Линклар

logo-print

Қамоқдаги фаолларни қийнаш кучайган


Яқинларининг айтишича¸ қамоқдаги инсон ҳуқуқлари фаоллари¸ шунингдек сиëсий ва диний эътиқоди учун қамалганларнинг панжара ортидаги оғир ҳаëти кейинги кунларда янада оғирлашмоқда.

Яқинларининг айтишича¸ қамоқдаги инсон ҳуқуқлари фаоллари¸ шунингдек сиëсий ва диний эътиқоди учун қамалганларнинг панжара ортидаги оғир ҳаëти кейинги кунларда янада оғирлашмоқда.

Хабарларга кўра¸ қамоқдаги сиëсий маҳбуслар - Абдурасул Худойназаров¸ Норбой Холжигитов¸ Аъзам Фармонов ва Санжар Умаровнинг аҳволи кун сайин оғирлашмоқда.

Иккинчи декабр куни “Эзгулик” жамияти томонидан тайинланган адвокат Бекободдаги қамоқхонага бориб¸ Абдурасул Худойназаров билан учрашиб қайтди.

Бу ҳақда “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов Озодликка маълум қилди.

- Эзгуликнинг Ангрен тумани бўйича собиқ раиси Абдурасул Худойназаров ўз жонига қасд қилганлиги ҳақида хабарлар тарқатган эдик. Куни кеча унинг хотини Гулчеҳра Туронова бизнинг жамиятимизга Худойназаров ўзини осгандан кейин яна қийноқларга солинаëтгани, жарима изоляторига ташлангани ҳақида мурожаат қилди.

Бу мурожаатдан кейин бизнинг жамиятимиз адвокат ëллаб, ўша адвокат Бекободдаги 64-21 муассасага кириб чиқди. Адвокатнинг айтишича¸ унинг аҳволи маълум даражада оғир. Унинг касаллиги тўғрисида ëзиб олиб чиқаëтган нарсаларини муассаса раҳбарияти олиб қолган. Адвокат жума куни яна киришга ҳаракат қилади. Ҳозир яна у кишини ҳимоя қилиш чораларини кўраяпмиз, - деди Абдураҳмон Ташанов.

Ўтган ҳафта қамоқхонага бориб¸ эри билан учрашишга муваффақ бўлган Гулчеҳра Туронова ҳам эрининг аҳволи анча оғир эканлигини тасдиқлади.

- Аҳволи оғир. Икки кун ëнида бўлиб¸ ўзимнинг ҳам мазам бўлмай қолди. Соғлиги яхшимас. Чунки бу ерда тазйиқ ўтказиб¸ уришган. Кейин у киши ўзларини осган. Қийналиб кетгандан кейин кўзига ҳеч нарса кўринмаган. Ўзининг кўйлагига осганда ўзини. Ҳалиям ëнида битта одам бўлган. Зўрға қутқариб олган. Ўзи чиқиши керак эди. Булар сенга заказ бор, деб қийнашаяпти. Йўқ жойдан уришаëтган экан-да. Ичкаридаги капитан: “Менга буйруқ бўлган” деяëтган экан,

Абдурасул Худойназаров “Эзгулик” жамиятининг Ангрен шаҳар бўлимини бошқарган. У товламачилик ва фирибгарликда айбланиб¸ тўққиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

“Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятовага кўра, Абдурасул Худойназаровга нисбатан қамалган кунидан бошлаб мунтазам қийноқлар қўлланиб келинмоқда.

- Ўз жонига қасд қилиши бу биринчи ҳолат эмас. Иккинчи¸ учинчи марта содир бўлиши. Қамалганидан бери унга ўтказилаëтган қийноқлар¸ тазйиқлар шу даражадаки¸ масалан мен ўзим ҳам бориб қамоқхонада кўришиб¸ гаплашиб келганман. Баданидаги кўкларни кўрганман. Унинг аҳволи бугунги кунда жуда ҳам оғир, - дейди “Эзгулик” жамияти раҳбари.

Васила Иноятовага кўра, Абдурасул Худойназаров сингари қамоқхонада қийноқларга учраётган шахсларнинг рўйхати жуда узун.

- Санжар Умаровда ҳам худди шунақа ҳолат. Бундан ташқари Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилояти¸ Иштихон тумани бўлими раиси бўлиб ишлаган Норбой Холжигитовнинг ҳам аҳволи жуда оғир.

Айнан шу жамиятнинг Сирдарë вилояти бўлими раиси бўлган Аъзам Фармоновга нисбатан ҳам худди шунақа қийноқлар бўлаяпти. Алишер Кароматовга нисбатан ҳам шу ҳолат.

Уларни руҳан синдириш¸ кейинчалик умуман мана шу юрғизган фаолияти¸ мана шу тузумга бўлган танқидий қарашларини синдириш. Инсон сифатида уларнинг дунëқарашларини ўзгартиришга қилинаëтган ҳаракат деб биламан, - дейди Васила Иноятова.

Ўзбекистон қамоқҳоналаридаги қийноқлар бўйича мониторинг ўтказаётган ҳуқуқ фаолларига кўра, уларнинг қийноқлар борасидаги чиқишлари маҳаллий ва ҳалқаро ташкилотлар томонидан деярли эътиборсиз қолдирилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати эса мамлакатда қийноқлар қўлланилишини ҳар доим инкор қилиб келади.

XS
SM
MD
LG