Линклар

Мумбайда амалиёт якунланди


Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида қуролли ҳужумлар уюштирган исломий жангариларга қарши амалиёт якунланган.

Ҳиндистон махсус ҳарбий хизматлари сўнгги кунларда террорчилар яшириниб олган Тож Маҳал меҳмонхонасини ҳам ўз назоратига олганлар.

Ҳужумлар бошланганидан буён 195 киши нобуд бўлгани хабар қилинмоқда. Улардан 20 нафари АҚШ, Исроил, Буюк Британия фуқаролари бўлган чет элликлар. Ҳужумлар оқибатида 300 дан зиёд одам жароҳатланди.

Ҳиндистон полициясига кўра, амалиётлар давомида 9 жангари йўқ қилинган, улардан бир нафари тириклайин қўлга туширилган.

Шунингдек, жангарилар Мумбайга сузиб келгани тахмин этилаётган кема ҳам топилган. Ҳиндистон денгиз кучларининг тахмин қилишича, қуроллилар Покистонга қарашли икки савдо кемасида Ҳиндистонга келтирилган.

Покистон ҳужумларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва икки мамлакат умумий душманни енгиш учун қўлни-қўлга бериши кераклигини билдирган.

Уч кун аввал бошланган қуролли ҳужумларга Мумбайдаги бир қатор меҳмонхоналар, яҳудий жамоаси маркази нишон бўлди.

XS
SM
MD
LG