Линклар

Қозоқлар ўзбеклардан нусха олмоқчи


Қозоғистон парламенти эътиқод эркинлигига оид қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклифини кўпчилик овоз билан маъқуллади.

Қозоғистон парламенти эътиқод эркинлигига оид қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклифини кўпчилик овоз билан маъқуллади.

Қозоғистон парламенти маъқуллаган эътиқод эркинлиги қонунига киритилган ўзгартишлар янги чекловлар ўрнатишни назарда тутади.

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган диний эътиқод ҳақидаги қонунда 40 та асоссиз таъқиқ ва чеклов, эътиқод эркинлигига раҳна солувчи 20 та қонунбузарлик борлигини аниқладилар.

Халқаро инсон ҳуқуқлари Хельсинки ташкилотининг Олмаота ваколатхонаси раисаси Нинель Фокина бу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Қозоғистонда диний ҳақлари чекланган минглаб сиёсий қочқин ва маҳбуслар пайдо бўлишига олиб келишини айтади:

- Ўзбекистонда диний сабабларга кўра қамалган маҳбуслар сони минглаб бўлса ва улар махсус колонияларда сақланса, Қозоғистонда ҳозирча бундай маҳбуслар сони юзлаб кишиларни ташкил қилмоқда.

Баъзилар: “Ахир бизда бундай маҳбуслар сони минглаб эмас-ку”, дейишади. Бироқ қўшни Ўзбекистондаги вазиятни кузатадиган бўлсак, у ерда ҳам бу ҳолат бир-икки диндорни қамашдан бошланган эди. Қозоғистон бунда ён қўшниси бўлган Ўзбекистон амалиётини қўллашни бошлаяпти, - дейди Фокина.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Қозоғистонда Марказий Осиёдаги бошқа давлатларга нисбатан барча диний ташкилот ва оқимларнинг эркин фаолият юритганини кузатиш мумкин эди. Бироқ йил сайин мамлакатда диний ташкилот ва оқимларга нисбатан муносабат салбий тус олиб бормоқда.

Айни пайтда қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаев мамлакат ҳукуматининг турли диний ташкилот вакилларига нисбатан кескин позицияни қўллашига муайян сабаблар борлигини таъкидлайди:

- Сўнгги бир-икки йил ичида диний ташкилотларга нисбатан жуда кўп эътирозлар бўлди. Биринчидан, мамлакат ҳудудида фаолият юритган кришначиларнинг Олмаота вилоятида ноқонуний равишда уй ва ибодатхона қуриб олганлари, иккинчидан, баъзи ибодатхоналардаги дин хизматчилари орасида ўзга давлат манфаати учун ишлаётган жосуслар аниқлангани, учинчидан, шубҳали мақсадлар билан хориждан Қозоғистонга пуллар юборилиши айнан диний ташкилотлар ва ибодатхоналар орқали амалга оширилаётгани шулар жумласидандир.

Буларнинг барчаси ҳукуматнинг мамлакат ҳудудидаги диний ташкилот ва оқимлар фаолиятига шубҳа билан қарашига ва депутатларнинг диний эътиқод ҳақидаги қонунга мана шундай қўшимча ва ўзгартишлар киритишига туртки бўлди, - дейди Полетаев.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов эса Марказий Осиё давлатларида диний экстремизм ва террорчилик хавфининг мавжудлиги ва бу хавф турли диний ташкилотлар ёрдамида илдиз отиб бораётгани ҳақидаги иддаолар минтақа давлатлари раҳбарлари, жумладан, президент Каримовнинг шунчаки сиёсий ўйини эканини айтади.

- Булар, масалан, президент Каримов Ўрта Осиёда қандайдир диний экстремизм ёки террорчилик бўлаяпти¸ деган даъвони исботламоқчи. Бунинг кимга кераги бор? Одамлар қийналиб яшаб юрибди. 6 миллионга яқин одам ахир чиқиб кетди Ўзбекистондан. Одамлар бола-чақа боқиш учун Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Украина дейсизми, яна қанча давлатларга чиқиб кетаяпти, - дейди Икромов.

Айни пайтда¸ Сурат Икромов Ўзбекистонда диний ташкилотлар фаолияти ҳукумат томонидан қай тарзда жиловлаб олинганига тўхталади:

- Авваломбор 90-йиллар бошида кўп диний уламоларга нисбатан мана шунақа тазйиқлар бошланган. Масалан, Абдували қори, Обидхон қори, Руҳиддин Фахриддиновга. Фахриддинов ҳозир қамоқда.

Бундан ташқари, кўпларга нисбатан диний тазйиқлар бошланган. 1996 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати диний ташкилотларга қарши кураш йўлида мамлакат диний эътиқод тўғрисидаги қонунга 159-, 216- ва 244-моддаларни киритган. Бу моддаларда диндорларни 20 йилгача қамаш каби жазолар ҳам кўзда тутилган. Эндиликда мана шу моддалар бўйича айбланган 7-8 минг диндор қамоқда турли қийноқлар остида ўтирибди, - дейди Сурат Икромов.

Қозоқ парламенти томонидан қўшимча ва ўзгартишлар киритилган диний эътиқод тўғрисидаги қонуннинг яқин орада президент томонидан имзоланиши кутилмоқда.

Кузатувчилар, агар Нурсултон Назарбоев мамлакатнинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги обрў-эътибори ҳақида ўйласа, бу қонунга қўл қўйишдан аввал уни қайта кўриб чиқиш учун¸ албатта¸ Конституцион кенгашга юбориши лозимлигини урғуламоқдалар.

Акс ҳолда, бу Қозоғистоннинг авторитар бошқарувга қайтиши учун қўйилган илк қадамларидан бири бўлиб қолиши мумкин, дея таъкидламоқдалар кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG