Линклар

Ўзбекистон ОИТВ тез тарқалаëтган юрт

  • Фаррух Юсуфий

Минтақадаги қўшнилари ўз аҳолисини ОИТВ ва ОИТС таҳликасидан огоҳлантириб¸ ҳушëрликни кучайтираëтган бир кезда¸ Ўзбекистон расмийлари муаммо борлигини инкор этишга уринмоқдалар.

Минтақадаги қўшнилари ўз аҳолисини ОИТВ ва ОИТС таҳликасидан огоҳлантириб¸ ҳушëрликни кучайтираëтган бир кезда¸ Ўзбекистон расмийлари муаммо борлигини инкор этишга уринмоқдалар.

Бу ҳақда БМТ¸ қолаверса мустақил мутахассислар бонг ураëтганига қарамай¸ Ўзбекистон ҳукумати ойни этак билан ëпишга уринмоқда.

Ўтган ойда Наманганда 40дан ортиқ болага Oдам Иммун Тақчиллиги Вируси юқтирилгани ҳақидаги хабарлар халқаро майдонда ҳам жиддий ташвишларга сабаб бўлди.

Ўзбекистон ҳукумати бу воқеани расман тасдиқламаган бўлсада, вазиятдан яхши хабадор кишилар Озодлик билан суҳбатда тафсилотларни гапириб берди.

Маълум бўлишича, Намангандаги касалхонада ўнлаб кишиларга ОИТВнинг юқишига муолажа пайтида йўл қўйилган хатолик сабаб бўлган.

БМТнинг ОИТСга қарши идораси маълумотларига кўра, Ўзбекистон бугунги кунда ОИТВ/ОИТС муаммосининг тарқалиш суръати бўйича дунёда етакчи давлатлардан ҳисобланади.

“Улар мунтазам назоратда туради. Маълумотни раҳбаримиз беради. Нимадан юққанлиги маълуммас ҳозир”.

Озодлик билан суҳбатлашган Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва ОИТС маркази ходимлари вилоятдаги касалхоналардан бирида 40дан ортиқ болага одам иммун-тақчиллиги вируси юқтирилганини тасдиқлаган эди.

Воқеа рўй берганини Наманган вилоят ОИТС маркази ходимлари ҳам тасдиқлашган.

Бу ҳақда Озодликка изоҳ берган Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова Наманганда ОИТВнинг оммавий юқтирилганига оид хабарларни рад қилди.

- Бу гапларда ҳеч қанақа асос йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида текширишлар ўтказилган. Прокурорлар томонидан қонун ижроси устидан назорат олиб борилган. Шу назорат олиб бориш натижасида жиддий қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Шу бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги даврда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бир нарсани қайд этиш лозим, Светлана Ортиқова воқеа юзасидан биз билан очиқ гаплашган ва исми ошкор этилмаслигини сўрамаган ягона расмий бўлди.

Айни пайтда, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг ОИТВ муаммоларига оид лойиҳа ва дастурлари учун катта грант ажратган Глобал жамғарма вакили Намангандаги воқеадан хабари борлигини айтди.

Глобал жамғарманинг Ўзбекистонда 24 миллион АҚШ долларига тенг грант лойиҳаларини назорат қиладиган ходими Валерий Чернявский гапиради.

- Ҳа, бу ҳақда менга Глобал жамғарманинг грантини оладиган асосий ташкилот ходимларидан бири гапириб берди. Афсуски, бу ҳолат кутилган эди, чунки хабарингиз бор, 2006-2007 йилларда қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам худди шундай воқеалар рўй берди.

Ўзбекистондаги воқеага келсак, билишимча¸ ўнлаб болаларга Одам Иммун Тақчиллиги Вируси юқтирилган. Бунда 24 билан 82 орасидаги турли рақамлар айтиляпти. Лекин асосий гап бундамас, чунки касалланган ҳар бир киши, айниқса¸ ёш болага бу касалликнинг юқтирилиши оилалар бошига тушга катта кулфатдир.

Озодлик билан суҳбат фурсатидан фойдаланиб, уларга биз бу ҳолатдан чуқур ташвишда эканимиз ва ОИТВ ҳукм эмаслиги, дунёда миллионлаб одам бу касаллик билан оддий ҳаёт кечираётганини айтмоқчиман.

Ҳозирги вазиятда асосий қилинадиган иш бу беморлар билан бир муассасада даволанган одамларни топиб, уларни ҳам текширишдир. Шунингдек, ОИТВнинг оммавий юқтирилишига нима олиб келганини аниқлаш керак, - дейди Глоба жамғарма вакили.

ОИТВнинг касалхоналарда оммавий юқтирилгани билан боғлиқ ҳолатларда қўшни давлатлар расмийлари бундай текширув ўтказишда ёрдам сўраб¸ Американинг Юқумли касалликларни назорат қилиш маркази каби ташкилотларига мурожаат қилганини айтар экан Глобал жамғарма вакили, Ўзбекистон ҳукуматининг воқеани сир сақлаш уринишларини тушунмаяпман, дейди.

- Қозоғистон ва Қирғизистондаги воқеаларда текширувлар жуда юқори савияда ўтказилди. Агар ўзбекистонлик шифокорлар Қозоғистон ва Қирғизистондаги ҳамкасбларига мурожаат қилишганда, менимча, улар тажрибали мутахассисларни ёрдамга юборган бўларди. Афсуски, ҳозирча бундай бўлаётгани йўқ.

Ўзбекистон томонининг ҳаракатларини баҳолаш қийин, лекин Қозоғистон ва Қирғизистон тажрибаларидан келиб чиқиб, бир нарсани айтишим мумкин, бундай ҳолларда соғлиқни сақлаш ва бошқа мутасадди идоралар тажрибали мутахассисларни қанчалик тезроқ жалб этса, касаллик янада тарқалишининг олди шунчалик тезроқ олинади.

Чунки агар эпидемиянинг сабаби, манбаси, у кимдан юққани тезроқ аниқланмаса, воқеанинг яна такрорланиши эҳтимоли сақланиб қолаверади¸ дейди Глобал жамғарма расмийси Чернявский.

Ўзбекистон бугунги кунда ОИТВ/ОИТС касаллигининг тарқалиш суръати бўйича дунёда биринчилардан бўлиб турибди, дейди Глобал жамғарма вакили.

- БМТнинг ОИТСга қарши кураш идорасининг 2007 йилги ҳисоботи¸ Ўзбекистонда касаллик тарқалиш суръатлари дунё бўйича энг юқорилардан бири эканини аниқ кўрсатди. Бунинг кўплаб сабаблари бор, бу ҳақда аввал ҳам кўп гапирганмиз.

Асосий омиллардан бири сифатида Ўзбекистоннинг Афғонистондан Россия ва Ғарбий Европага олиб ўтиладиган наркотиклар учун асосий йўналиш бўлиб қолаётганини қайд этиш мумкин. Лекин, Ўзбекистон ҳукуматининг вазият жиддий эканини тўғри тушунаётганини ҳам алоҳида қайд этиш керак.

Масалан¸ бугунги кунда Марказий Осиё бўйича анти-ретровирус препаратлари билан ОИТВдан даволанаётганлар сони икки ярим минг кишини ташкил қилса, уларнинг бир ярим мингги Ўзбекистонга тўғри келади, дейди Чернявский.

Ўзбекистонда одам иммунитет тақчилиги вируси ва орттирилган иммунитет тақчиллиги синдроми муаммоси билан кураш мақсадларига катта маблағлар, жумладан халқаро ташкилотларнинг ёрдами жалб қилинган.

Хусусан, Глобал жамғарма 2004 йилда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига бундай дастурлар учун беш йилга мўлжалланган 24 миллион АҚШ долларига тенг грант берган. Жамғарма вакили Чернявскийнинг айтишича, келаси йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳукуматига яна 80 миллион АҚШ долларига тенг грант берилиши мумкин.

Одам Иммунитет Тақчиллиги Вируси ҳақида қисқа маълумот.

Бу вирус қонга тушгач, охир-оқибат орттирилган иммунитет синдромига айланади. Бу синдром эса, беморни бошқа кўплаб касалликларга мойил қилиб қўяди ва организмнинг касалликлар билан курашиш қобилиятини мутлақ ишдан чиқаради. Оқибатда, бемор ўша касалликлардан нобуд бўлади.

ОИТВ инфекцияси одатда вирус билан зарарланган қоннинг бошқаларга қуйилиши, қайтадан ишлатилган шприцлар, яхши стерилланмаган тиббий анжомлар, масалан, стоматология ёки гинекология бўлимларида, жинсий алоқа орқали, ҳомиладор аёлдан туғилажак болага юқиши мумкин.

Бунда кишилар кучоқлашганда ёки қўл бериб сўрашганда, кийимлар орқали, биргаликда овқатланганда, йўталганда ёки акса урганда ва ҳашоратларнинг чақиши орқали ОИТВ инфекцияси юқмайди.

ОИТВ юққанини бугун Ўзбекистон бўйлаб вилоят ва шаҳарларда ташкил қилинган ОИТС марказлари қон таҳлили орқали аниқлаб бериши мумкин.
XS
SM
MD
LG