Линклар

Ўзбеклар - қулфурушлар ўлжаси

  • Ҳасанжон

2 декабр куни дунëнинг қатор шаҳарларида "Замонавий қуллик тўхтатилсин! " деган шиорлар билан турли тадбирлар бўлиб ўтди.

2 декабр куни дунëнинг қатор шаҳарларида "Замонавий қуллик тўхтатилсин! " деган шиорлар билан турли тадбирлар бўлиб ўтди.

Қуллик ва одам савдосига қарши кураш кунида янграган рақамларга кўра¸ иш излаб хорижга кетаëтган минглаб ўзбеклар қулдорлар қурбонига айланмоқда.

БМТ қуллар ва болалар меҳнатидан фойдаланиш, аёлларнинг жинсий эксплуатация қилиниши ҳамда одам савдосига қарши қатор ҳужжатлар қабул қилганига қарамай, ҳозирги кунда дунё бўйича миллионлаб одам қуллик меҳнатини бажаришга мажбур бўлмоқда.
Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

Ўзбекистон бош прокурори Рашид Қодиров 13 октябр кунги чиқишида жорий йилда бир минг 450 нафар Ўзбекистон фуқароси одам савдоси қурбонига айланганини маълум қилди. Улар орасида Россия ва Қозоғистонда қулликка сотилган, шунингдек Ҳиндистон, Исроил, Таиланд, Туркия ва бошқа давлатларда фоҳишаликка мажбур қилинган ўзбекистонлик хотин- қизлар бор.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Суҳроб Исмоилов бу жараëнни бир неча йилдан бери яқиндан ўрганиб келмоқда. Унга кўра, Тошкент ҳукуматининг 2008 йилда қуллик ва одам савдосига қарши кураш эълон қилганига қарамай¸ ўзбекистонликларнинг одам савдоси қурбонига айланиши давом этмоқда.

Суҳроб Исмоилов фоҳишаликка мажбур қилинган ўзбекистонлик аёллар одам савдоси қурбонлари сафида эканини айтади.

- Фоҳишабозлик ëки ўз таналарини сотишга кетаëтган алдовга тушиб қолган аëллар ҳам бор. Лекин улар кўпчилик эмас. Асосан 80 фоизи¸ бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра¸ меҳнат муҳожирлари орасидаги мавжуд инсон савдоси қурбонлари¸ дейди ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Иш излаб чет элларга чиқиб кетган ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари асосан Россия ва Қозоғистонда қулликка тушиб қолмоқда.

Москвадаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Мемориал ташкилоти ходими Баҳром Ҳамроев ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияда қулга айланиши сабаблари турлича эканини айтди:

- Ўзбекистоннинг ўзида юрган айрим қулсотарлар уларни алдаш йўли билан олиб келиб¸ 6 ойлаб¸ бир йиллаб қулликда сақланган одамлар¸ шунингдек ўзлари келиб¸ кейинчалик россиялик иш берувчилар қўлида қул бўлганлар бор. Умуман¸ бизда қулликнинг ҳар хил формалари бор¸ - дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Светлана Ганнушкина Москвадаги “Фуқаровий кўмак” нодавлат ташкилоти раҳбари. Унинг ташкилоти Россиядаги марказий осиёлик¸ жумладан¸ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Ганнушкина Россияда қулликка тушиб қолган ва одам савдоси қурбонларининг 80 фоизи ўзбекистонликлар эканини айтди.

- Агар бизга мурожаат қилаётганларга қарасак, уларнинг тахминан 80 фоизини ўзбекистонликлар ташкил этади. Афсуски¸ бизга асосан Ўзбекистон фуқаролари мурожаат қилади. Улар қаллоблар ва ғирром иш берувчиларнинг осон ўлжасига айланади. Бу қаллоблар эса қўшимча даромаддан, яъни деярли ҳақ тўланмайдиган ва текин меҳнатдан воз кечишни хоҳлашмайди¸ – дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Светлана Ганнушкина ўзбекистонликларнинг Россияда қулликка тушиб қолиш сабабларига тўхтаб ўтди.

- Менимча, бунинг қатор сабаблари бор. Биринчидан¸ одамларни жалб қилиш яхши йўлга қўйилган. Афтидан¸ Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятнинг яхши эмаслиги ҳам бунга сабаб.

Иккинчидан¸ ўзбекларнинг ишонувчанлиги. Улар яхши маош тўлайдиган иш бериш ҳақидаги таклифларга осонликча ишонишади. Ким билан муомала қилаётганликларини текширмаслик улар учун одатий ҳол.

Учинчидан улар ўз ҳуқуқларини билишмайди. Уларга ҳуқуқий билимлар керак. Фуқароларни ҳуқуқий билимдон қилиб тарбиялаш зарур¸ - дейди Москвадаги “Фуқаровий кўмак” нодавлат ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина.

Ўзбекистонликларнинг қулликка тушиб қолиши олдини олиш учун яна нималар қилмоқ керак?

Бу саволга Суҳроб Исмоилов бундай жавоб берди:

- Агар биз масаланинг жиддий бир ечимига келмоқчи бўлсак¸ инсон савдосини тўхтатмоқчи бўлсак ëки етарли даражада камайтирмоқчи бўлсак¸ биринчи навбатда Ўзбекистондан ҳар куни чиқиб кетаëтган меҳнат муҳожирлари билан ишлаш керак. Иш икки даражада олиб борилиши керак.

Биринчи даражаси¸ Ўзбекистоннинг ичкарисида¸ меҳнат муҳожирлари жам бўладиган¸ ҳужжатларни расмийлаштирадиган¸ чет элга чиқиб кетадиган жойлар (аэропорт¸ вокзал) ва чегара пунктларида олиб борилиши керак. Бу кўламдаги иш асосан ҳуқуқий тартибдаги тушунтирув ишлари бўлиши керак. Яъни кетаëтган жойида қанақа шароитлар ва қанақа қийинчиликлар кутаëтганини кўзда тутиш керак.

Иккинчи кўламдаги иш эса¸ меҳнат муҳожирлари бориб йиғиладиган¸ ўзларининг жамоаларини ташкил қиладиган Россия ëки Қозоғистон каби давлатларда нодавлат¸ ноташкилот ташаббус гуруҳларини тузиш орқали уларнинг ҳуқуқларини ўша даражада ҳимоя қилиш. Бу ерда Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарининг ўрни ҳам юқори даражада бўлиши керак¸ - дейди Суҳроб Исмоилов.
XS
SM
MD
LG