Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:21

Кечаги рақиблар - бугун маслакдош


Ҳиллари Клинтон ўз собиқ рақиби Барак Обаманинг ташқи дунëдаги энг нуфузли вакили бўлади.
Ҳиллари Клинтон ўз собиқ рақиби Барак Обаманинг ташқи дунëдаги энг нуфузли вакили бўлади.

АҚШ янги сайланган президенти Барак Обама олти кишилик ўз миллий хавфсизлик командасини жамоатчиликка тақдим этди.

Барак Обама билан қарийб икки йил АҚШ президентлигига демократлар номзоди бўлиш ҳаққи учун кескин кураш олиб борган Ҳиллари Клинтон ўз собиқ рақиби томонидан Америка дипломатиясининг янги етакчиси этиб тайинланди.

Чикагода ўтказилган матбуот анжуманида олти кишилик миллий хавфсизлик гуруҳини тақдим этар экан Обама ўз командаси Америка бошқарувида янги саҳифа очишга қодир одамлардан тузилганини билдирди.

- Олдимизга қўйган мақсадларимизга эришиш учун биз ҳарбий ва дипломатик¸ разведка ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш¸ иқтисод ва ахлоқ каби Америка қудратининг барча жиҳатларидан моҳирона фойдаланувчи¸ бу жиҳатларни мувозанатга солиб¸ уларни бирлаштирувчи янги стратегияни амалга оширмоғимиз лозим. Биз бугун тузган янги гуруҳ ана шу ишни бажаришга қодир¸ - деди Обама ўз миллий хавфсизлик командасини тақдим эта туриб.

Собиқ рақиби Ҳиллари Клинтонни АҚШ Давлат котиби лавозимига танлаганига тўхталган Барак Обама¸ бу қарорига Клинтон хонимнинг ўткир заковати ва дунë пойтахтларидаги баланд эътибори асос бўлганини билдирди.

- Ҳилларининг бу лавозимга тайинланиши дўстга ҳам ғанимга ҳам бир мужда – менинг Америка дипломатияси ва иттифоқчиликни қайта тиклаш борасидаги қарорим қатъий экани ифодасидир. Бу соҳада қилинадиган ишлар жуда кўп. Эрон ва Шимолий Кореянинг ядровий қуролга эга бўлиши олдини олиш¸ Исроил ва Фаластин ўртасида давомли тинчлик барпо этиш ва халқаро тизимларни мустаҳкамлаш шулар жумласидандир¸ - деди 20 январ куни АҚШ президенти сифатида қасамëдга келтириладиган Барак Обама.


АҚШ Давлат котиблигига ўз партияси ичидаги энг кучли рақибини тайинлаган Обама¸ республикачи Роберт Гейтсни Мудофаа вазири лавозимида қолдиришга қарор қилди.

Адлия вазири¸ Ички хавфсизлик вазири¸ Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари ва АҚШ нинг БМТ даги элчиси лавозимларига Барак Обаманинг узоқ йиллик ҳаммаслак ва маслаҳатчилари тайинландилар.

Янги маъмуриятдаги миллий хавфзизлик гуруҳи таркибини шарҳлаëтган сиëсий таҳлилчилар¸ Барак Обаманинг бу борада президент Абраҳам Линколндан ўрнак олганини қайд этишмоқда.
Америкаликлар ҳали-ҳамон севиб¸ мағрурланадиган президент Линколн¸ ўз маъмуриятидаги асосий лавозимларни ашаддий рақибларига бериш билан ҳам машҳур бўлган.

Роберт Гейтс ва Ҳиллари Клинтон¸ Обама президентликка сайлангунга қадар унинг сайловолди дастури¸ хусусан Ироқ урушига ëндашувини кескин танқид қилиб келдилар. Ҳиллари Клинтон Обама бошига Эрон каби давлатлар билан олдиндан шарт қўймасдан мулоқот ўтказиш режаси учун¸ айниқса¸ танқидга кўмиб ташлаган¸ Обамани халқаро муносабатлардан бехабар ғўр сиëсатчи дея баҳолаган эди.

Тақдир ҳазили билан айнан Клинтон хоним¸ эндиликда Сенат тасдиғидан ўтса¸ Обаманинг Эронга нисбатан стратегиясини амалга оширувчи асосий шахс бўлади.

Обамани таклифини қабул қилиш баробарида Ҳиллари Клинтон эски рақобат ва келишмовчиликларни ўтмишда қолдириб¸ янги президент билан бир сафда ишлашга қарор қилган кўринади.

- Барак Обамани янги президент этиб сайлаш орқали Америка халқи нафақат мамлакат ичкариси учун янги йўналиш¸ балки АҚШ нинг дунëдаги ижобий ўзгаришлар ортидаги куч сифатидаги эътиборини қайта тиклашни талаб қилдилар¸ -деди Клинтон хоним душанба куни.

Янги миллий хавфсизлик командасига Обама рақибларининг ҳам киритилгани¸ бу гуруҳда ички бўлиниш юзага чиқариб¸ миллий манфаатларга зиëн еткизмасмикин¸ деган хавотирларга тўхталган Барак Обама¸ ўзига айтган гапига сўзсиз кўнадиган қуллуқчилар эмас¸ балки кескин тортишув ва баҳс усталари лозимлигини таъкидлади. Айни пайтда Обама¸ мамлакат ички ва ташқи сиëсатини АҚШ қонунларига мувофиқ¸ президент¸ яъни келаси тўрт йил давомида ўзи белгилашини ҳам қўшиб ўтди.
XS
SM
MD
LG