Линклар

logo-print

Деҳли - Исломобод: Кескинлик ошмоқда


Мумбай ҳужумларидан сўнг Ҳиндистон ва Покистон ўртасида узоқ йиллик танаффусдан сўнг эндигина илгари силжий бошлаган тинчлик музокаралари ҳам тўхтаб қоладиган кўринади.

Мумбай ҳужумларидан сўнг Ҳиндистон ва Покистон ўртасида узоқ йиллик танаффусдан сўнг эндигина илгари силжий бошлаган тинчлик музокаралари ҳам тўхтаб қоладиган кўринади.

Мумбайдаги террор хуружларида Покистоннинг қўли бор¸ деган тахминлар икки қўшнини янги ҳарбий можаро томон яқинлаштирмоқда.

Ҳиндистон разведка хизматидан мамлакат оммавий ахборот воситаларига тарқаëтган маълумотга кўра¸ Мумбайда амалга оширилган кенг кўламли террор ҳужумлари Лашкари Тоййиба ташкилоти томонидан амалга оширилган.

Ҳинд полицияси қўлига тириклайин тушган ягона ҳужумчи¸ юқори лавозимли полиция офицерининг Ройтерс агентлигига айтишича¸ хуружларнинг айнан шу гуруҳ иши эканини билдирган.

Ҳозирча Ҳиндистон аксил-террор гуруҳи мутахассислари томонидан тергов қилинаëтган Покистон фуқароси Ажмал Қасаб олдига мустақил ҳуқуқшунослар киритилмаëтгани боис¸ бу даъвони мустақил манбалар томонидан тасдиқлаш имконсизлигича қолмоқда.

АҚШ ва Британия томонидан террорчи гуруҳлар рўйхатига қўшилган Лашкари Тоййиба фаолияти 2002 йили Ғарб босими остида Покистонда ҳам таъқиқланган эди. Аммо хавфсизлик мутахассислари тахминича¸ Ал-Қоидага алоқадор айни гуруҳ ҳозирда Покистонда Жамоати- уд- Даъва номи остида иш юритмоқда.

Асл мақсади аксар аҳолиси мусулмонлардан иборат Кашмир минтақасини тўлиғича Покистон ҳукмронлигига ўтказиш бўлган Лашкари Тоййиба Ҳиндистонда амалга оширилган бир неча қонли ҳужум¸ хусусан 2001 йили Ҳиндистон парламентидаги хунрезлик учун маъсулиятни зиммасига олган эди. Парламентга қилган хуруждан сўнг Кашмирдаги Ҳиндистон ва Покистон қуролли кучлари жанговор ҳозирлик ҳолатига келтирилган ва икки ядровий қўшни халқаро ҳамжамият аралашувидан сўнггина уруш жари ëқасидан қайтарилган эди.

1947 йили Британиядан мустақилликка эришганидан бери икки марта айнан Кашмир устида урушган Ҳиндистон ва Покистон¸ яна қуролли тўқнашув таҳликаси остида қолмоқда.

Ғарб матбуотининг ëзишича¸ ҳозирда Деҳли ҳукумати Покистонга нисбатан кескин чоралар қўллашни муҳокама қилмоқда.

Бу чоралар орасида ўзаро тинчлик сўзлашувлари ва дипломатик муносабатларни тўхтатиш¸ шунингдек Покистон ҳудудидаги террорчилар марказига ҳаво зарбалари бериш каби таклифлар борлиги айтилмоқда.

Ҳиндистон мухолифат партиялари Мумбайдаги террор ҳужумлари олдини ола олмаган ҳукуматдан истеъфога чиқиш ва мамлакат хавфсизлик тизимлари фаолиятини кескин кучайтиришни талаб қилмоқда.

- Биз АҚШ 11 сенябр воқеаларидан кейин қилган ишлардан ўрнак олишимиз лозим. Биз ҳозир жуда мудофаасизмиз ва шу боис ўзимизнинг кучли давлат эканимизни кўрсатиб қўйишимиз даркор. Разведка тармоғимиз¸ хавфсизлик чораларимиз¸ ҳуқуқий тизимимизнинг бари синчиклаб текшириб чиқилиши ва кучайтирилиши лозим¸ деди жумладан етакчи мухолифат гуруҳи Бҳаратия Жаната партияси етакчиси Арун Жейтли.

Айни пайтда¸ Покистон президенти Осиф Али Зардорий Ҳиндистонни Мумбайда содир этилган ҳужум учун Исломободни жазоламасликка чақирди.

"Financial Times" нашрига интервью берган Зардорий¸ ўз ҳукумати шаънига билдирилаëтган асоссиз айбловлар икки давлатни уруш ёқасига олиб келишга сабабчи бўлиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасида ошиб бораëтган янги кескинликни юмшатиш мақсадида АҚШ президентини Жорж Буш Давлат котиби Кондолиза Райсни минтақага юборишга қарор қилди.

XS
SM
MD
LG