Линклар

Ногиронлар тиланчилик арафасида


3 декабр халқаро Ногиронлар куни сифатида нишонланади.

3 декабр халқаро Ногиронлар куни сифатида нишонланади.

Ўзбекистонда ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш учун қонунлар қабул қилинган¸ лекин амалда ишламаяпти.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 850 мингдан ортиқ ногирон фуқаро бор, аммо норасмий манбаларда улар сони 2 ярим миллиондан ортиқ эканлиги таъкидланади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ногиронлар ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтожлиги кузатилади.

32 ёшли Дилшодбек Пўлатов Андижон вилоятининг Андижон тумани Қовунчи қишлоғида яшайди. Дилшодбекнинг кўзи болалигида йиқилиб тушиши оқибатида шикастланган.

Бугунги кунда у иккинчи гуруҳ ногирони. Дилшодбек ишсиз. У фақат ногиронлиги учун бериладиган нафақа пули ҳисобига оила тебратади.

- Бизда соғларга иш йўқ-ку¸ ногиронларга қандай иш бўлсин? Ҳозир ишламайман¸ пенсия оламан. Ноябр ойида 52500 сўм пенсия олдим. Етмайди. Гўшт ололмасангиз¸ ëғ ололмасангиз¸ газга тўлаш керак¸ чироққа тўлаш керак. Умуман етмайди. Хотинимнинг ҳам қўли куйиб қолган¸ инвалид. У ҳам 52500 сўм олади. Лекин икковимизники етмайди.

Ҳозир бир қоп Қозоғистон уни 70 мингга етиб қолган. Бир кило ëғ 4000 сўм. Бир кило мол гўшти 7000 сўм. Ҳамма нарса қиммат. Йўлкира, мана, 400 сўм бўлди. Масалан, 5 йилдан бери бир хона уй сола олмаяпман. Битта-яримта нарса қиламан десам ҳам қила олмайман. Қарз бўлсам бўламан¸ лекин ортиқча пул тополмайман, - дейди Дилшодбек Пўлатов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ногиронлар учун деярли имтиёзларнинг йўқлиги уларнинг ижтимоий жиҳатдан қийналишларига сабаб бўлаётир.

Самарқандлик 43 ёшли Садриддин Пўлатов биринчи гуруҳ ногирони. Тўрт фарзанднинг отаси Садриддин ака ногиронлиги учун оладиган нафақа пули рўзғор тебратишга етмаслигини, ижтимоий муаммолар боис эса яқин орада тиланчилик қилишга ҳам мажбур бўлиши мумкинлигини айтади.

- Кўчага чиқиш арафасида бўлиб қолганман. Тиланчиликка яқинлашиб қолаяпмиз-да. Масалан, газ, сув, коммунал хизмат шу даражада ошиб кетганки¸ кўзи ожизларнинг буни тўлашга ҳеч қандай имконияти йўқ. Ҳозирги кунда чироқдан 300- 400 минг қарзим бор. Газдан 200 минг қарзим бор. Коммунал хизматдан қарийб 1 миллионга яқин қарзим бор. Ҳатто болаларни мактабга юборишга ҳам имконият йўқ. Буни мен очиқ айта оламан. Болалар мактабга бора олмаяпти¸ оч-юпун¸ яланғоч, - дейди Садриддин Пўлатов.

Садриддин акага кўра, ишсизлик боис ночорликка тушиб қолган. Бугунги кунда Ўзбекистонда ногиронларни иш билан таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш жиддий муаммолардан бири эканлиги кузатилади.

Ўзбекистонда ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш учун бир қанча жамиятлар тузилган. Шулардан бири Ўзбекистон ногиронлар жамиятидир.

Жамият раиси Ойбек Исоқов ногиронларнинг бошқаларга қарам бўлмасликлари учун уларга, энг аввало, иш ўринлари яратиб бериш жуда зарурлигини таъкидлайди. Унинг айтишича, ногиронлар учун яратилган имтиёзларнинг барчаси қоғозда қолиб кетаяпти.


- Ногиронларимизнинг асосий муаммоларидан бири - уларнинг иш билан таъминланиши. Чунки кўп ногиронлар ишсиз. Иш топиш жуда қийин. Қонун бўйича ногирон агар касалхонада бўлса¸ у овқат пулини тўламайди. Лекин дори-дармонларга ногиронлар барибир тўлаши керак.

Баъзи ногиронлар шартнома пулини тўлай олмай институтни ташлаб кетган. Чунки шартнома пулини тўлаш қийин бўлаяпти. Бу ҳам бизлар учун катта муаммо. Транспорт тўловида фақат кўзи ожизлар¸ черноболчилар ва Афғонистон уруши қатнашчиларига имтиëз бор¸ лекин болаликдан ногиронларга ва бошқа ногиронларга имтиëз йўқ, , - дейди Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси.

Ҳукумат эса мамлакатда ногиронлар ижтимоий томондан муҳофаза қилинганлигини таъкидлайди. Яқинда Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО каби бир қанча халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида, ACCESS (Accessibility, Civic Consciousness, Employment and Social Support for people with disabilities) деб номланган лойиҳани ишга туширди. 415 минг долларлик бу лойиҳадан кўзланган мақсад Ўзбекистон ногиронларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш экани таъкидланмоқда.

Шунингдек, жорий йилда “Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, ногиронларни ишсизлик муаммосидан қутилишига имкон яратилгани таъкидланди.

Мазкур қонунга кўра¸ эндиликда ишлаб чиқариш муассасалари ва ташкилотлар ногиронлар учун маълум миқдорда ишчи ўринлари яратишлари керак.
XS
SM
MD
LG