Линклар

ОИТС га чалинганлар 33 миллионга етди

  • Абдулла Искандар

Бу йил ОИТСга қарши халқаро кураш куни жаҳон бўйлаб 20-маротаба нишонланди.

Бу йил ОИТСга қарши халқаро кураш куни жаҳон бўйлаб 20-маротаба нишонланди.

БМТ тарафидан жорий қилинган ОИТСга қарши халқаро кураш кунида бу дардга чалинишни бартараф қилиш, касалликнинг олдини олиш чоралари ҳақида жиддийроқ ва батафсилроқ гапирилди.

Бугун ОИТСга чалинганларни даволаш усуллари изланмоқда, касалга чалинганларга бўлган муносабат ҳам ўзгармоқда.

Мана 27 йилдирки, дунë ОИТС хасталиги билан ëнма-ëн яшамоқда. 1981 йилда беш нафар эркак ўзини ичдан кемираëтган ғалати касаллик боис шифокорлар ëнига келишди.

Улар иммун –ҳимоя тизимининг барбод бўлиши, тана вазнининг ўта камайиши боис, ўлим билан юзма-юз қолишди.

Ўтган йилнинг ўзида ер куррасида икки миллион киши ОИТСга чалиниб ўлди.

Ер куррасининг қайси бурчагида яшаши, жинси ва ирқи, яшаш тарзидан қатъий назар бу икки миллион инсон фарзанди ОИТСнинг ўлим чалғисидан ўтди.

Жорий йилда дунëда яна икки ярим миллион киши баданида ОИТВ – яъни Орттирилган Имун Тақчиллиги Вируси борлиги аниқланди.

Бу вирус инсон танаси ичида ривожланиб ОИТСга айланиши мумкин.Киши танасидаги ОИТВ – бу бир куни келиб портлайдиган бомба каби даҳшатлидир.

Бугун дунëда тахминан 33 миллион киши ўз баданида бу даҳшатли бомбани ташимоқда.

Бу 33 миллион киши ҳам инсоният ҳамжамиятининг бир қисмидир. Биз улардан юз ўгира олмаймиз.

Кейинги 27 йил ичида ОИТВга қарши турли дармон ва дорилар ўйлаб топилди. Улардан баъзилари касалликка қарши курашиш мумкин деган умидни уйғотмоқда. Аммо ОИТС ҳануз давосиз дардлигича қолмоқда. Бу дардга чалинганлар жамият ичида кераксиз одамлар каби четланмоқда. Ўрта асрларда аҳоли моховлардан қандай тискинган бўлса, бугун ОИТС хасталарига муносабат ҳам шу янглиғ.

28 яшар Олганинг вужудида ОИТВ борлиги унинг иш топиши учун монеълик қилмоқда.

- Мен тузуккина жойда ишлар эдим. Кейин улар менда вирус мавжудлигини билиб қолишди. Бу жиноят эмасу, аммо ишдан кетганингиз маъқул деб эшикни кўрсатишди. Бу касалга чалинганимни билган илк кунларда мен ўзимни гуноҳкор ҳис қилдим. Жуда қўрқдим.

Бу ҳикоя Шарқий Европа ва Марказий Осиëдаги ОИТСга чалинган бир ярим миллион бечора учун одатий ҳол.

БМТ ҳисоботларига кўра, Шарқий Европа ва Марказий Осиëда 2005 йилнинг ўзида тахминан 20 000 киши ОИТВ юқтирган ва 14 000 киши ОИТСдан ўлган.

Аввал бошда бу касал бесоқолбоз эркаклар касали дея ном чиқарган эди. Ҳозир аҳвол ўзгарди. Касалга чалинганларнинг эллик фоизи аëллар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Россиядаги ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари Вадим Покровский гапиради.

- Турли мамлакатларда турлича ҳолат мавжуд. АҚШда ва бошқа Ғарб давлатларида ОИТВга чалинганларнинг аксарияти бесоқолбозлардир. Россия бесоқолбозлари ичида ОИТСга чалинганлар нисбатан кам. Испания, Россия ва Украинада наркоманлар кўпроқ ОИТСга чалинмоқда.

Қандай қилиб бу касалдан ҳимояланиш мумкин?

Баччабозлик ва жувонбозлик қилмасак, томиримизга игнадан афюн юбормасак, бу касалдан узоқ бўламизми?

Афсуски, бу касалдан узоқ бўлиш учун бу омиллар етмас экан. Шарқий Европа ва Марказий Осиë давлатларидаги тиббиëт соҳасида урчиган масъулиятсизлик боис ҳам бу касал қурбонлари ортмоқда.

Ривожланган давлатларда ОИТСга чалиниш суръати пасайган бир пайтда¸ Марказий Осиëда¸ хусусан¸ Ўзбекистонда тескари бир ҳолат кузатилмоқда.

Ўзбекистонда расман 14 минг киши ОИТВ/ОИТС га чалинган.

Мутахассисларга кўра, норасмий рақамлар бундан олти, ўн баравар кўп бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG