Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:45

Ўз молига ўзи ўғри ўзбеклар


Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишдан тортиб ишлаб чиқаришнинг аксар тармоқлари¸ ўзини давлат деб атовчилар монополияси этиб белгиланган. Бу қизил чизиқнинг нарëғига ўтиш¸ жиноят ҳисобланади.
Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишдан тортиб ишлаб чиқаришнинг аксар тармоқлари¸ ўзини давлат деб атовчилар монополияси этиб белгиланган. Бу қизил чизиқнинг нарëғига ўтиш¸ жиноят ҳисобланади.

Газета, ТВ, радио бугунга келиб мана энди интернет – ўзига хос узундан узоқ марафон йўлидир. Финиш деган ёзуви йўқ бу йўлда мухбир тинимсиз чопади.

Дунё бўйлаб юз минглаб мухбир бу йўлда ҳар куни юз минглаб кишилар билан учрашади, улар билан боғлиқ воқеалар тўғрисида хабар қилади, уларнинг тақдирлари тўғрисида ҳикоя қилади.

Жуда кўплаб воқеаларнинг давоми бор, лекин ўша давомга қайтишга вақт йўқ, чунки марафон давом этаяпти, мухбирни олдинда янги воқеалар, янги тақдирлар кутаяпти.

Жамият ва қонуннинг бугунги сонида тўхташга, эшиттиришимизнинг баъзи қаҳрамонларига қайтишга, ҳалиги иш нима бўлди, деб сўрашга қарор қилдик.

Биринчи воқеа.

2008 йилнинг 26 сентябри. Жамият ва қонуннинг ўша куни ҳавога узатилган сонида пахтадан қочиб келган жиззахлик бир талаба тўғрисида ҳикоя қилган эдик.

Мана ўша эшиттиришдан парча.

Пахта теримига олиб чиқилган ўзбекистонлик ўқувчи ейдиган овқат

- Овқатлари умуман бўлмайди. Ичидан тошлар чиқади. Макарон беради, ичини титкиласангиз умуман гўшт деган нарса йўқ. Овқатнинг ичидан гўшт, картошка нариëқда турсин иккита макарон чиқса қувонамиз. Қуруқ сув. Макарон кам солинган. Кечка мастава беради. Унинг ичидан эса тош чиқади. Ҳар бир қошиқда тош бор. Одам овқат егандай бўлмайди.

Озодлик: Ичида гўшт борми?

- Гўшт бор фақат у ўқитувчиларга. Болаларга устидан икки чўмич солиб беради. Буханканинг учдан бир қисмини беради. Овқатланиб бўлишимиз билан яна далага ҳайдайди. Далага бориб яна терамиз. Тушдан кейин пахта баракасизроқ бўлади.

Озодлик: Бир кунда неча кило пахта терасан?

- Бир кунда 30, 35 нари борса 40 кило тердим. Шунинг 25 килосини овқатга деб чиқариб ташлаяпти. Овқати ҳам тайинлимас. Хуллас¸ мол ичадиган ювинди.

Пахта теримига олиб чиқилган ўзбекистонлик ўқувчи ичадиган сув

- Овқат учун ариқдан сув олишади. Бу ариқнинг икки метр нариëғида болалар ювинади, буëғидан эса¸ худди ўша ариқдан¸ сув олиб овқатга солаверишади. Каналнинг сувини ичамиз. Яна ўша сувга ювинамиз. Биз бемалол каналдан челак билан сув олиб¸ самоварга солиб қайнатаëтганини кўрдик. Эрталаб ярим пиëла чой беради. Уни ичишга одамни кўнгли ҳам тортмайди. Ичига яхшилаб қарасангиз сувўти кўриниб туради. Яна каналнинг ҳиди ҳам келиб туради.

Хуллас, шароитнинг оғирлигини ўзининг инсоний қадр-қиммати учун ҳақорат деб билан талаба¸ пахта даласини ташлаб уйига қочиб келган эди.

Эшиттириш давомида талабадан энди буёғи нима бўлади¸ деб сўраган эдик.

Озодлик: Мана пахтадан қочиб келибсан. Энди нима бўлади?

- Нима қилай энди? Одамга соғлиқ керак. Биз ўқишимиз керак ахир. Ўзи энди ўқиш бошланиши билан бизни пахтага жўнатиб юборди-да. Энди уйда опам билан бирга дарс қилиб ëтибман.

Озодлик: Лицейдан ҳайдаб юбормайдими?

- Ҳадемай ҳайдалди деган қарор ҳам чиқиши мумкин. Агар ҳозир пул берадиган бўлсак, ишимиз тўғри бўлиши мумкин. Биласизку¸ ҳамма жойда ҳозир пул. Ўзбекистонда ҳамма нарса пора билан-да. Пул билан ҳал қилсак бўлади. Агар пул бермайдиган бўлсам, ҳайдаши ҳам мумкин.

Озодлик: Бу иш неча пул билан ҳал бўлади?

- Нари борса 50 минг ëки 60 минг. 10 кун пахтада туриб берганимга арзонроқ олиши ҳам мумкин.

Орадан мана октябру ноябр ўтди. Хўш, нима бўлди талабанинг тақдири? Унинг ўқиши нима бўлди? Уни ўқишдан ҳайдаб юборишмадими? Ё ўзи айтаётгандай пул билан тўғриладими?

Ноябрнинг охирги кунларида талабанинг опаси билан боғландик. Унинг айтишича, талаба жазоланмади, шу кунда лицейдаги ўқишини давом эттираяпти.

- Ўша укам пахтадан қайтиб келгандан кейин ҳеч нарса бўлмади. Лицейдан ҳеч ким уни қидириб ҳам келмади¸ телефон ҳам қилишмади. Улар 45 кун пахтада бўлишди. Укам қайтиб келгандан кейин яна 30-35 кунлар пахтада бўлишди курсдошлари. Ўқиш бошлангандан кейин ўқишга борса¸ ҳеч ким ҳеч нарса демабди. Раҳбари ҳам¸ директори ҳам ҳеч нарса сўрамаган. Укам “Тўғри ўқишга кириб боравердим. Ҳеч ким сўроқ қилмади” деди. Пул ҳам талаб қилмабди.

Озодлик: Демак ҳозир укангиз ўқияпти.

- Ҳа¸ ўқияпти. Бемалол ўқияпти.

Яхши одамлар экан Жиззах туманидаги лицейнинг раҳбарию домлалари. Файласуф одамлар экан. Кинояю истеҳзо йўқ бу гапимизда.

Иккинчи воқеа.

2008 йилнинг 12 сентябри. Жамият ва қонуннинг ўша куни ҳавога узатилган сонида андижонлик Аҳмадқори ака милиция ходимлари, снбчилар, солиқчилардан иборат камида 15 кишилик гуруҳ уйига бостириб киргани¸ мойжувози учун олиб қўйилган хом-ашёни мусодара қилгани тўғрисида айтиб берган эди.

Аҳмадқори ака: 2008 йил 12 август куни мен нариги кўчага чиқиб кетган пайтда, давлат миллий хавфсизлик хизматидан Жасур Исломов, Олтинкўл прокуратурасининг департаментидан Жаҳонгир Содиқов ва солиқ инпекциясидан яна иккита одам, мен биттасининг номи Носир эканлигини биламан, ўзимизнинг электр тармоғининг ходими Нодирбек деган йигитни олиб¸ менинг уйимга келишган. Олдин Нодирбекни киргизишган.

Озодлик: Оила аъзоларингиз рухсат бермаса ҳам шундоқ ўзлари...

Аҳмадқори ака: Э қанақа рухсат. Мен келсам¸ уйимда камида 15та одам юрибди. Лекин маҳалла комитетидан бирорта одам йўқ. Участка нозири ҳам йўқ. У охирида келиб бир нарсалар ëзиб кетди. Булар тўғридан-тўғри бостириб кириб келди.

Озодлик: Демак, бостириб кирган орган ходимлари сизни ғайриқонуний равишда ëғ ишлаб чиқаришда гумон қилиб, шуни текширгани келган. Кейин нима бўлди?

Аҳмадқори ака: Булар келганда уйимизда ҳақиқатан 1 тонна 58 кило чигит бўлган. Тагигача супуриб¸ ўзлари тарозида тортишди.

Озодлик: 1 тонна чигитдан қанча ëғ чиқади?

Аҳмадқори ака: 110,120 кило ëғ чиқади.

Озодлик: Демак, 1 тоннадан сал ошиқроқ чигитни, 300 кило кунжарани сизни уйингизга бостириб кирган орган ходимлари мусодара қилишди, шунақами?

Аҳмадқори ака: Ҳа, олиб чиқиб кетишди.

Шу жойда бир изоҳ. Бу суҳбат 28 август куни Аҳмад қорининг бир тоннадан сал зиëд чигити¸ 300 кило кунжараси уйидан олиб чиқиб кетилганидан 16 кун ўтиб ëзиб олинган.

Бу эшиттиришни тайëрлашни бошлаш арафасида 11 сентябр куни яна бир бор боғландик. Унинг айтишича¸ мулкини қайтариб беришларини ëки бирон-бир жўяли жавоб беришларини сўраб тилга олинган идораларга қатнаяпти¸ лекин бир натижа йўқ. Бор отангга¸ бор онангга қабилида иш бўлаяпти, холос.

Суҳбатдошимиз жорий йил августида бўлиб ўтган воқеалар тўғрисида айтиб берди.

Хўш, қандай якунланди бу воқеа? Бу савол билан андижонлик Аҳмадқори акага ноябрнинг охирида яна мурожаат қилдик.

Озодлик: Гапимиз ҳеч ким ҳеч қаëққа чақирмаяпти деб тўхтаган. Ўшандан кейинги воқеаларни бир чеккадан айтиб берсангиз.

Аҳмадқори ака: Шу эфирга кетгандан кейин 3 кун ўтиб менга сизни терговчи йўқлаяпти¸ дейишди. У бир ҳафтача ўтгандан кейин тергов қилди. Уч мартами¸ тўрт мартами терговга чақирди. Кейин иш судга ошади деди. Яна бир ҳафтача ўтгандан кейин судга чақиришди. Мен мойжувозимни бермаган эдимку, лекин тилхат берган эдим.

Озодлик: Нима деган тилхат берган эдингиз?

Аҳмадқори ака: Шунақа¸ 11 киловаттлик моторимни ва мойжувозимни ўзимда сақлаб қоламан¸ деб берган эдим. Тилхат олиб олгани бу худди уларникидай гап эканда. Тергов тугаши билан “Бўлди. Мана энди терговимиз тугади. Энди жувозни олиб чиқиб кетамиз¸ мусодара қиламиз” деди ва ўшандан кейингина жувозни олиб чиқиб кетишди.

Озодлик: Демак¸ жувозингизни мусодара қилишди.

Аҳмадқори ака: Ҳа¸ мусодара қилишди.

Озодлик: Суд ҳукми билан мусодара қилишдими?

Аҳмадқори ака: Терговчи тергов қилгандан кейин участка нозири битта милиция ходими билан келиб¸ битта машинага солиб олиб кетишди.

Озодлик: Шундан кейин суд бўлди.

Аҳмадқори ака: Суд бўлмади. Суд деб чақирди лекин “Бу судмас¸ ажрим. Адвокат билан келинг” деб айтди. Адвокат билан кирдик.

Озодлик: Адвокат билан судга кирдингизми?

Аҳмадқори ака: Ҳа¸ судга кирдик.

Озодлик: Судя қарорини ўқиб бера қолдими?

Аҳмадқори ака: Ҳа. Иш билан танишдик. Сизнинг ишингиз амнистияга тушади¸ сизга президентимизнинг амнистияси қўлланилади деди.

Озодлик: Сизга ўзи қанақа жазо белгиланди. Ë жазо белгилайдиган муддатгача етмадими?

Аҳмадқори ака: Йўқ¸ унақага етгани йўқ. 182 дедими¸ 186 дедими аниқ эсимда йўқ янги модда чиқибди. Чигитга давлат монополияси деган. 186 бўлса керак. 186 модда иккинчи қисм¸биринчи нимасини қўллаймиз сизга деди. Чигитдан мой ишлаб чиқарди деб.

Озодлик: Мой ишлаб чиқариш давлат монополияси эканми?

Аҳмадқори ака: Чигит давлат монополиясида турар экан. Менга шунақа деб тушунтиришди.

Озодлик: Сиздан мусодара қилинган нарсалар неча сўмлик эди?

Аҳмадқори ака: Нимадан ташқари 80 неча минг деди.

Озодлик: Жувозингизнинг ўзи бозор нархида қанча эди?

Аҳмадқори ака: Жувозим бозор нархида 600 минг сўмлик эди. Мотори билан 800 минг.

Мойжувозию хом ашёси – ҳаммаси бўлиб қарийб минг долларлик мулки мусодара қилинган андижонлик Аҳмадқори аканинг гапларини эшитар экансиз, сиз тингловчида ҳам қатор саволлар пайдо бўлгандир.

Энг асосий савол будир: Чиндан ҳам чигитга нисбатан давлат монополияси жорий этилганми?

Шу ва бошқа саволларимизни тошкентлик таҳлилчи Комрон Алиевга бердик.

Комрон Алиев: Давлат монополияси деган гап нотўғри. Буни бир амалдор соддароқ қилиб айтиб юборган бўлиши мумкин. Ëғ ëғ-мой комбинатлари орқали чиқарилади ва ëғ-мой комбинатлари ўз навбатида акционерлик жамиятларига бирлашган. Балки давлат томонидан ўша акционерлик жамиятларининг назорат пакетлари сақланиши мумкин ва улар орқали давлат сиëсати олиб борилади.

Шунинг билан бирга жувоз билан уйда ишлаганда санитария қоидаларига риоя этиш қийин. Ëки бўлмаса қўшимча қанақадир операцияларни ўтказиш дейлик ҳидлаштиришни одатий шароитда амалга ошириш қийин деб ҳисобланади. Шу сабабли рухсат беришлар ниҳоятда кам. Йўқ даражада дейиш мумкин.

Озодлик: Жувознинг эгаси тозалашни бўйнига олсачи? Технологияни яхши биладиган бўлса¸ ўшанга қараб рухсат бериб қўйса бўлмайдими?

Комрон Алиев: Албатта, рухсат бериб қўйилса¸ қанақадир рақобат шароити юзага келиши мумкин эди. Лекин биринчидан ëғ-мой комбинатларининг ишлаб турганларининг ўзига хом-ашë етишмайди. Яъни улар йил давомида ишлаши керак.

Бу ерда ëғдан ташқари кунжара ва бошқа маҳсулотлар қўшимча равишда чиқади. Бу соҳа ниҳоятда фойда берадиган ва амалдорлар учун ўз таъсирини ушла турадиган соҳа ҳисобланади. Шунинг учун туман ҳокимлари ëки бошқа раҳбарлар бу стратегик соҳани ўзидан узоқлаштиришни ëки қўлдан чиқариб юборишни хоҳламайди.

Шунинг учун уларга биз ўзимизнинг молларимизни боқишимиз керак¸ фермаларни ишга солишимиз керак деган турли баҳоналарни рўкач қилиб¸ бу билан давлат монополиясини таъминлашга ҳаракат қилишади.

Озодлик: Демак, ҳокимлар ва давлат амалдорлари қўлларидаги милиция ëрдамида кичик тадбиркорларга йўл бермасда ўзларининг манфаати учун фойдаланаëтган эканда. Ноҳалол рақобат.

Комрон Алиев: Тўғри.

Ана шунақа гаплар.

Лекин андижонлик Аҳмаджон қори ака шу кунда янги ишга бел боғлади. Ахир қозонини сувга ташлаб қўёлмайдику?! Тирикчиликни ўтказиш керакку?!

Аҳмадқори ака: Энди ҳозир янги бир ҳунар қилаяпмиз. Брусчатка чиқаргани. Ҳозир шунинг ҳаракатидамиз. Қолип олиб келтирдик. Ишга солиб юбориш қийин бўлаяпти. Бунга патент беради деяпти. Энди ишни қилиб бошласак айтиб кўрамизда.

Озодлик: Берармикан ëки бу брусчатка чиқариш учун….

Аҳмадқори ака: Мен битта солиқчи билан гаплашдим. Бунга патент беради¸ 90 минг сўм атрофидаги пулга патент чиқади¸ деди. Ҳали бу ишни қилиб кўрганимиз йўқ. Бу ëғи куз бўлиб қолди. Бунинг тараддуди қийин бўлар экан. Жуда қийин иш экан. Ҳозир ҳам шуни ўғлим билан маслаҳатлашиб турган эдик. Ҳозир бизда ўз молингга ўзингни ўғри қилиб қўядиган ҳолат бўлаяптида.

Озодлик: Шуни айтаманда. Бу брусчатка чиқарадиган қолипни ҳам мусодара қилиш қўйишса¸ бу ҳам анча пулга тушгандир?

Аҳмадқори ака: Албатта¸ анча пулга тушди. Уни олиш учун¸ ўзи бу ëқда чўнтаклар ҳам чатоқ эди¸ мол сотдик. Ҳозир энди ҳаммадан қарзман десам ҳам бўлаверади. Ҳамма ëқдан қарз бўлиб кетдик.

Қарзга ботган, ҳатто итдан суяк қарзи бор андижонлик Аҳмаджон қори ака ҳовли саҳнига тўшаладиган бетон ғишт чиқаришни бошлай оладими?

Бошлай олсаю эндигина 3 – 4 сўм топганида ҳокимият вакиллари брусчатка чиқариш давлат монополияси, деб келиб қолипларини олиб кетиб қолмайдими?

Демак, бу воқеанинг яна давоми бор.

Демак, худо хоҳласа баҳорга чиқиб, Аҳмаджон ака билан яна боғланамиз.
XS
SM
MD
LG