Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:47

Йўналиш ўзгарди. Кадрлар ҳам...


Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг 1-ўринбосари Илҳом Неъматов¸ халқаро йиғинларда кўпинча вазир ўрнига юбориладиган элчи ҳам эди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг 1-ўринбосари Илҳом Неъматов¸ халқаро йиғинларда кўпинча вазир ўрнига юбориладиган элчи ҳам эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида кадр ўзгариши амалга оширилди. Кузатувчилар¸ буни ташқи сиëсат йўналишидаги эврилиш билан боғламоқдалар.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 27 ноябр куни ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматовни ишдан олиб, ўрнига Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетининг ректори сифатида ишлаб келган Ҳамидулла Кароматовни тайинлади.

Аввалига Ferghana.ru ва Regnum ахборот агентликлари томонидан тарқатилган бу хабар душанба куни вазирликнинг расмий веб саҳифасида ҳам ўз тасдиғини топди.

Эндиликда¸ ташқи ишлар вазирининг эндиликда собиқ биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Россияга элчи этиб юборилиши мумкин.

Одатда вазир ўринбосарлари у ёқда турсин, вазирларнинг ўзлари ўзбекистонликлар учун унчалик таниш бўлмайди ва Ўзбекистон расмий матбуотида бу каби кадр ўзгаришлари сабаби, ким кетиб, ким келаётгани, кетаётган нима қилдию¸ келаётган давлат хизматчисидан нималар кутилаётгани ҳақида гапирилмайди.

Хўш, Ўзбекистон дипломатияси тизимидаги навбатдаги кадрлар алмашинувнинг боиси нимада, деган савол билан ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевга мурожаат қилдик. Суҳбатдошимиздан дастлаб, Ташқи ишлар вазирининг янги биринчи ўринбосари Ҳамидулла Кароматов ташқи сиёсатда нима каромат кўрсатиши мумкин, деб сўрадик.

Тошпўлат Йўлдошев: Ҳамидулла Кароматовнинг ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланиши умуман вазирликнинг имкониятларини анча кучайтиради. Чунки бу одамнинг олдингиларга қараганда тайëргарлиги кучли. Ўзи Ўзбекистон Миллий Университетининг (собиқ ТошДУ) Шарқшунослик факультетини тугатган. Ташқи давлатларда ишлаган, бош вазир ўринбосари сифатида ишлаган, Францияда элчи вазифасида ишлаган, Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатияси университетининг ректори бўлиб ишлаган.

Ҳозирга келиб¸ Ўзбекистон ўзини изоляцияга тушириб, бошқа мамлакатлардан ажралиб қолди. Мана¸ ЕвроосиëИҲдан чиқди. Россия унга нисбатан маълум бир иқтисодий чораларни кўраяпти. Икки ҳафта олдин Тошкентга 4000та Нексия автомобилларини қайтариб юборди. Ўзбекистондан умуман автомобил сотиб олмайдиган бўлди. Айни пайтда¸ Қозоғистон билан ҳам алоқалар ëмонлашиб бораяпти.

Хуллас ташқи ишлар вазирлигида янги кадрлар бўлиши керак. Шу кадрларнинг дебочаси яъни бошланиши Ҳамидулла Кароматов. Албатта¸ буларнинг қўлидан катта иш келмайди. Улар буйруқни бажаришади. Лекин¸ айни пайтда¸ Ҳамидулла Кароматовни мен кучли кадр деб ҳисоблайман.

Озодлик: Неъматов Россияга элчи қилиб жўнатилибди. Бу нимани англатади? Ëки собиқ ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосарининг фаолиятидан норозилик бўлганми?

Тошпўлат Йўлдошев: Бунинг асосий маъноси Ислом Каримов умуман ташқи ишлар вазирлигида ишлаëтган раҳбар ходимларнинг фаолиятидан норози. Ташқи ишлар вазирлиги бошқа қўшни МДҲ мамлакатлари билан алоқаларни ривожлантириш ўрнига сиëсий тарангликка, иқтисодий, савдо алоқаларини қисқартиришга олиб келгандан кейин¸албатта¸ у кадрларни алмаштиришга мажбур.

Неъматовдан ҳам норози бўлган. Норози бўлиб¸ ҳам мана Россияга элчи қилиб тайинлаяпти. У барибир Ўзбекистон дипломатиясидаги кўзга кўринган ходимлардан бири бўлиб қолади. Неъматов кўпроқ МХХчи бўлганлиги сабабли, Россияга борса бирор янгилик киритармикин¸буниси қоронғу. Каримов қанақадир силжишни умид қилиб шунақа кадрларни алмаштиришни бошлади¸ деса бўлади.

Озодлик: Тошпўлат ака¸ суҳбатимиз бошида сиз Ўзбекистоннинг Россия билан алоқалари ëмонлашаяпти, ЕвроосиëИҲдан чиқаяпти дедингиз. Ўзбекистон ўз ташқи сиëсатини яна қайси томонга ва нима учун бураëтгани кўриниб турибди. Кароматовнинг тайинланиши мана шу ҳаракатлар билан боғлиқмикин?

Тошпўлат Йўлдошев: Албатта¸ Кароматов янги раҳбарлардан бири. Агар у келадиган бўлса, Ислом Каримов ундан Ўзбекистоннинг ташқи мамлакатлар билан¸ хусусан Россия ва МДҲ мамлакатлари билан алоқаларини қайтадан кўриб, балки уларга қанақадир жонлантириш киритишини кутади. Ҳозиргача Ўзбекистон интеграцион жараëнларда қатнаша олмади ва МДҲ мамлакатлари Ўзбекистонга бераëтган имтиëзлардан фойдаланиб келди¸ холос. Лекин айни пайтда Ўзбекистон бошқаларга шу имтиëзларни бермаганлиги сабабли алоқалар ëмонлашиб кетди. Буни Ҳамидулла Кароматов ëки Илҳом Неъматовлар тузата олмайди. Ўзбекистон боши берк кўчага кириб қолган. Бу сиëсатни Ислом Каримов мамлакатдан кетмайдиган бўлса, тузатиб бўлмайди.

Мавзу қаҳрамонлари – Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг собиқ ва янги биринчи ўринбосарлари ҳақида қўшимча маълумот:

Илҳом Неъматов – Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида 1992 йилдан бери ишлаб келган. Вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига 2005 йилнинг февралида тайинланган ва бу мақомда расман Ўзбекистоннинг Европа мамлакатлари ва Қўшма Штатлар билан алоқаларини мувофиқлаштириш учун маъсул бўлган.

Амалда эса, асосан МДҲ мамлакатларига оид масалалар билан шуғулланган. Хусусан, кейинги пайтларда Ўзбекистон ўзини олиб қочишга ҳаракат қилиб келаётган Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти каби тузилмалар учрашувларида Ташқи ишлар вазири ўрнига қатнашиб келди.

Янги биринчи ўринбосар Ҳамидулла Кароматов, 70-80 йилларда араб мамлакатларида араб тили таржимони бўлиб ишлаган. Кароматовнинг бевосита дипломатик карьераси 2003 йилда Францияга элчи этиб тайинланганида бошланган.

Ундан аввал Кароматов бош вазир ўринбосари, президент маъмуриятида маслаҳатчи бўлиб ишлаган. 2005 йилда Париждан чақиртириб олинган ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетига ректор этиб тайинланган.

Ҳамидулла Кароматов билан боғлиқ бир жанжал ўтган йили кўплаб агентликлар тарқатган хабар мавзуси бўлган эди. Ўшанда Тошкент-Париж йўналишида парвоз қилган самолётда Кароматов маст ҳолда жанжал кўтариб, стюардесса ва хорижлик йўловчилардан бирига тан жароҳати етказгани хабар қилинган эди.
XS
SM
MD
LG