Линклар

Аравангни ўзинг торт...


Кейинги пайтда коммунал хизматлар учун тўловларнинг кетма-кет оширилиши устига йўл ҳақининг ҳам кўтарилиши Тошкентда кўпчиликни молиявий танг аҳволга солиб қўйиши мумкин.

Кейинги пайтда коммунал хизматлар учун тўловларнинг кетма-кет оширилиши устига йўл ҳақининг ҳам кўтарилиши Тошкентда кўпчиликни молиявий танг аҳволга солиб қўйиши мумкин.

1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон пойтахтида йўлкира нархи оширилиб, автобус, троллейбус, трамвай ва метро учун йўл ҳақи 400 сўм қилиб белгиланди.

“Тошкентйўловчитранссервис” ташкилоти ходими Озодлик мухбири билан суҳбатда йўлкира нархларини ошириш мажбурий чора бўлганини айтади.

- Биринчи декабрдан 14¸3 фоизга ошди. 15 фоиз дейилган, лекин сал камроқ. 350 сўм эди¸ 400 сўм бўлди. Ойлик чипта 35000 сўм эди¸ 40 минг сўм бўлди. Бу жорий йил ҳисобидан учинчи марта оширилиши, - деди исмини ошкор қилишни истамаган суҳбатдошимиз.

“Тошкентйўловчитранссервис” ходимига кўра, сўнгги марта йўлкира 15 октябрда ошган. Орадан бир ярим ой ўтганидан кейин йўл ҳақининг яна оширилишига суҳбатдошимиз:

- Ҳозир ҳар бир корхона¸ ҳар бир ишхона ўзининг харажатларини ўзи қоплаб¸ қўполроқ айтганда аравасини ўзи тортиши керак. Давлатга оғирлиги тушиши керакмас. Шу мақсадда оширилаяпти, лекин жамоат транспорти барибир зарарли ҳисобланади.

Улуғ Ватан уруши қатнашчилари¸ Улуғ Ватан уруши ногиронлари каби текин юриш ҳуқуқига эга бўлган имтиëзли йўловчилар бор. Шуларнинг ҳисобига давлат маълум бир миқдорда дотация беради.

Қолган қисмининг харажатини шаҳар жамоат транспортининг ўзи қоплаши керак. Эҳтиëт қисмларини¸ ëқилғи маҳсулотларини бериши керак. Шунинг бир тарафини камайтириш учун керак бўлган бу нарсалар, - дея изоҳ берди.

“Тошкентйўловчитранссервис” ходими йўлкира ошишидан унинг ўзи ҳам рози эмаслигини яширмади.

- Ўзимизга қолса¸ биз ҳам оширмасдик. Менинг ҳам, масалан, фарзандлариминг биттаси ўқийди¸ биттаси ишлайди. Улар ҳам ойлик йўл чиптаси олади. Тўғри¸ тушуниш керак халққа ҳам оғир. Бозор иқтисодиëти муносабати билан давлат ҳам пулни қаердан олади? Ҳозир шароит шунақа, - дейди суҳбатдошимиз.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳри аҳолисининг 70 % қисми жамоат транспортларидан фойдаланади. Тошкентлик суҳбатдошимиз Суҳроб Исмоиловнинг таъкидлашича, йўлкиранинг кетма-кет қимматлаши камбағал оилалар чўнтагига тўғри келмаяпти.

- 50 сўмга қимматлаган. Лекин, менимча, ҳозир Ўзбекистонда даромад даражалари ўртаҳол ва ўртаҳолдан пастроқ бўлган аҳоли гуруҳлари жамоат транспоридан фойдаланишади. Тошкент шаҳри мисолида гапирадиган бўлсак¸ шаҳарнинг 70-80 фоиз аҳолиси жамоат транспортидан фойдаланади. Уларнинг Ўзбекистондаги ҳозирги даромадларини ҳисобга олсак¸ уларга 50 сўм ҳам қийинчилик туғдириши мумкин, - дейди Суҳроб Исмоилов.

Йўлкира ошганидан хабар топган бошқа суҳбатдошларимиз ҳам Суҳроб Исмоиловнинг фикрига қўшиладилар.

- Битта оилада эр-хотин¸ уларнинг тўртта-бештадан боласи бор. Бўлмаганда иккита боласи бор. Талабаларнинг йўлкираси ҳам ошди. Ҳисоб-китоб қилганда, барибир тўғри келмайди-да. Ойлик кам. У йўлкирани қопламайди, - дейди ўзбекистонлик суҳбатдошларимиздан бири.

- Ойлик ошмади, лекин транспорт ҳақи ошибди. Ҳамма норози-ку, лекин нима ҳам қила оларди? Дардини кимга айтади? – дейди бошқа бир суҳбатдош.

Маълумки, икки ҳафта муқаддам Ўзбекистон иқтисодиёт вазирлиги мамлакатда ўртача иш ҳақи 300 минг сўмни, яъни тахминан 220 АҚШ долларини ташкил қилиши ҳақида хабар тарқатганди.

Йўлкира нархини бир ярим ой ичида икки марта оширган “Тошкентйўловчитранссервис” ташкилоти айни хабардан илҳомланган кўринади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG