Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:50

ЕИ: Бакиев қонунни имзоламагани маъқул


“Дин эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун парламентда энг кўп овоз олган қонунлардан бири бўлиб ҳисобланади.
“Дин эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун парламентда энг кўп овоз олган қонунлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Европа Иттифоқи Қирғизистон парламенти “Дин эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонунни қабул қилганидан ташвиш билдирди.

Европа Иттифоқи мазкур қонун юзасидан баёнотини 1 декабр куни Бишкекдаги Германия элчихонаси ёйинлади. Баёнотда айтилишича, дин тўғрисидаги қонуннинг айрим бандлари Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти талаблари ҳамда стандартларига жавоб бермайди.

Шунингдек, баёнотда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ушбу қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётган пайтда бир қатор таклифларни киритгани, бироқ қирғиз парламенти бу таклифларни эътиборсиз қолдиргани юзасидан таассуф изҳор қилинган.

“Шу муносабат билан Европа Иттифоқи Қирғизистон президентини янги таҳрирдаги қонунни имзоламасликка ва уни, экспертлар таклифларини инобатга олган ҳолда, қайта кўриб чиқиш учун парламентга қайтаришга чақиради”, дейилади Европа Иттифоқи баёнотида.

Қирғизистондаги насронийлар диний ташкилотлари ҳам мана шундай чақириқлар билан президент Бақиевга очиқ хат йўллаганлар. Қирғизистондаги Евангелия христиан баптистлари черковлари бирлашмаси раҳбари Александр Шумилин бу қонун қирғизистонликлар ҳуқуқларини чеклашини айтади:

- Биринчидан, бу қонун Қирғизистон Конституциясига тўғри келмайди, иккинчидан, қонун Қирғизистон имзолаган барча халқаро конвенцияларга зиддир. Масалан, янги қонунда инсон ўз динини ўзгартира олиш ҳуқуқидан маҳрум этилган, диний адабиётларни олиб кириш ва жамоатчилик жойларида тарқатиш таъқиқланган, шунингдек, рўйхатдан ўтиш учун жамоанинг 200 аъзоси бўлиши шартлиги белгилаб қўйилган, - дейди Александр Шумилин.

Бироқ мамлакатдаги мусулмон диний ташкилотлари бу борада ҳеч қандай хавотир билдирмаётирлар. Маънавий-маданий йўналишда фаолият кўрсатувчи йигирмадан ортиқ нодавлат такшилотлари эса қирғиз матбуоти орқали президентга очиқ хат йўллаб, унда Бақиевни ғарб давлатларининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги талабига қарамай, дин тўғрисидаги янги қонунни имзолашга даъват этганлар. Бу жараёнга бишкеклик сиёсатшунос Тўқтўғул Қақчикеев ҳам ўз муносабатини билдирди:

- Насроний маданияти насроний капитали билан бирикиб, дунёга ўз талабини қўймоқда. Лекин ҳар бир мамлакат ўзи учун манфаатли бўлган қонунларни қабул қилмоғи лозим. Баъзан бу қонунлар инсон ҳуқуқлари меъёрларининг бузмоқда, деган гап-сўзлар ҳам бўлаяпти. Бироқ бу гапларнинг ҳаммасига ҳам қуллуқ қилавермаслик керак, -деди сиёсатшунос.

Мутахассисларга кўра, бугунги кунда Қирғизистондаги Ҳизбут-Таҳрир каби экстремистик ҳаракатлар фаоллашган. Дин тўғрисидаги янги қонун, энг аввало, ана шу ҳаракатга қарши қаратилган. Бироқ унинг айрим моддалари Қирғизистонга келаётган насроний миссионерлар фаолиятини ҳам чегаралаб қўйиши мумкин.

Мутахассислар, қонуннинг айни мана шу жиҳати қирғизистондаги насроний уюшмалари ва Европа Иттифоқини хавотирга солмоқда, деган фикрдалар.

Айни пайтда Қирғизистон дин ишлари агентлиги раҳбари Қанибек Ўсмўналиев Европа Иттифоқи ва насроний ташкилотлари мурожаатларига қарамай, президент дин тўғрисидаги янги қонунни имзолашига ишончи комил эканини айтади:

- Бу қонуннинг иккинчи ўқишдаги муҳокамасида 83 депутат иштирок этиб, 81 депутат уни қўллаган. Бунгача эса лойиҳа махсус қўмитада икки-уч марта муҳокама қилинди. Ялпи мажлисда эса парламентдаги уч партия лидерлари бу қонунни қўллаб имзо чекканлар. Мамлакатдаги ҳеч бир қонун бу каби якдиллик билан қабул қилинган эмас. Бу Қирғизистон учун энг керакли бўлган қонундир. Шунинг учун ҳам президент уни албатта имзолайди, деган ишончдамиз, - деди Қанибек Ўсмўналиев.

XS
SM
MD
LG