Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:51

Зиëратчилар Маккада дафн этилди


Ҳаж ибодатларининг бир қисми ўтадиган Масжид -ул -Ҳарамда мусулмонлар сиғинадиган қиблагоҳ - Каъбатуллоҳ жойлашган.
Ҳаж ибодатларининг бир қисми ўтадиган Масжид -ул -Ҳарамда мусулмонлар сиғинадиган қиблагоҳ - Каъбатуллоҳ жойлашган.

Мамлакат муфтиятининг хабар қилишича¸ Ҳаж зиёрати учун Маккага борган қирғизистонликлардан тўрт нафари вафот этган.

Қирғизистон муфтиятидан 2 декабр куни олинган маълумотга мувофиқ, Маккада 86 ёшдаги Абдунаби Саматов 26 ноябр, 75 ёшдаги Мирзақмат Тўраев ва 72 ёшдаги Муҳаммад Маматқулов 28 ноябр, 68 ёшдаги Сотиболди Салайдинов эса 30 ноябр куни вафот этган. Қирғизистонннинг ҳаж ишлари бўйича Маккадаги штаби бошлиғи Мамбетасан Ибраев мазкур маълумотга аниқлик киритди:

- 86 ёшдаги Абдунаби Саматов йўл қоидасига риоя қилмагани оқибатида автомашина уриб кетиб, қазо қилди. Қолган уч киши эса касаллик туфайли кўз юмди, - деди Ибраев.

Қирғиз матбуоти муфтият бу ҳақда кечикиб, яъни 2 декабр куни маълумот берганини танқид қилмоқда. Бишкекда нашр этиладиган “Қирғиз туусу” умуммиллий газетаси бош муҳаррири Қиёз Мўлдўқасимов фикрича, қирғизистонлик зиёратчиларнинг оламдан ўтгани тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида ошкор этилмагани Қирғизистон халқига нисбатан ҳурматсизликдир:

- Қирғизистон фуқароларининг бир тола сочи тўкилгани ҳақидаги маълумотларни ҳам йиғиб, кун сайин бу ҳақда ахборот берилиб турилиши керак. Бу ахборотни яшириш қирғиз халқига нисбатан хоинлик, деса бўлади, - деди Қиёз Мўлдўқасимов.

Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жуманов эса бу маълумотлар кенг жамоатчиликка ошкор этилмаса ҳам марҳумларнинг қариндош-уруғларига ўша куниёқ хабар берилганини айтди. Муфтий вафот этганлар Макка шаҳрига дафн этилганини билдирди.

- Марҳумларнинг қариндошлари уларни Маккада дафн этилишига розилик билдирганлар. Шунинг учун ҳам марҳумларни ўша ерга қўйдик, - деди Муротали ҳожи Жуманов.

Муфтий зиёратчиларнинг вафот этгани ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка шу кунгача нима учун етказилмагани тўғрисида изоҳ бермади.

Бироқ Қирғизистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича давлат агентлиги раҳбари Қанибек Ўсмўналиев ҳам муфтиятнинг бу каби ахборотларни ўз вақтида ошкор этмаганини маъқулламайди:

- Бу ҳолатни биз ҳам танқид қилмоқдамиз. Бу иш жуда нотўғри бўлган. Ҳолбуки, биз ҳар бир воқеа тўғрисида ошкора ахборот тарқатилиши шартлиги ҳақида кескин кўрсатмаларни берганмиз, - деди Қанибек Ўсмўналиев.

XS
SM
MD
LG