Линклар

logo-print

“Орага кўприк қўйилди”

  • Садриддин Ашур

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти уюштирган анжуманда ҳукумат вакиллари ноҳукумат гуруҳлари танқидига қулоқ солди.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти уюштирган анжуманда ҳукумат вакиллари ноҳукумат гуруҳлари танқидига қулоқ солди.

28 ноябр куни Тошкентда "Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси"нинг 60 йиллиги муносабати билан “Эзгулик” жамияти конференция ўтказди.

Конференцияда Ўзбекистонда қийноқларни олдини олиш ва қийноқларга қарши тезкор гуруҳи, Оналар қийноқларга ва ўлим жазосига қарши ташкилоти ҳамда инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва адвокатлар иштирок этди. Шунингдек¸ бу конференцияда илк марта республика Бош прокуратурасидан ҳам вакил қатнашди.

Жорий йил давомида Тошкентда ҳукумат томонидан ўтказилган инсон ҳуқуқларига оид бирорта йиғинга мустақил ва фуқаролик жамияти вакиллари таклиф қилингани йўқ. Шуни назарда тутган ҳолда, ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов бу анжуманнинг алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлайди:

- Бугунги тадбир биринчи марта Ўзбекистонда ўзимизнинг биномизда¸ ўзимизнинг ташаббусимиз ва иштирокимиз билан ўтказилаëтган тадбир. Буни биз ҳали ҳам умид қилаëтганимиз давлат билан мулоқот ўрнатишдаги биринчи қадам, деб биламиз, - деди у.

Суҳроб Исмоилов бу анжуманни инсон ҳуқуқлари борасида ҳукумат ва мустақил инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ўртасига қўйилган биринчи кўприк сифатида баҳолади. Лекин, унга кўра, конференцияга таклиф қилинган давлат ташкилотларининг аксариятидан вакиллар келмади:

- Конференциядаги фикрлар алмашинувида мувозанатни сақлаш учун¸ тарозига солиш учун давлат ташкилотлари ва идораларига ҳам таклифномалар жўнатган эдик. Тўртта давлат ташкилоти, хусусан, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ходимлари¸ Омбудсмендан инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли ходим, Ташқи ишлар вазирлиги ва ички ишлар вазирлиги вакиллари келамиз, деб ваъда беришди, лекин улар бугунги тадбирда кўринишмади. Айни пайтда таъкидлаб ўтиш керакки¸ Ўзбекистон бош прокуратураси вакилининг шахсан ўзи мана шу тадбирда иштирок этди, - дейди Суҳроб Исмоилов.

Анжуманда ҳуқуқушунослар ва ҳуқуқ ҳимоячилари икки масалани муҳокама қилганлар. Исмоиловга кўра, инсон ҳуқуқлари бўйича Умумжаҳон декларациясининг Ўзбекистонда қандай тадбиқ этилаётгани ҳамда 2008 йил январ ойидан бошлаб кучга кирган “Ўзбекистонда судгача бўлган қамоққа олиш ëки санкцияда ушлаб туриш ваколатини прокуратурадан судларга бериш” қарорини ҳамда “Ўзбекистонда ўлим жазосини жиноий жазо турларидан бири сифатида бекор қилиш” бўйича президент фармонлари ҳам муҳокама қилинган.

Суҳроб Исмоиловнинг қайд этишича, куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда адвокатура институтини қандай қилиб кучайтириш масаласи муҳокама қилинган.

- Адвокатлар қамоққача ушлаб туриш ва санкцияда ушлаб туриш ваколатининг судга берилганини урғулашган бўлса¸ бу ерда ҳам ҳали мавжуд бўлган камчиликлар кўп. Масалан мана шу масаланинг кўриб чиқилишида бошқа бир кузатувчиларнинг қўйилмаслиги¸ иш жараëнидаги материаллар билан танишиб чиқишда адвокатда етарли ваколатлар йўқлигини мана шу камчиликлар билан бирга айтиб ўтишаяпти, - дейди Суҳроб Исмоилов.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Исроил Ризаев сўзларига кўра, гарчи Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ конвенциясига имзо чеккан бўлса-да, лекин инсон ҳуқуқларининг мамлакатда поймол қилиниши давом этмоқда. Ана шу масала ҳам анжуманда қизғин муҳокама қилинди:

- Инсон ҳақ-ҳуқуқларини суд жараëнида¸ уни ҳибсга олиш ва тергов-суриштирув жараëнидаги баъзи бир элементларимиз ҳалигача ривожланган давлатлар ҳуқуқ нормаларига тўли жавоб бера олмаслиги билиниб турибди. Бу ерда баҳс¸ тортишувлар бўлаяпти, - дейди Исроил Ризаев.

Хўш, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар томонидан аёвсиз танқид қилиниб турган бир пайтда, бундай анжуманлар бу соҳадаги вазиятни яхшилашга қанчалик хизмат қила олади? Бу саволга “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов жавоб берди:

- Ўзбекистондаги вазиятнинг нақадар оғирлигини, инсон ҳуқуқлари ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини, инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 60 йиллик тўйи хўжакўрсинга нишонланаëтганини ҳеч қачон рад қилиб бўлмайди.

Лекин буни қачонгача рад қилишимиз мумкин? Жамиятни тарбиялаб, секин-секин давлат идораларининг вакилларининг қулоғига шунақа альтернатив фикрлар борлигини қуйиб боришимиз керак. Буни энг оддий кўринишда қилиш керак.

Энг муҳими, халқ аҳвол қанақа эканлигини кўриб турибди. Лекин мана шу ҳуқуқ ҳимоячилари¸ журналистлар¸ адвокатлардан иборат фуқаролик жамиятининг вакиллари бунақа муаммони қанақа қилиб ҳал қилиш керак, деган муаммонинг устида бугун бош қотирди. Шунинг учун ҳукумат вакилларидан бу борадаги вазиятни ўнглаш борасида яхши натижалар кутиш қийин, - дейди Абдураҳмон Ташанов.
XS
SM
MD
LG