Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:37

Қирғизлар арзон газга умидвор


Қирғиз расмийлари бу йил ўзбек гази нархининг қарийб икки баробар ошиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.
Қирғиз расмийлари бу йил ўзбек гази нархининг қарийб икки баробар ошиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Қирғизистон энергетика вазирлигидан маълум қилишларича, 2009 йил учун газ сотиб олиш борасида ўзбек-қирғиз музокараларининг дастлабки босқичи бошланди.

“Қирғизгаз” расмийси Айзада Тўйғонбаеванинг айтишича, бу музокаралар 10 декабргача давом этади.

- Телефон орқали ўтказилаётган дастлабки музокараларда сотиб олинадиган газ миқдори аниқланади. Биз ҳар йили одатда 1 миллиард кубометргача бўлган миқдорда газ сотиб оламиз. Бу йил Ўзбекистондан сотиб оладиган газ миқдори тахминан 850-900 миллион кубометр бўлиши мумкин, - деди Айзада Тўйғонбаева.

Унинг айтишича, газ миқдори аниқлаб олингач, 10 декабрда Қирғизистон делегацияси Тошкентга жўнаб кетади ва у ерда газ нархи келишилади. Ҳозирча эса газ нархи борасида аниқ маълумот йўқ.

- Нефт нархи тушмоқда. Газ, жумладан, углеводород маҳсулотлари ҳам арзонламоқда. Шунинг учун газ нархи 300 доллар эмас, арзонроқ бўлади.

Иккинчидан эса бугунги кунда Қирғизистоннинг Ўзбекистондан газ учун қарзи йўқ. Биз газнинг пулини олдиндан тўлаш принципи бўйича иш олиб бораяпмиз. Бу ҳам Ўзбекистоннинг газни арзонроқ сотишига сабаб бўлиши мумкин, - деди Айзада Тўйғонбоева.

“Қирғизгаз” раҳбари Саламат Айтикеев қирғиз матбуотида қилган чиқишида ўзбекистонлик ҳамкасбларини газни арзонроқ баҳода сотишга кўндиришга ҳаракат қилаётганини айтди. Унга кўра, 2008 йилда Қирғизистон минг кубометр газга 145 доллардан ҳақ тўлаган. 2009 йилда эса газ бундан қимматроқ, лекин 300 доллардан арзонроқ баҳода бўлади.

Бироқ, қирғизистонлик айрим иқтисодчилар фикрича, Ўзбекистон газ бўйича янги шартномани имзолаш жараёнида қўшниларига ўтган йиллардаги каби ён босмаслиги мумкин. Бишкеклик иқтисодчи Ўмурбек Абдураҳмонов бу борада фикр билдирар экан, Россия Ўзбекистон газини тўлалигича сотиб олиш ҳақида расмий Тошкент билан битим тузганини ёдга олади.

- Газпром Ўзбекистон ва Туркманистон газини тўлалигича сотиб олиб, дунё монополистига айланмоқчи. Россия газни жаҳон баҳосида сотиб олишга ваъда берган. Бундай шароитда Ўзбекистон қўшниларига газни арзонроқ баҳода сотмаслиги ҳам мумкин, - деди Ўмурбек Абдураҳмонов.

Қирғизистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Бозорбой Мамбетов эса ўзаро манфаатли шартномалар тузиш орқали газ баҳосини оширмаслик имконияти мавжуд, деган фикрда.

- Газни арзонроқ баҳода сотиб олишимиз мумкин, бироқ ҳукумат бунга ҳаракат қилмаётир. Масалан, Ўзбекистон Қирғизистондан сув ва электр энергияси олишдан манфаатдор, Қирғизистон эса асосан газ олади. Демак, иккала давлат ҳам бир-биридан манфаатдор. Ҳукумат мана шу манфаатлардан унумли фойдалана олмаяпти, - деди Бозорбой Мамбетов.

Аввалроқ расмий Бишкек “Қирғизгаз” акцияларининг 75 фоизини Россиянинг “Газпром” ширкатига сотишини билдирганди. Қирғиз ҳукумати бундай шароитда ишончли ҳамкорга эга бўлган ҳолда кейинги йилларда газ баҳосининг кўтарилишининг олдини олиш мумкин бўлади, деб ҳисоблайди.

XS
SM
MD
LG