Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:30

Ëпилган чегара - ишончсизлик ифодаси


Ўзбекистон чегарачилари мамлакат ҳудудига ўтишга уринаëтган тожикистонликларнинг барини ортга қайтармоқдалар.
Ўзбекистон чегарачилари мамлакат ҳудудига ўтишга уринаëтган тожикистонликларнинг барини ортга қайтармоқдалар.

Ўзбекистон ҳукумати бир томонлама қарор асосида Тожикистон билан чегара пунктларини тақа-тақ ёпиб қўйди.

Тожикистон расмийларига кўра, бу чора Ўзбекистон томонидан ҳеч бир изоҳсиз бир тарафлама тарзда амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси вазиятни изоҳламаётган бўлса-да, баъзи манбаларга кўра, чегараларнинг ёпилиши келаси ҳафта Ўзбекистонда Конституция кунининг нишонланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Тожикистон давлат чегара хизмати матбуот вакили Давлат Назрий Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик ҳамкасблари ҳаракатидан ҳафсаласи пир бўлганини яширмади.

- Афсуски¸ Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги чегараларнинг ёпилишига оид Ўзбекистон томонининг бирор изоҳини ололгани йўқ. Ҳозир Ўзбекистоннинг бу қарорига нима сабаб бўлганини аниқлашга ҳаракат қиляпмиз, - деди Тожикистон расмийси.

Орадан беш кун вақт ўтган бўлса-да, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам, давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси ҳам ҳолат юзасидан лом-мим дегани йўқ.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматида матбуот котиби лавозимида мана икки йилдирки, ҳеч ким ишламаётгани боис, у ердан изоҳ олишнинг иложи бўлмади. Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасидагилар эса одатга кўра, Озодлик билан гаплашишни истамади.

Озодлик: Алло¸ ассалому алайкум.

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Бу давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасими?

- Худди шундай.

Озодлик: Мен сизга Озод Европа радиосидан телефон қилаяпман. Ўзбекистон томонидан ўзбек-тожик чегараси ëпиб қўйилибди¸ деган хабарлар чиққан эди.

- Қаердан телефон қилаяпсиз?

Озодлик: Озод Европа радиосидан.

- ...........

Икки давлат чегарасида эса, мана бир неча кундирки¸ юзлаб фуқаролар сарсон. Хўжандлик Дилмурод исмли йигит Озодлик мухбирига Ўзбекистонга бориш учун визаси бўлишига қарамасдан, бир неча кундан бери чегарадан ўта олмаётганини айтади.

- Бизни умуман Ўзбекистонга ўтказмаяпти. Сабабини ҳам айтишмаяпти. Дарвозаларни ёпиб, қулфлаб қўйишган. Ҳеч қандай маълумот ҳам, ҳеч қандай изоҳ ҳам йўқ. Фақат битта гапни гапиришади: “Мумкин эмас! Тамом!”. Бошқа давлатларнинг фуқаролари эса бемалол ўтиб кетаяпти, - дейди Дилмурод.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасидаги манбанинг Озодлик радиосига айтишича, чегараларнинг ёпилишига Ўзбекистон томонидан норасмий изоҳ сифатида, гўёки чегарада қалбаки паспорти бўлган одамларнинг ҳибсга олингани сабаб қилиб кўрсатилган. Лекин бу маълумот расман тасдиқланганича йўқ.

Бошқа бир сабаб¸ Ўзбекистоннинг келаси ҳафта Конституция кунини нишонлашга тараддуд кўраётгани бўлиши мумкин.

Москвалик минтақашунос Санобар Шерматованинг фикрича, айнан Конституция куни билан боғлиқ сабаб эҳтимолга яқинроқ бўлиши мумкин. Чунки дейди таҳлилчи...

- Бу Ўзбекистон учун анъана бўлиб қолган. Бирор байрам муносабати билан тантаналар ўтказиладиган бўлса, Ўзбекистон нафақат Тожикистон, балки Қирғизистон билан ҳам чегараларини ёпиб олади.

Қирғизистон одатда бунга унча эътибор бермайди, чунки улар учун ташқи дунё билан борди-келди қилишнинг бошқа йўллари бор.

Тожикистонликлар эса, ташқи дунё билан асосан Ўзбекистон орқали борди-келди қила олади. Шунинг учун Тожикистон учун чегараларнинг ёпилиши бироз оғриқли кечади, - дейди таҳлилчи Шерматова.

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига эндигина қўшилганида оддий фуқаролар Қирғизистон ва Тожикистон билан виза режимининг бекор қилинишига умид боғлаган эди. Қирғизлар билан виза режими олиб ташланган бўлса-да, Тошкент ЕвроосиëИҲни тарк этганидан кейин Тожикистон билан виза режими яқин орада бекор қилинишига оид умидлар пучга чиқадиган кўринади.

Санобар Шерматова кейинги йилларда Қирғизистон ва Қозоғистон билан бироз бўлсада яқинлаша олган Ўзбекистоннинг Тожикистонга нисбатан муносабати ўзгармай қолаëтганини бундай изоҳлайди.

- Ўзбекистон Қирғизистон ва Қозоғистонга кўпроқ ишонади. Қирғизистон билан визанинг бекор қилиниши, Қозоғистон билан ҳам чегаралардан ўтишнинг анча осонлашгани бунга мисол бўла олади.

Тожикистон билан яқинлашув рўй бермаганига икки давлат ўртасидаги нифоқли масалаларнинг ечилмай қолгани сабабдир.

Ўзбекистоннинг ЕвроосиëИҲдаги иштироки ҳам бу нифоқларни ечиш сари қўйилган қадам бўла олмади ва икки давлат ўртасида ишончнинг тикланишига оид кўпчилик умидлари ушалмади, - дейди таҳлилчи.

Тожикистон ҳукуматининг кейинги пайтларда Роғун ГЭСи масаласини кўтариши ва бунда Ўзбекистон манфаатларини беписанд қолдираётгани¸ Тошкент билан Душанбе ўртасидаги ишончсизликни янада кучайтирмоқда, - деб қўшимча қилади москвалик минтақашунос Санобар Шерматова.
XS
SM
MD
LG