Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:51

Бедананинг уйи йўқ ...


Қозоғистонда ишлаётган меҳнат муҳожирлар оз пул ва ёмон шароитда ишлашга розилик билдириш билан маҳаллий ишчилар нонини яримта қилаётгани иддао қилинмоқда.
Қозоғистонда ишлаётган меҳнат муҳожирлар оз пул ва ёмон шароитда ишлашга розилик билдириш билан маҳаллий ишчилар нонини яримта қилаётгани иддао қилинмоқда.

Қозоғистонда меҳнат муҳожирларидан қутулиш, уларни мамлакатдан сиқиб чиқариш кампаниясига энди парламент аъзолари ҳам бош қўша бошладилар.

Аввалроқ ноқонуний муҳожирларни Қозоғистондан бадарға қилиш амалиётида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ғайрат кўрсатгандилар.

Сўнгра бу ташаббус қатор нодавлат ташкилотлари вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди. Эндиликда эса мамлакатни ноқонуний муҳожирлардан тозалаш ташаббусига қозоқ парламентининг айрим депутатлари ҳам қўшилди.

Хусусан¸ парламент депутати Валихан Қалижан Қозоғистонда ноқонуний равишда ишлаётган муҳожирлар сони ярим миллион кишига етишини билдираркан, мамлакат иқтисоди молиявий инқироз сабабли қийин даврни бошдан кечираётган бир пайтда Қозоғистон ҳудудида нолегал муҳожирлар кўпайиши ички меҳнат бозори учун катта хавф туғдириши ҳақидаги баёнот берди:

- Иш тополмаётган фуқароларимизнинг бир қисми жуда ноқулай аҳволда қолаяпти. Чунки меҳнат муҳожирлари яхши бўлмаган иш шароити ва кам ҳақ олишга кўниш билан маҳаллий ишчиларга жиддий рақобат яратмоқда. Айтиб ўтиш жоизки, ҳозирги пайтда бу биз ҳал қилишимиз шарт бўлган энг долзарб муаммолардан биридир, - деди депутат Валихан Қалижан Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси миграция ишлари бўйича мутахассиси Виктория Тюленева эса¸ депутатнинг бу фикрига қўшилмаслигини айтади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, Қозоғистоннинг қурилиш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларида меҳнат муҳожирларига ҳали ҳам талаб бор, шу боис мардикорларни мамлакатдан чиқариб юборишдан кўра, улар меҳнатидан мамлакат иқтисодиётини кўтаришда фойдаланиш мақсадга мувофиқроқ бўлади.

- Давлат, аввалда бўлгани каби, миграция оқимини бошқаришни ўрганиши лозим. Инқироз шароитида уларни бошқариш эса бу давр юзага келтирган янги муаммо бўлиб ҳисобланади. Афсуски, расмийларимиз ҳозирча муҳожирлар оқимини бошқаришни ўргана олганлари йўқ, инқироз шароитида эса бу улар уддалаши шарт бўлган устивор вазифага айланди. Бунақа пайтда муҳожирлар ички бозор учун хавф туғдираяпти, дейиш даври ўтди, - дейди Тюленева.

Қозоғистон ҳукумати мамлакат ҳудудига кириб келаётган нолегал меҳнат муҳожирлари оқимини тўхтата олмагач, 2006 йилда чет эллик мардикорларнинг Қозоғистондаги фаолиятини қонунийлаштириш бўйича бир марталик акцияни амалга оширган эди.

Оқибатда¸ Қозоғистонда нолегал ишлаётган 164 минг чет эллик мардикор бу мамлакат ҳудудида ўз фаолиятини қонунийлаштиришга муваффақ бўлди.

Айни пайтда миграция ишлари бўйича мутахассислар Қозоғистон ҳукуматининг меҳнат мухожирларини мамлакат ҳудудидан сиқиб чиқаришга бўлган ҳозирги ҳаракатлари натижа бермаслиги, ундан кўра муҳожирлар фаолиятини қонунийлаштириш учун такрорий легализация акцияси ўтказилиши ўринли бўлишини таъкидламоқдалар.

Парламент депутати Валихан Қалижан ҳам депутатларнинг кўпчилиги бундай қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашларини айтади. Бироқ, Қалижанга кўра, қозоқ ҳукумати депутатларга бундай таклиф билан мурожаат қилгани йўқ:

- Агар ҳукумат ана шундай таклиф билан чиқса, парламент уни қўллаб-қувватлаган бўларди, деб ўйлайман, - дейди депутат Валихан Қалижан.

Айни пайтда ўзбекистонлик айрим меҳнат муҳожирлари ҳам Қозоғистон миграцион сиёсатида яхши томонга ўзгариш бўлишини интиқиб кутаётганларини айтадилар:

- Миграция масаласи, келаётган мигрантларга озгина йўл бериш, ишлашга рухсат бериш биринчи масала бўлиб турибди-ку. Аҳвол яхши томонга ўзгариши керак, Худо хоҳласа. Ҳозир ишлашга рухсат ҳам йўқ-ку бу ерда, - дейди Олмаотада ишлаётган ўзбекистонликлардан бири.

XS
SM
MD
LG