Линклар

Асқар Маҳкам шеърларидан айт...

  • Садриддин Ашур

Асқар Маҳкам ўтмишда ўтган буюк аллома ва шоирлар руҳини бугунги замона одамлари ҳаëтига олиб киришга уринган шоирлардан бири эди.

Асқар Маҳкам ўтмишда ўтган буюк аллома ва шоирлар руҳини бугунги замона одамлари ҳаëтига олиб киришга уринган шоирлардан бири эди.

27 ноябр куни шоир Асқар Маҳкам ҳаëт бўлганда¸ 50 ёшга тўлган бўларди. Бу сана на Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ва на матбуотда ëдга олинди..

Ўзбекистонда гўë бундай шоир ўтганидан барча бехабардек бўлса-да¸ шоир ўқиган Хўжанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультети Асқар Маҳкамнинг 50 йиллигига бағишлаб хотира кечаси ўтказди.

Кечада сўзга чиққан адабиётшунослар, шоирлар ва шеърият мухлислари Асқар Маҳкамнинг исёнли шеърияти ҳақида гапирдилар.

Истеъдодли ўзбек шоири Асқар Маҳкам 2007 йилнинг 6 мартида оғир касалликдан сўнг Тошкентда жон берган эди. Адабиётшуносларнинг айтишларича, у салкам 30 йиллик ижодий фаолияти даврида ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшди.

«Наврўз», «Тазарру», «Таҳажжуд», «Ишқ», «Ҳақ», «Аналҳақ», «Табриз дафтари» номли китоблари шеърият мухлислари қўлига етиб борди.

Шоирнинг 50 йиллигига унинг насрий асарлари битилган «Оқ китоб»и Душанбеда нашр этилди.

«Оқ китоб» ўзбек адабиётида биринчи бор чор Россияси истибдодига қарши исён кўтарган андижонлик Дукчи Эшон (Муҳаммадали Муҳаммад Собир) ҳақидаги «Дор» романи билан бошланади.

Шунингдек, Шавкат Раҳмон ижоди ҳақидаги «Адабиётга ибодат» , «Сўнгги дарвеш» шеърий-насрий қиссаси, тожик шоири Лойиқ ҳақидаги «Халойиқ! Шоирни тупроққа қўйишмоқда» бадиаси ва бошқа адабий тадқиқотлари ҳам бу китобдан жой олган.

Шоир ижодини тадқиқ қилган адабиётшунос олим, филология фанлари номзоди Юсуфали Шоназаровнинг айтишича, ўзбек китобхонини Мавлоно Жалолиддин Румий билан ошно қилгани Асқар Маҳкамнинг энг катта хизматларидан биридир.

Шоир ҳаётлик пайтида Румийнинг «Маснавий»сини шарҳлари билан тўлиқ таржима қилди. Олти фаслдан иборат «Маснавий»нинг биринчи фасли шоир ҳаётлик пайтида, иккинчи фасли унинг вафотидан сўнг нашр этилди. «Маснавий»нинг яна тўрт фасли адабиётга нисбатан бўладиган офтобли кунларни кутиб турибди.

- Асқар Маҳкам форс адабиёти билан, замонавий тожик адабиёти билан ўзбек адабиётини боғлаш ва таржима жараёнида жуда катта ва улкан хизматлар қилди. Муқаддас китоб «Авесто»нинг таржимасига Ўзбекистондаги энг катта фан докторлари ва тарихчиларнинг эмас, балки Асқар Маҳкам таржимаси асос булди.

Ўша тарихий руҳни берган бу таржимадан битта нарсага қойил қолмасдан иложингиз йўқ. Бу китобда таржимон томонидан ҳар бир қаҳрамонга, қар бир тушунчага берилган изоҳлар ва шарҳлар Асқар Маҳкамнинг Авесто руҳини, ўша давр адабиётини нақадар чуқур ҳис қилганини, тушунганини англатади.


Табриз тупроғида оғир кечди тун,

Ҳатто шоирларни босди салобат,

Кел, эй, Мавлононинг ҳурмати учун,

Менга Шерозийнинг шеърларидан айт.

Табриз тупроғида чайқаларди тун,

Нилий қуббаларда қуръоний оят,

Кел, эй, Табризийнинг ҳурмати учун,

Менга Ширвонийнинг шеърларидан айт.

Табриз тупроғида адашгандек тун,

Юлдуз сачроғида шода-шода байт.

Кел, эй, Фирдавсийнинг ҳурмати учун,

Менга Шаҳриёрнинг шеърларидан айт.

Табриз тупроғида энг охирги тун,

Май ичмай шоирлар яшарди сармаст.

Кел, эй, меҳмонингни ҳурмати учун

Менга Навоийнинг шеърларидан айт.


«Табриз дафтари»дан (Асқар Маҳкам)

- «Аналҳақ»да бир нарса кўзга ташланади. Ўша орифона мазмун, исломий тасаввуфона-сўфиёна моҳият, руҳият янада кучайган, янада ривожланган, - дейди адабиётшунос Юсуфали Шоназаров Асқар Маҳкамнинг «Аналҳақ» китоби ҳақида гапираркан.

- Шоир Муҳаммад Солиҳ айтганидек, тириклар ёлғондан йиғлаши мумкин, ўликлар ёлғондан ўлиб ётмайди.Асқар Маҳкам ёлғондан ўлмади ва тириклардан фарқли ўлароқ тириклигида ҳам ёлғон йиғламаганди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад оламдан ўтганларида Абубакр Сиддиқнинг биринчи сўзлари шундай бўлган экан: «Сиз ўлдингиз, энди ўлмагайсиз!». Мен Асқар Маҳкамнинг ҳаётини кўз олдимга келтирар эканман, бу инсон ҳам ҳеч қачон ўлмайди, деб ўйлайман, чунки бир кунда баъзи ожиз бандалар ўн марталаб, юз марталаб ўлиши мумкин, лекин Асқар Маҳкам бир марта ўлди, энди ўлим йўқ, - дейди шоир Одил Икром Асқар Маҳкамни хотирларкан.

Одил Икром Асқар Маҳкам ижодида уни ёлғиз ўстириб вояга етказган бувиси ҳақида жуда кўп шеърлар учрашини таъкидлар экан, бу образ орқали шоир оддий одамларга хос бир дардни ошкор қилаётганини таъкидлайди:


«Бу ёмғирли хазин кечада,

Қайларгадир кетсайдим бадар.

Бувим ёлғиз, бувим бечора,

Қандай яшар менсиз, билмайман.

Кулранг сочин ўрамларини,

Пахат пилик бойлаган унинг.

Ўзи ювган кўйлакларини

Шамол ўйнар шурлик бувимнинг.

Намозингни қўрқмасдан ўқи,

Руҳлар нима дейди, келсалар

Мен қайга ҳам кетардим, буви,

Бу ёмғирли хазин кечалар…


«Бувимга мактуб» (Асқар Маҳкам)

Асқар Маҳкам Хўжандда ўқиди ва хўжандлик адаб аҳли шоирни жуда яхши эслашади, тожикистонлик адабий танқидчилар шоир ижодини тадқиқ қилишда давом этмоқда. Шоирнинг эса Хўжандга айтган ўз сўзи бор эди:


«Хўжанд… Бу менинг кўнглимнинг хожасидир, у мени шоир қилди. Эй, Сайҳун соҳилида кезиб юрган менинг ошиқ укаларим, сингилларим. Илк бор шу соҳил бўйида шеър ёздингизми - охирига қадар шеър ёзинг. Хўжанд бу ошиқлик дегани. Хўжанд бу шеър дегани!»

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG