Линклар

Қирғиз мухолифати қурултой ўтказди


Мухолифат қурултойи иштирокчилари мамлакатдаги аҳволни ўнглаш учун президент Қурмонбек Бакиевга март ойи охиригача муҳлат беришга қарор қилдилар

Мухолифат қурултойи иштирокчилари мамлакатдаги аҳволни ўнглаш учун президент Қурмонбек Бакиевга март ойи охиригача муҳлат беришга қарор қилдилар

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 29 ноябр куни мухолифатдаги “Ҳақиқат учун” ҳаракатининг қурултойи бўлиб ўтди.

Бу қурултой Қирғизистонда мухолифат томонидан эълон қилинган норозилик намойишлари ойлигини бошлаб берди. Декабр ойида мухолифатдаги ўнга яқин партия Бишкек бош майдонида президент истеъфоси талаб қилинган намойишлар ўтказишни режалаштирган эди.

86 ёшдаги Тўқтўмат Мусуралиев қурултойга Жалолобод вилоятининг Қўчқор қишлоғидан делегат бўлиб келган. Отахон қариганида сиёсатга аралашишга уни ҳаёт мажбур қилганини айтади.

- Мен ҳам Бакиевни президентликка сайлаганман. Лекин у мамлакатни мана шундай қийин вазиятга солиб қўяди, деб ўйлаган эмасмиз. У ўз ваъдаларини бажармади. Бунга ўхшаган президентнинг қирғизга кераги йўқ. Шунинг учун ҳам бу қурултойда қатнашаяпман, - деди 86 ёшдаги жалолободлик Тўқтўмат Мусуралиев.

Бишкекдаги Рус академик драма театри биносида ўтган “Ҳақиқат учун” мухолифат ҳаракати халқ қурултойига мамлакатнинг барча вилоят ва шаҳарларидан келган мингдан ортиқ делегат қатнашди. Ичкарида президент истеъфосини талаб қилган мухолифатчилар хавфсизлигини ташқарида ўнлаб милиция ходимлари таъминлаб турдилар.

Мухолифатчилар 2005 йил инқилобидан сўнг ҳокимият тепасига келган президент ва ҳукумат ўз ваъдаларини бажармаганлигини, сиёсий тузумни ислоҳ қилишдан бош тортаётганини кескин танқид қилдилар.

Олти соат давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг мухолифат қурултойи Қирғизистон сиёсий тизимининг янги концепцияси қабул қилинди. Бу концепцияга кўра, мухолифат ва ҳокимият ваколатлари мувофиқлаштирилиши, бошқарув тизими кескин ислоҳ қилиниши зарур.

Қурултой қарори лойиҳасида бу концепцияни амалга ошириш учун президент Бакиевга 2009 йилнинг 24 мартигача муддат берилиши таъкидланди. Бироқ, қурултой иштирокчиларининг кўпчилиги бу муддат жуда узоқ эканини, президентнинг бугунданоқ истеъфога чиқишини талаб қилиш кераклигини айтиб норозилик билдирдилар.

“Ҳақиқат учун” ҳаракати раҳбари Ўмурбек Текебаев эса делегатларни муросага чақирди:

- Ҳокимиятни алмаштира олишимизга барчанинг кўзи етиб турибди. Лекин ҳамма нарса ўз йўлида, қонунга асосланган ҳолда бўлиши лозим. Шунинг учун президентга март ойигача вақт берайлик, - деди Ўмурбек Текебаев.

Шундан сўнг қурултой бу қарорни қабул қилди.

Халқ қурултойида кузатувчи сифатида иштирок этган мухолифатдаги инқилобий қўмита ҳаракати лидерларидан бири Тўпчубек Турғуналиев эса бундай йўл билан президентга таъсир кўрсатиб бўлмаслигини, шунинг учун инқилобий қўмита “Ҳақиқат учун” ҳаракати қарорини қўлламаслигини билдирди:

- Ислоҳотларни амалга ошир, ҳукуматни истеъфога чиқар, парламентни тарқат, деб президентга мурожаат қилмаймиз, ялинмаймиз ва юкунмаймиз. Биз намойишлар орқали президент истеъфосини талаб қиламиз ҳамда бунга эришамиз, - деди Топчубек Турғуналиев.

Қурултой делегатларидан бири эса бугунги йиғиндан қониқмаганини айтди:

- Энг аввало, ҳаёт тарзимизни ўзгартирмоғимиз керак. Қирғизистонга мухолифатдан ёки қонундан қўрқадиган одамни эмас, Худодан қўрқадиган одамни президент қилиб сайлашимиз керак. Негадир бу ҳақда ҳеч ким гапирмади. Бугун президентни танқид қилганлар эртага ўзлари президент бўлиб қолсалар, худди Бакиевдек ҳаракат қилган бўлардилар. Чунки Худодан қўрқиш йўқ, - деди қурултой иштирокчиларидан бири.

Айтиб ўтиш лозимки, “Ҳақиқат учун” ҳаракати қурултойида ўн бешга яқин сиёсий партиялар лидерлари ҳам иштирок этдилар. Улар қурултой сўнгида Бакиев ҳукумати таклиф этган амалларни қабул қилмасликка онт ичдилар.

XS
SM
MD
LG