Линклар

Исломобод иддаолардан ташвишда


Покистон ҳукумати Мумбайда содир этилган ҳужумларни Покистонда жойлашган жангарилар амалга оширганига оид иддаолар юзасидан жиддий ташвиш билдирди.

Ҳиндистоннинг иқтисодий марказида қуролланган шахслар томонидан уюштирилган бир нечта ҳужум оқибатида 200 га яқин киши нобуд бўлиб, 300 дан зиёд фуқаро тан жароҳати олган эди.

Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, Мумбайдаги ҳужумларни 10 кишидан иборат гуруҳ амалга оширган. Расмийларнинг таъкидича, тўққиз жангари ўлдирилган, бир нафари ҳибсга олинган ҳамда бу шахснинг покистонлик экани аниқланган.

Айни пайтда Покистон президенти Осиф Али Зардорий мамлакат хавфсизлик кучларининг Мумбайдаги хунрезликларга алоқаси йўқлигини билдириб, ҳукуматга Ҳиндистон билан ушбу масалада тўла ҳамкорлик қилиш тўғрисида топшириқ берди.

Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший ҳам Ҳиндистон расмийлари ҳужумларда Покистон ҳукуматини айбламаётганини таъкидлади:

- Бир масалага ойдинлик киритишга рухсат этинг: Ҳиндистон раҳбарияти ушбу ҳужумларда Покистон ҳукуматини айблагани йўқ. Улар ҳозирги пайтда Покистонда бўлган гуруҳ бу ҳужумларга алоқаси борлигини тахмин қилмоқдалар. Агар Ҳиндистон томонида бунга оид маълумот ёки исбот далиллар бўлса, улар бу ҳақда биз билан ўртоқлашишлари лозим, - дея билдирди Покистон ташқи ишлар вазири.



XS
SM
MD
LG