Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:12

ЕИ вакиллари Тошкентда мулоқот ўтказди


Пъер Моррел ЕИ нинг Марказий Осиë стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги белгиловчи шахслардан биридир.
Пъер Моррел ЕИ нинг Марказий Осиë стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги белгиловчи шахслардан биридир.

Сўзлашувларда халқаро ва минтақавий жараëнлар қатори¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳам тилга олинган.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Моррел етакчилигидаги делегация сафида Европа Иттифоқи ташқи алоқалар комиссарлигининг Марказий Осиё сиёсати идорасининг раҳбари Томас Фреллесен, Франция ташқи ишлар вазирлиги вакили Эрик Мийе ҳамда Чехия элчихонаси мутасаддиси Дагмар Новоградска Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашди.

Франциянинг Тошкентдаги элчихонаси пресс атташеси Фарида Шарифуллинанинг Озодлик радиосига айтишича:

- Пьер Моррел жаноблари Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ҳамда Адлия вазири Равшан Муҳитдинов билан учрашди. Кун тартибида муҳокама қилинган масалалардан, Пьер Моррел билан Владимир Норов халқаро вазиятга оид масалалар, хусусан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилдилар.

Бундан ташқари, бутун минтақа, яъни Марказий Осиёга доир барча масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг истиқболлари ҳам муҳокама қилинди, - дейди Франция элчихонаси расмийси.

Oктябр ойида Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан санкциялар сирасидан Тошкент мулозимларига нисбатан виза чекловини бекор қилганидан бери икки томон ўртасида борди-келди қуюқлашиб қолди.

Брюсселнинг санкцияларни юмшатиш қарорида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазиятнинг яхшиланишига умид билдирилган эди. Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистон ҳукумати билан учрашувида бу масалага ҳам тўхталди, дейди Фарида Шарифулида Озодлик билан суҳбатда.

- Жаноб Моррел билан жаноб Норов шунингдек, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласини ҳам муҳокама қилишди ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқларига оид мулоқотни давом эттириш ниятларини олқишлаши алоҳида қайд этилди, - дейди Франция элчихонаси матбуот вакили.

Виза чекловини бекор қилиш қароридан бери Ўзбекистонда ҳуқуқ фаоллари Аъзам Турғунов ва Солижон Абдураҳмоновлар узоқ муддатга қамоққа ҳукм қилинди. Франция элчихонасига кўра, Тошкент учрашувлари чоғида бу ҳуқуқ ҳимоячилари тақдирининг муҳокама қилингани номаълум.

Кузатувчилар Россия ëнилғи заҳираларига тобеъликдан қутулишга уринаётган Европа Иттифоқи Ўзбекистонга олқиш ёғдиришга мажбур, деган фикрда.Европанинг ўзи ҳам Марказий Осиёга янгича “реал-политик” стратегиясининг асос - маркази бу минтақанинг табиий бойликларига қаратилганини яширмайди.

Бундан ташқари, бугун вужудга келган геосиёсий вазият ҳам Ўзбекистоннинг Европа учун аҳамиятини оширмай қолмади. Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов гапиради.

- Ҳозирги пайтда дунëда бўлаëтган геосиëсий вазият Марказий Осиëга ҳам таъсир қилади. Менинг назаримда¸ ҳозирги пайтда Марказий Осиë республикалари Грузия воқеаларидан кейин Россиядан анчагина чўчиб қолишди. Айрим муждаларга қараганда¸ ҳаттоки Россиянинг энг яқин ҳамкор ва дўстларидан бўлган Қозоғистон ҳам Москвадан бироз чекинаяпти ва Ғарбий Европа ҳамда АҚШ билан ҳамкорлик қилиш даражасини устувор қилиб кўрсатаяпти.

Менинг назаримда¸ Каримов Ғарб билан ҳамкорликни кучайтиришни¸ албатта¸ хоҳлайди. Бу орқали Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш¸ жумладан¸ Ўзбекистоннинг ўзи учун ҳам керак бўлган сиëсий ва иқтисодий дивидентларни олишга ҳаракат қилади¸ - дейди Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистон ҳукумати кўз қарашларини ёқловчи Тошкентдаги Сиёсат таҳлил маркази шарҳловчиси Ғофур Жамолов ҳам, Кавказ можароси, қолаверса Афғонистондаги вазиятнинг аянчлилигича қолаётгани Европа Иттифоқининг Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистондаги сиёсатига бевосита таъсир этишини айтади.

- Кавказ воқеалари қайсидир маънода таъсир қилиши мумкин. Яъни Марказий Осиë республикалари билан Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни¸ албатта¸такомиллаштириш ва қолаверса¸ ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш¸ шу билан бир қаторда минтақавий масалаларда ҳам Европа Иттифоқининг иштироки ëки ўрнини секин-секин бугун кўришимиз мумкин бўлади¸ - дейди Ўзбекистондаги Сиёсат таҳлил маркази шарҳловчиси.

Франция элчихонаси вакилига кўра, Европа Иттифоқи делегацияси душанба куни Ўзбекистон Адлия вазири Равшан Муҳитдинов билан ҳам учрашган.

- Пьер Моррел етакчилигидаги делегация шунингдек, Адлия вазири Равшан Муҳитдинов билан ҳам учрашди. Улар ўтган ҳафта Брюсселда бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари Адлия вазирларининг учрашуви натижаларини муҳокама қилдилар. Унда вазир Муҳитдинов ҳам қатнашган. Моррел билан Муҳитдинов ҳамкорлик истиқболлари ҳамда адлия тизимини ислоҳ қилишга доир режаларни муҳокама қилишди, деди Тошкентдаги Франция элчихонасининг матбуот вакили Фарида Шарифулина Озодлик билан суҳбатда.

Унинг айтишича, Европа Иттифоқи делегацияси шу куни минтақадаги сув муаммоларига бағишланган анжуманда иштирок этиш учун Туркманистонга жўнаб кетган.
XS
SM
MD
LG