Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:05

Ҳиндистон ички ишлар вазири истеъфога чиқди


Ҳинд матбуоти мамлакат Ички ишлар вазири Шиврай Патилни Мумбайда хавфсизлик чоралари кўра олмаганлиги учун танқид қилаётганди
Ҳинд матбуоти мамлакат Ички ишлар вазири Шиврай Патилни Мумбайда хавфсизлик чоралари кўра олмаганлиги учун танқид қилаётганди

30 ноябр куни Ҳиндистон ички ишлар вазири Шиврай Патил Мумбайда 200 га яқин фуқаро ҳаётига зомин бўлган ҳужумлар учун маънавий масъулиятни ўз зиммасига олиб, истеъфога чиқишини эълон қилди.

Унинг ўрнига Молия вазири Паланиаппан Чидамбарам Ҳиндистон ички ишлар вазири этиб тайинланди.

Бошқа маълумотларга кўра эса миллий хавфсизлик масалалари бўйича етакчи мутахассис Нараянан ҳам истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасини мамлакат бош вазири Манмохан Сингҳга топширган.

Ҳозирда Ҳиндистон расмийлари исломий жангарилар деб айтилаётган ҳужумчиларнинг қандай қилиб ҳеч қандай тўсиқларсиз Мумбайда ҳужумлар уюштиргани борасида бош қотирмоқдалар.

Мумбайдаги маҳаллий табдиркорлардан бирининг таъкидлашича, бундан буён Ҳиндистон ҳам хавфсиз жой эмас:

- Бу жудаям ачинарли ҳолатдир. Бундай воқеаларнинг эртага такрорланмаслигига ким кафолат бера олади? Эртага ҳам эмас, балки бир соатдан кейин бундай ҳужумлар аэропорт ёки бошқа жойларда содир этилиши мумкин, - дейди мумбайлик тадбиркор.

Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, 10 кишидан иборат қуролланган гуруҳ ўз ҳужумларини 26 ноябр куни кеч соат тўққизларда бошлаган.

Резина қайиқларида Мумбайга келгани айтилаётган жангарилар кичик гуруҳларга бўлиниб, шаҳардаги икки меҳмонхона, яҳудийлар маркази, ресторан ва темирйўл станциясида фуқароларни ўққа тутиб, уларнинг аксарини гаровга олгандилар.

Мазкур ҳужумларда нобуд бўлганларнинг аксариятини ҳиндистонликлар ташкил этади. Шунингдек, 20 га яқин хорижликнинг ҳам нобуд бўлгани айтилмоқда.

Мумбай шаҳридаги хунрезликлар якунига етиши қабатида Ҳиндистон ва Покистон муносабатлари яна кун тартибига чиқди. Боиси Ҳиндистон томони ушбу ҳужумлар ортида Покистонга алоқаси бўлган жангарилар турганини иддао қилди.

Покистон томони эса бу иддаоларни кескин рад этди.

- Бир масалага ойдинлик киритишга рухсат этинг: Ҳиндистон раҳбарияти ушбу ҳужумларда Покистон ҳукуматини айблагани йўқ. Улар ҳозирги пайтда Покистонда бўлган гуруҳ бу ҳужумларга алоқаси борлигини тахмин қилмоқдалар. Агар Ҳиндистон томонида бунга оид маълумот ёки исбот далиллар бўлса, улар бу ҳақда биз билан ўртоқлашишлари лозим, - дея билдирди Покистон ташқи ишлар вазири.

Ҳиндистонлик аксар таҳлилчилари Мумбайда бир пайтнинг ўзида ғарбликлар кўп тўхтайдиган икки ҳашаматли меҳмонхона¸ кафе ва яҳудий марказига қилинган ҳужум ортида Лашкари Тоййиба жиҳодий гуруҳи турганини тахмин қилмоқдалар.

Ушбу гуруҳ 2002 йилда Покистонда таъқиқланганди.

Уч кун ичида камида 200 га яқин ўлимига сабаб бўлган Мумбайдаги террорчилик ҳужумлари учун ўзини Деккан Мужоҳиддин деб атаëтган номаълум гуруҳ масъулиятни зиммасига олган.

XS
SM
MD
LG