Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:10

Президент - омонатлар кафолатчиси


Аҳоли пулларини банкка жалб қилиш бўйича ўзбек расмийлари томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамасдан, ўзбекистонликлар омонатларини уйларида сақлашни афзал кўрмоқдалар.
Аҳоли пулларини банкка жалб қилиш бўйича ўзбек расмийлари томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамасдан, ўзбекистонликлар омонатларини уйларида сақлашни афзал кўрмоқдалар.

Ўзбекистон президенти молиявий инқироз даврида мижозларни банкка қўйган пулим куяди¸ деган ваҳимадан қутқаришга қаратилган фармон қабул қилди.

28 ноябр куни Ўзбекистон Президентининг “Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги омонатларини ҳимоялаш кафолатларини таъминлашга оид қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Айни ҳужжат орқали Ўзбекистондаги банк омонатларини дунё молиявий инқирози оқибатларидан ҳимоя қилиш ва аҳоли омонатларини тижорат банкларига жалб қилиш кўзда тутилади.

Шу пайтга қадар ҳам мамлакат банк тизимига ишончсизлик билан қараб келган аксар ўзбекистонликларнинг дунё бўйлаб кузатилаётган иқтисодий таназзул боис банкка бўлган ишончи янада камая бошлагани кузатилади.

Аксар ўзбек бор маблағини уйда сақлашни маъқул кўради. Бир-икки сўм ортиқча пули бўлган одамлар эса дунёда кузатилаётган молиявий инқироз боис пулини маҳаллий банкларга қўйишга хавфсирамоқда.

- Биз пулимизни банкка қўймаймиз. Уйда сақлаймиз. Халқда банкка қўймаймиз, деган гап юрибди. Доллар йўқоларкан¸ доллар синаркан, деган миш-миш гаплар юрибди, - дейди суҳбатдошларимиздан бири.

Кейинги пайтда Ўзбекистон фуқароларининг маҳаллий банкларга нисбатан ишончи камайгани, мамлакатдаги йирик фирма ва корхоналар ёки хориж билан олди-сотти қиладиган ташкилотлар ўз даромадларини ошкор қилмаслиги ва пулларини хориж банкларида сақлаши қайд этилмоқда.

Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли Ёдгорбек Турлибеков фикрича, ҳозирги молиявий инқироз даврида ўзбекистонликлар қандай йўл тутаётганлигини аниқлаш имкони йўқ, чунки ўзбеклар бойлигини сир сақлашга мажбур. Ҳуқуқ фаолига кўра, айни шу мажбурлик аҳолининг маҳаллий банкларга ишончсизлигига сабаб бўлаётир.

- Пулдорларнинг банкка ишончи анча вақтдан бери қолмаган. Масалан, ҳар бир пул ўтказиш жараёни сир сақланса ва орган ходимлари аралашмаса¸ ана ўшанда мен пулимни олиб келиб қўяман. Бу ерда сир очилиб, ҳатто орган сизга тазйиқ қила бошлайди. Бундай шароитда ҳеч кимнинг пул қўйгиси келмайди. Давлат банкларидан ташқарида қора аппаратлар билан пул айланиб юради, - дейди Ёдгорбек Турлибеков.

Жорий йилда ҳукумат аҳолининг банкка ишончини қайтариш учун жиддий уринишлар қилди. Дастлаб¸ йил бошида Ўзбекистон президентининг “Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либeраллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Бу ва куни кеча эълон қилинган янги фармон аҳолининг банк тизимига ишончини мустаҳкамлашни мақсад қилган.

Мустақил кузатувчи Тўрабек Санога кўра, бу каби чора-тадбирлар билан аҳолининг Ўзбекистон банкларига бўлган ишончини қайтариш мушкул.

- Банк соҳасида чиқарилган қарорларнинг ҳаммаси қоғозда қолиб кетаяпти. Бу ҳаммамизга маълум. Бу чиқарилган қарорлар банк тизимида ҳеч нарсани ўзгартира олмайди, чунки одамларнинг банкка ишончи мутлақо йўқолиб кетган. Ислом Каримов бунақа ваъдаларни, қарорларни жуда кўп чиқаради. Бу қарорлар хўжакўрсинга чиқарилади, холос. Агар бадавлат одамлар кўпаядиган бўлса¸ ҳукуматга қарши фикр билдирувчилар¸ ҳукуматга қарши ҳаракатланувчи кучлар пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам ҳукумат бадавлат одамларни назорат остида ушлаб туришга¸ улар маблағларининг қаерда сақланаëтганини билиш ҳаракатида юради, - дейди Тўрабек Сано.

Ўзбекистон Президентининг янги фармони орқали фуқароларнинг омонатларини жаҳон молиявий инқирози оқибатларидан ҳимоялаш кўзда тутилади. Президент фармонига мувофиқ, фуқароларнинг тижорат банклари депозитларидаги омонатларини, уларнинг ҳажмидан қатъий назар¸ тўлалигича тўлаб бериш кафолатланади.

Ўзбекистон Банк-молия академияси ходими Тўлқин Бобоқуловга кўра, молиявий инқироз борасида хавотир қилишга ҳожат йўқ.

- Чунки бизларнинг банк тизимимизда хорижий банкларнинг иштироки паст. Масалан, Польшада 53 фоиздан ошиқ экан. Уларга таъсири жуда ҳам кучли бўлади. Бизда хорижий банкларнинг банкимиздаги активларининг салмоғи кичик. Ўзбекистонда бор-йўғи тўртта хорижий капитал иштирокидаги банк бор. Ҳозир бешта бўлди. Улар қанақа? Булар қўшма банклар. Уларнинг активлари жуда кичик. Уларники жами банк активларининг 10 фоизини ҳам ташкил қилмайди. Шунинг учун бизларда шарқий ва ғарбий Европа мамлакатларига қараганда молиявий инқирознинг таъсир даражаси жуда ҳам паст бўлади, - дейди Тўлқин Бобоқулов.

Ўзбекларнинг кўпчилиги молиявий инқироз ва банклардаги омонат мавзусининг ўзлари қизиғи йўқлигини айтишади.

Айтилишича¸ мамлакатдаги ишсизлик ва иқтисодий етишмовчиликлар боис, қолаверса, ойлик маошларининг ўта камлиги сабабли одамларда омонатга қўйишга ортиқча маблағнинг ўзи йўқ.

XS
SM
MD
LG