Линклар

logo-print

Янги технологиядан ўзбекча фойдаланиш

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонда ўқитувчи ва шифокорлар ойлигининг қарийб учдан бир қисми пластик карточкаларга ўтказиб берилаяпти

Ўзбекистонда ўқитувчи ва шифокорлар ойлигининг қарийб учдан бир қисми пластик карточкаларга ўтказиб берилаяпти

Овчининг зўри бир ўқ билан икки қуённи уриши мумкин. Ўзбекистонлик давлат амалдори эса бир нечасини.

Жиззахлик мактаб ўқитувчисининг ҳикоясини эшитсангиз, сиз ҳам ўзбекистонлик давлат амалдорларининг топқирлигига тан берсангиз керак.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ўқитувчилар иш ҳақининг 30 фоизи пластик карточкаларга ўтказилаяпти.

Пластик карточка керакми-йўқми, иш ҳақининг эгасидан сўраб ўтирилмайди. Чунки у – пластик карточка – камида уч вазифани, боя айтганимиз учта "қуён"ни уриши керак.

Биринчи қуён

Ўқитувчи маошининг пластик карточкага ўтказилган қисмидан коммунал хизматлар учун ҳақ ушлаб қолинади.

- Ҳозирги кунда ўқитувчиларнинг пластик карточкага ўтказиб берилган ойлигидан 25 000 сўмдан олиб қолинар экан, - дейди жиззахлик муаллима.

Шундай қилмаса, давлат амалдорлари аҳолидан ҳақ ундиролмаяпти. Аҳолининг эса чала-чулпа берилаётган электр энергияси ва босими паст газ учун ҳақ тўлагиси келмаяпти.

- Жиззахда ҳар куни камида тўрт-беш маротаба свет ўчади. Газ босими паст, ўқитувчиларнинг кўпчилиги ўчоқда овқат қилиши ёки қўлбола газўчоқдан фойдаланишини айтадилар, - дея қайд этади суҳбатдошимиз.

Қолаверса, свет билан газ ҳақи аҳоли реал даромадига мутаносиб эмаслиги ҳам бор гап.

Иккинчи қуён

Чала-чулпа берилаётган свет ва газ учун пластик карточкадаги пулдан ушлаб қолиш биринчи қуённи уриш бўлса, пластик карточкадан фойдаланиш имкони бор дўконлар учун оталарча ғамхўрлик билан қулай шароит яратиб бериш иккинчи қуённи уришдир.

- Пластик карточка билан ишлайдиган дўконлар бор, аммо уларда маҳсулот қимматроқ. Одамларнинг ҳаммаси эса нақд пул олиб, маҳсулотни бозордан савдолашиб олишни истайди, - дейди муаллима.

Чунки бозорда арзон, анча арзон.

Ўзбекистон шароитида пластик карточка ишлатиш мумкин бўлган дўконлар кимларники бўлиши мумкинлиги тахмин қилинса, уларга нима учун бу қадар ғамхўрлик қилинаётгани ҳам аён бўлиб қолади.

Учинчи қуён

Жиззахлик ўқитувчининг айтишича, маошининг 30 фоизи давлат бюджети тасарруфидаги ойликчиларнинг барчасидан ушлаб қолинаяпти. Бир қарашда бу инфляцияни жиловлаш йўлидаги оқил қадамдай туюлиши мумкин. Лекин ўзбекистонлик ўқитувчи бир-икки минг долларга тенг маош олмайди-ку? Унинг маоши икки қоп унга ҳам етмайди-ку?!

Демак, учинчи қуён – аслида қуён эмас, унинг сурати экан, холос.

Асл мақсад, биринчи ва иккинчи қуёнларни уриб олиш.

- Ўқитувчилар норози, лекин ҳеч ким ҳеч нарса деёлмайди. Ўқитувчиларимиз директорга: “Ҳокимиятга бормоқчимиз, умуман, газ ва светнинг ўзи йўқ-ку, газдан фойдаланиб бўлмайди, [босим пастлигидан] олдидан биров ўтиб кетса, ўша одамнинг шамолига ўчиб қолади газ”, деб айтишса, директор: “Ҳокимиятга борганларинг билан бу барибир ҳал бўлмайдиган иш”, дебди. Бу иш ҳозир бутун республика бўйлаб амалга оширилаётган экан, - дейди жиззахлик суҳбатдошимиз.

Тўғри айтибди ўша бошлиқ. Жиззахлик ўқитувчилар норози бўлмасалар ҳам бўлади. Чунки тошкентлик ўқитувчиларнинг ташвиши уларникидан ҳам кўпроқ. Уларнинг зиммасига уйма-уй юриб, аҳолининг электр қуввати учун қарзи бор-йўқлигини аниқлаб бериш вазифаси ҳам юклатилган. Бу ҳақда "Ўқитувчи энди уйма-уй юради" сарлавҳаси остидаги мақоламизда ҳикоя қилинган.

XS
SM
MD
LG