Линклар

logo-print

Умаров ишида чалкашликлар кўп

  • Барно Анвар

Андижонлик имом Бахтиёр Умаровнинг ҳибсга олинишини россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари икки давлат махсус хизматларининг қўшма амалиёти эканини тахмин қиладилар.

Андижонлик имом Бахтиёр Умаровнинг ҳибсга олинишини россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари икки давлат махсус хизматларининг қўшма амалиёти эканини тахмин қиладилар.

Россиянинг Улан-Удэ шаҳри тергов ҳибсхонасида сақланаётган имом Бахтиёр Умаров ишига оид янги тафсилотлар ошкор бўлди.

Маълум бўлишича, асли андижонлик имом Умаровни Ўзбекистон томони 1999 йилги портлашларга алоқадорликда айбламоқда. Бу мазмундаги жиноят иши эса шу йил 13 сентябр куни (орадан 9 йил ўтгач) қўзғатилган ва шу санада унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Саккиз йилдан буён Россияда яшаётган ва шу йил 11 июлда Россия фуқаролигини олган Бахтиёр Умаров расман Улан-Удэ шаҳрининг мусулмонлар жамоати раҳбари - имом-хатиби этиб тайинланган эди.

Бурятиялик имом ҳимояси билан шуғулланаётган россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари бугунга келиб, унинг ҳибсга олиниши ва унга нисбатан Ўзбекистон томони қўзғатган жиноий иш бўйича Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига юборилган ҳужжатларда бир талай чалкашликлар ва сохта маълумотларни аниқлади.

Россиядаги марказий осиёлик қочқинлар ҳимояси билан шуғулланувчи “Фуқаровий кўмак” ташкилоти тарқатган матбуот варақчасида айтилишича, Умаровга нисбатан эълон қилинган халқаро қидирув санаси бир ҳужжатда 2008 йилнинг 29 сентябри, деб кўрсатилган бўлса, бошқасида 2008 йил 13 сентябри, деб кўрсатилган. Бироқ 15 ноябр куни уни қўлга олган Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари уни қидирувдаги шахслар рўйхатидан топмаган.

Бахтиёр Умаровнинг адвокати Владимир Бураев ўз ҳимоясидаги кишининг ишида бундай чалкашликлар кўплигини айтмоқда. Унинг фикрича, бундай чалкашликларни нафақат Ўзбекистон томони юборган ҳужжатларда, балки уларнинг сўровига биноан Бахтиёр Умаровни экстрадиция қилишга уринаётган Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари тақдим қилаётган ҳужжатларда ҳам учратиш мумкин.

Адвокат Бураев ўз ҳимояланувчисига берилган Россия фуқаролиги қайтариб олингани ҳақида тақдим қилинган расмий жавобни ўз фикрига далил қилиб келтирди.

- Улар бунга сабаб қилиб, Умаровга паспорт бериш чоғида ўрнатилган тартиб-қоиданинг бузилганини сабаб қилиб келтирган. Гўёки идора инспектори бошлиқнинг рухсатисиз Умаровга Россия фуқаролигини бериб юборганмиш. Бундай бўлиши мутлақо мумкин эмас. Бундан ташқари, Умаровнинг аризаси қабул қилинган ва унга жавоб чиққан муддатда ҳам чалкашликлар бор, - дейди адвокат.

Муҳими, шу вақтгача имом Бахтиёр Умаровга ҳеч ким, ҳеч қандай эътироз билдирмаган. Шу жумладан, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам. Аммо, адвокат Бураевга кўра, яқинда бурятиялик Саид исмли диндор ортидан Россия хавфсизлик хизмати қидирув бошлаганидан сўнг, андижонлик имом ҳам қидирувдаги шахсга алоқадор кишилар рўйхатига тушган.

- Бу шахс Москвада ислом таълимотини ўқиган ва ўша ердаги мусулмонлар идорасида ишлаган, - адвокат Владимир Бураев. - У ердан Мисрга ўқишга юборилган. Мисрдан қайтгач, Бурятиядаги мусулмонлар, шу жумладан, имом-хатиб Бахтиёр Умаров ҳам уни уламо сифатида қабул қилган ва жамоа йиғинларида у кишининг маърузаларини эшитишган. Бироз вақт ўтгач, бу уламо сирли равишда ғойиб бўлган ва эндиликда у билан таниш бўлган барча диндорларга нисбатан босим бошланди. Россия хавфсизлик хизмати сўроқ қилинаётганларга бу уламонинг Чеченистонда жангарилар сафида жанг қилаётганини айтмоқда.

Аммо, адвокатнинг айтишича, ғойиб бўлган Саид исмли диндорнинг Чеченистонда эканини ҳозирча фақат ФСБ таъкидламоқда.

- Бу диндорнинг яқинларига эса ҳеч нарса маълум эмас. Россия хавфсизлик хизмати ашаддий жиноятчи санаётган бу диндор ортидан тазйиққа учраётганлар рўйхатига киритилган Бахтиёр Умаров эса айбсиздир. Афтидан, Россия томонининг сўровига биноан Ўзбекистон прокуратураси орадан 9 йил ўтиб, уни Тошкент портлашларига алоқадорликда айблаб, жиноят иши очган, - дейди адвокат Владимир Бураев.

Россиялик ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина тахминича, “Бахтиёр Умаровнинг ҳибсга олиниши Россия ФСБ учун яна шуниси билан муҳимки, бир тарафдан, маҳаллий диндорлар орасида илми туфайли нуфузи ортиб бораётган имом кўздан йўқ қилинмоқда ва айни вақтда, уни чечен жангарилар билан боғлаш орқали етакчи диндорлар обрўсизлантирилмоқда. Иккинчи тарафдан эса погондош ўзбек ҳамкасблар яна бир марта қарздор қилиб қўйилаяпти”, деб ҳисоблайди россиялик ҳуқуқ фаоли. Шу боис ҳам, Елена Рябинина таъкидича, бурятиялик имом Бахтиёр Умаровнинг экстрадиция қилиб юборишлари хавфи юқори.

- Ҳозир Умаров Улан-Уде шаҳар тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Бу ерда ҳам қўпол қонунбузарликка йўқ қўйилган. Улан-Уде шаҳридаги туман прокуратураси қарорига кўра, Умаровни дарҳол 6 ойлик ҳибсга маҳкум қилишган. Ваҳоланки, бу муддат 40 кундан ошмаслиги керак. Хуллас, Бахтиёр Умаровнинг иши бошдан оёқ қонунбузарликлар билан тўлиб тошган. Биз бу бўйича барча саволларимизга изоҳ берилишини талаб қилиб тегишли идораларга сўровнома жўнатдик, - дейди “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг марказий осиёлик сиёсий қочқинлар билан ишлаш дастури раҳбари Елена Рябинина.
XS
SM
MD
LG