурбони бўлганлигини таъкидлайди.

- Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига¸ сиëсатга аралашган, мухолифатда бўлганларга қарши одатда уюштириладиган судлардан бири. Бошданоқ¸ биринчи соатиданоқ нима билан тугашини ҳамма билган. Аввал ҳукмни чиқариб қўйиб¸ кейин шунга мослаб судни олиб бориш жараëни бу, - дейди Дилором Исҳоқова.

Бир қатор ҳалқаро ташкилотлар ҳам Аъзам Турғуновнинг 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганидан хавотир билдирган.

Жумладан, АҚШ Давлат департаменти тергов давомида ҳуқуқ фаолига нисбатан қийноқлар қўлланилганидан жиддий ташвиш билдирган.

Франциядаги Қийноқларга қарши курашувчи халқаро ташкилот ҳамда Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси Аъзам Турғуновнинг 10 йилга озодликдан маҳрум этилишини қоралаган. Ташкилот баёнотида Аъзам Турғуновга белгиланган қамоқ жазоси, энг аввало, унинг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти билан боғлиқлиги айтилади.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти эса Аъзам Турғуновга нисбатан чиқарилган ҳукмни Ўзбекистондаги адолат учун фаолият олиб бораётганларга аччиқ огоҳлантириш, дея таърифлаган.

XS
SM
MD
LG