Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:34

Ойни этак билан ëпиб бўлмайди


Ҳукуматлар¸ парламентлар¸ молия тизимлари жорий бўҳрондан чиқиш йўлларини муҳокама этаëтган бир пайтда¸ оддий одамлар учун йўғон чўзилиб¸ ингичка узиладиган кунлар бошланди.
Ҳукуматлар¸ парламентлар¸ молия тизимлари жорий бўҳрондан чиқиш йўлларини муҳокама этаëтган бир пайтда¸ оддий одамлар учун йўғон чўзилиб¸ ингичка узиладиган кунлар бошланди.

Глобал молиявий бўҳрон турткисида ўз иқтисодий ва молия тизимларини мустаҳкамлашга уринаëтган ҳукуматлар сафига¸ ниҳоят Ўзбекистон ҳам қўшилди.

Сешанба куни Ўзбекистон президенти мамлакат иқтисодининг асосий соҳаларини барқарорлаштиришга оид фармонни имзолади.

Ушбу қарор, жаҳон молиявий бўҳронининг Ўзбекистон ҳукумати шу пайтгача тан олмай келаётган мамлакат иқтисодидаги салбий оқибатларини бартараф қилишга қаратилган. Бу ҳақда бироз кейинроқ гаплашамиз.

Ҳозир эса гапни президент ўтган ҳафта имзолаган бошқа бир ҳужжат, фуқароларнинг мамлакат тижорат банкларидаги омонатларини ҳимоялаш кафолатларини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармондан бошласак.

Президентнинг 28 ноябр куни эълон қилинган қарори бугун иқтисодий бўҳронни бошдан кечираётган ва буни тан олиб бўлган кўплаб давлатлар кўраётган чора-тадбирларга ўхшаш қадамларнинг дастлабкиси бўлди.

Ўзбек матбуоти молиявий бўҳрон, айниқса, унинг Ўзбекистон иқтисодига таъсири мавзусини четлаб ўтаётгани боис, оддий ўзбекистонлик бу воқеадан бехабар қолаётгани ҳақида аввалги суҳбатимизда батафсил гаплашган эдик.

Жума кундан эътиборан Ўзбекистон ҳукумати жаҳон моливий бўҳронининг оқибатлари Ўзбекистон иқтисодига ҳам таъсир этиши мумкинлигини расман тан ола бошлади.

Фармон преамбуласида айтилишича, у Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг омонатларини жаҳон молиявий кризисининг эҳтимол тутилган салбий оқибатларидан ҳимоялашнинг ишончли кафолатларини таъминлаш, мамлакат банк тизимига аҳолининг ишончини тобора мустаҳкамлаш, аҳоли омонатларини тижорат банкларга жалб қилиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган.

Фарғоналик суҳбатдошимиз Дилмурод Халқ банкининг собиқ ходими. Унинг айтишича, Ўзбекистон банкларидаги омонатлар ҳар доим юз фоиз кафолатланиб келган ва давлатнинг бундай имкониятлари бор.

- Масалан¸ мен ишлаган банк давлат банки эди. Давлат томонидан 100 фоиз кафолатланган. Дейлик банк банкрот эълон қилиб, бекилиб кетган тақдирда ҳам омонатлар давлат томонидан 100 фоиз кафолатланганку, - дейди собиқ банк ходими.

Ўзбекистонлик иқтисодий шарҳловчи Дмитрий Поваров эса, Дилмуроднинг гапига қўшилмайди. Унинг айтишича, президент фармонида айтилганидай фуқаролар пулларини тўлиқ кафолатлаш ҳукумат учун бироз қийин бўлиши мумкин. Чунки давлатнинг омонатларни кафолатлаш фонди фуқароларнинг банклардаги пулларидан қарийб 25 баробарга камроқ.

- Банклар касодга учраши, молиявий тизимнинг қулаши ёки бошқа фавқулодда ҳолларда фуқароларга омонатларини қайтиб бериш учун мўлжалланган давлат жамғармасининг бугунги ҳажми тахминан 40 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Аҳоли омонатларининг умумий ҳажми эса бир ярим триллион сўмдан кўпроқни, яъни қарийб 1 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.

Орадаги фарқни инобатга олсак, давлатнинг омонатларни кафолатлаш жамғармасининг имкониятлари, йўқ деганда, некбин бўлишга асос бўла олмайди. Албатта, фавқулодда вазиятларда ҳукумат қандайдир чора-тадбирларни кўради. Лекин аслида бу фармондан кўзланган асосий мақсад, фуқаролар маблағларини банкларга жалб қилишдан иборат, - дейди иқтисодчи Поваров.

Тошкентлик иқтисодий таҳлилчи Бахтиёр Файзулло ҳам 28 ноябр кунги президент фармони, фуқароларни жаҳон молиявий инқирозидан ҳимоя қилишни мақсад қилган, деган фикрдан йироқ.

Унинг айтишича, қабул қилинган сўнгги фармонлар жаҳон молиявий инқирозидан хабардор бўла бошлаган аҳолини тинчлантириш, қолаверса, банкдаги омонатлар ҳажмини ошириш, жилла қурса, уларнинг қисқариб кетиши олдини олишга қаратилган.

Лекин ўзбекистонликларнинг мамлакат банклари ва умуман молиявий тизимига бўлган ишончи ҳаминқадар эканлигини инобатга олсак, дейди таҳлилчи, ҳукумат эълон қилган чора-тадбирлар истиқболига шубҳа уйғонади.

- Банкларда жуда ҳам кўп омонат бор дея олмаймиз. Чунки аксарият аҳоли ўзининг қўлида нақд пул сақлашни ëки эркин алмаштириладиган валютада сақлашни афзал кўришади. Билсангиз, фуқароларнинг омонатларини кафолатлаш фонди ҳам тижорат банкларининг маблағлари ҳисобига шакллантирилган. Улар шу жамғармага ажратмалар қилишган.

Бундан ташқари бизда биласиз қайсидир ишни амалга ошириб¸ иккинчи қисмини эсдан чиқариб қолиш ҳам бор. Яъни фармойиш қабул қилиш керак, уни кафолатлашимиз керак ва ўзимизнинг чора-тадбирларимизни ишлаб чиқишимиз керак деб ташаббус киритилади-да, уни ижро этиш механизмини фармондан кейин ўйлашга бошлашади.

Фармон бор, бажариш керак, лекин қандай бажариш керак¸ деган саволни биз одатда сал кечроқ ўйлашни бошлаймиз. Менинг фикрим бўйича¸ бу нарса айтарли ўзгаришга олиб келмайди¸ дейди бу мутахассис.

Ўзбекларнинг банкларга бўлган ишончи ҳақида эса аввалги дастурларимизда гаплашганмиз.

- Биз пулимизни банкка қўймаймиз, уйда сақлаймиз. Ҳамма жойда банкка қўймаймиз деган гаплар юрибди. Доллар йўқоларкан, доллар синаркан, деган миш-миш гаплар юрибди.

Фарғоналик собиқ банк ходими бугун банкларда омонатларини сақлайдиганлар асосан қариялар эканини айтади.

- Асосан ëш катта одамлар - чоллар, кампирлар қўяди. Ақли етган пули бор одам пулини кўчада ўзи айлантиради. Савдога ëки бошқа нарсага ақли етмаган одам пулини банкка қўяди. Фоиз ҳисобига яшаëтганлар ҳам бор.

Ўзбекистон ҳукумати банклардаги омонатлар ҳажми камайиб кетмасин, деб ўтган ойда мамлакат тижорат банклари орасида омонатчиларни жалб этишга оид конкурсни эълон қилган эди.

Иқтисодий таҳлилчи Бахтиёр Файзуллонинг айтишича, жаҳон молиявий инқирози Ўзбекистондаги шундоқ ҳам мушкул вазиятни янада кескинлаштириб юбориши мумкинлигини ҳукумат яхши билгани учун барқарорликни таъминлашга қаратилган чораларни кўрмоқда. Лекин, дейди суҳбатдошимиз...

- Тижорат банкларининг қўлида айниқса беш-олтита йирик банкларнинг ҳисобида бўш активлар йиғилган. Уларнинг ҳисоби бир неча миллиардга бориб қолди.

Шунинг ҳисобига эътибор берган бўлсангиз 18 ноябрда чиқарилган фармонда банкротлик ҳолатидаги ëки фаолияти яхши юрмаган ҳолатдаги корхоналарни банкларга сотиб олиш ва уларни ривожлантириш вазифаси юклатилган.

Бир томондан¸ бу иқтисодиëт учун яхши нарсадек туюлади. Банкдаги бўш маблағлар қарз эмас балки инвестиция шаклида киритилади.

Лекин иккинчи томондан банкнинг фаолияти барибир кўпроқ айнан қарз фаолияти ва пул муомаласидан иборат. Қайсидир корхонани сотиб олиб¸ сўнгра уни инқироздан олиб чиқишдан иборат бўлмаса керак¸ деб ўйлайман¸ -дейди Бахтиëр Файзулло.

Шу ерда суҳбатимиз муқаддимасида эслаганимиз президентнинг 2 декабр кунги фармонига қайтиш фурсати келди.

Ушбу ҳужжат иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида, деб номланади ва иқтисодчи Бахтиёр Файзулло тилга олган 18 ноябр кунги фармоннинг мантиқий давомидир.

Ушбу икки фармон тафсилотларига тўхталиб сизни зериктирмоқчи эмасмиз, зотан глобал молиявий бўҳрондан омон қолиш масаласини¸ суҳбатдошларимиз айтганидек, бугун оддий ўзбекистонликнинг асосий юмуши, деб бўлмайди.

Гап 18 ноябр кунги фармонда глобал молиявий бўҳроннинг Ўзбекистон иқтисодига эҳтимолий таъсирини ҳам тан олмаган ҳукумат, сўнгги икки қарори билан буни эътироф эта бошлаганида.

Дмитрий Поваров гапиради.

- Бу дастурда кўзланган чора-тадбирларнинг асосий йўналиши имтиёзли кредитларни бериш, молиявий тизимни барқарорлаштиришга қаратилган. Лекин асосий масала, Ўзбекистон ҳукуматининг бу дастурни қабул қилиши, унинг охир-оқибат жаҳон молиявий инқирозининг мамлакат иқтисодига таъсир эта бошлаганини тан олганини англатади. Давлат миқёсида Ўзбекистон жаҳон молиявий тизимидаги беқарорликнинг бевосита оқибатларидан ҳимояланган эмас, деб тан олинди, дейди иқтисодий таҳлилчи.

Бахтиёр Файзулло ҳамкасби Поваровнинг фикрини тасдиқлар экан, бугун Ўзбекистон жаҳон молиявий инқирозининг дастлабки ва мамлакат иқтисоди учун анча жиддий оқибатларини сеза бошлади, дейди.

Дўппи тор келиб қолган бу вазиятда эса, дейди иқтисодчи, ҳукуматнинг молиявий бўҳрон оқибатларини тан олишдан бошқа чораси қолмаган кўринади.

- Айнан ҳозирги кунда шу инқирознинг таъсири сезила бошлади. Масалан¸ буни пул ўтказмаларининг камайишидан билса бўлади. Бир таниш банкиримиз бор. Унинг гапи бўйича илгари бир ойда у бошқарадиган кичкина бир банкка ташқаридаги гастарбайтерлардан 2-3 миллион доллар келаëтган экан. Ҳозир ташқаридан нари борса 300, 400 минг пул келаяпти¸ дейди. Яъни четдан бизга келаëтган пул оқими камайди.

Ўтган йилги тахминларга кўра, қайсидир манбалар гастарбайтерларнинг Ўзбекистонга юборган пулини 7 миллиард доллар, қайсидир манбалар 8 миллиард доллар деб баҳолашди.

Мисол учун¸ Ўзбекистоннинг бюджети 4 миллиард доллар атрофида бўлади. Энди тасаввур қилинг¸ меҳнат мигрантлари бир йилда жўнатадиган пул Ўзбекистоннинг икки йиллик бюджетини ташкил қилаяпти.

Ëки расмий маълумотга кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2007 йилда 17 миллиард доллар атрофида бўлган. 7-8 миллиард доллар дегани ялпи ички маҳсулотнинг ярми четдан кириб келди¸ деганидир¸- дейди ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Бахтиёр Файзулло.

Бугунги дастуримизни, Озодлик радиоси интернет сайтида эълон қилинган “Глобал молиявий бўҳрон сизнинг оилавий бюджетингизга ҳам таъсир қилдими?”, деган саволга тингловчиларимиздан бири юборган жавоб билан якунласак.

“Ўзбекистонда бундай вазиятга ҳам чидаб беради. Чунки бу каби молиявий бўҳрон Ўзбекистон учун янгилик эмас, аслида Ўзбекистонда молиявий инқироз 1992 йилда бошланган”, - деган жавоб келди каминанинг самарқандлик адашидан.

Озодлик бош саҳифасидаги бу саволга муносабат билдириш орқали¸ сиз глобал молиявий бўҳроннинг ўзбекистонликлар кундалик турмушига қандай таъсир кўрсатаëтганига оид кенгроқ тасаввур туғилишига имкон берган бўласиз.
XS
SM
MD
LG