Линклар

Ë заринг¸ ë зўринг бўлсин

  • Садриддин Ашур

Тепада ҳомийси бўлмаган фермерларни пахта ва ғалла режасини бажариш ҳам тугатилишдан қутқара олмаяпти.

Тепада ҳомийси бўлмаган фермерларни пахта ва ғалла режасини бажариш ҳам тугатилишдан қутқара олмаяпти.

Ўзбекистонда кичик ер эгалари бўлган фермерлар ерларини таъқиб ва тазйиқ билан олиб қўйиш давом этаëтир.

Ўзбекистондаги ҳуқуқ фаоллари тарқатаëтган бу хабарни ўзбекистонлик фермерларнинг кўпчилиги тасдиқламоқда.

Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги “Дилшод-файз-барака” фермер хўжалиги раҳбари Дилрабо Холбоеванинг Озодлик радиосига айтишича, шартнома асосида улар олган ердан мажбурий равишда воз кечишга туман ҳокимлиги ва ҳокимлик қошидаги агрофирма раҳбарлари таъқиб ва тазйиқлар ўтказмоқда:

- Бу нарса бир ойдан бери давом этиб келаяпти. 29 октябрдан бери бизларнинг уйимизга милиционерлар билан келиб тазйиқлар ўтказиб, нима хоҳлашса¸ шуни қилишди. Талаб – ерни мажбуран топшириш. Мажбуран ариза ëздириб топширтиришмоқчи. “Ариза ëзиб берасан”, деб уйимизга кечаси ҳам киришаяпти, - дейди фермер хўжалиги раҳбари.

Дилрабо Холбоеванинг сўзларига кўра, у 29 ярим гектар ерни 2006 йилда тендер асосида шартнома қилиб олган. 2007 йилда эса ҳокимнинг тазйиғи билан 7,5 гектари олиб қўйилган.

Фермер ҳар йили шартномадаги режани ортиғи билан бажараётганлигини таъкидлар экан¸ ерларни йириклаштириш ҳақидаги комиссия адолатли иш олиб бормаётганини айтади:

- Бизнинг рентабеллигимиз ҳам яхши¸ иккита техникамиз бор. Қарзимиз йўқ. Ҳаммаси яхши. Билмадим булар нимага бунақа қилишаяпти. Бизлардан ажралиб чиққан фермерга¸ унинг фаолият юритаëтганига энди олти ой бўлди¸ ерни олиб беришаяпти, - дейди Дилрабо Холбоева.

Хўш, ўзи булардан ажралиб чиққан ва бор-йўғи энди олти ой фаолият юритаётган янги фермерга нега комиссия рўйхушлик кўрсатяпти-ю, буларга эса йўқ? “Сизнингча¸ бунинг сабаби нимада?” – деб сўраймиз “Дилшод-файз-барака” раҳбаридан.

- У одам ҳокимга яқин ва пули ҳам кўп. Солиқ идорасида ишларкан. Сирғали туманида яшаркан¸ - дейди Дилрабо Холбоева.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, биргина бу эмас, туман ҳокимлиги пахта терими даврида бошқа туманларга ҳашарчи олиб бориш учун фермерларнинг ҳар гектар ерига 100 минг сўмдан солиқ солиб чиққан экан.

- Гектарига 100 мингдан йиғиб олинган. Бир миллион 700 минг олиб чиқиб бердим. Эшигимнинг тагига келавергандан кейин мажбуран олиб чиқиб бердим. Ҳар йили пахтага ҳашарга¸ ëрдам тариқасида одам берардик. Бу йил одам олиб чиқсак¸ агрофирма раисмиз Деҳқонбоев: “Менга одам керак эмас. Пулини беринглар. Мен ўзим гаплашиб тўғрилайман”, деди, - куюнади Дилрабо Холбоева.

Дарвоқе, туман ҳокимиятига қарашли агрофирма раиси Фахриддин Деҳқонбоев фермерларга солинган бу солиқни рад этмади. Озодлик радиоси билан бўлган суҳбатда у фермерлардан пул йиғилганини тан олди:

- Пахта терими пайтида шундай бўлдики¸ бизларнинг деҳқонларимиз ўзимизнинг ерларимизга экилган сабзавотларни йиғиштириб олиш жараëни кетади. Шунинг учун фермерлар ўз хоҳиши билан мардикорларни ëллади. Маҳаллий одамларни ëллаб¸ ўша ерда пахта тердирилган. Ўшаларга озиқ-овқат масаласида умумий йиғилиш қилинган ва у ерда теримчиларнинг озиқ-овқатига пул йиғилган.

Озодлик: Ҳар гектар ердан 100 минг сўмдан йиғилганми?

- Тахминан шунақа. Ҳар киши бошига 40 кун ва кунига 5000 сўмдан ейди. Битта одам бошига 200 мингдан йиғилган¸ - дейди агрофирма раиси Фахриддин Деҳқонбоев.

Биз ундан нега фермерларнинг ерлари ноқонуний олиб қўйилаётгани ҳақида ҳам сўрадик. Унинг айтишича, ерни “Дилшод-файз-барака” фермер хўжалигидан олиб қўйиб¸ бошқа фермерга бериш масаласи комиссия томонидан ҳал қилинган.

- Ҳаммаси қонун доирасида. Ҳокимиятда ҳамма ҳужжатлар¸ комиссиянинг хулосалари бор. Ўшаларни кўрсангиз бўлади. Деҳқонларнинг “Бу фермер билан бизлар ишламаймиз. Бизларга ҳеч қанақа шароит яратиб бераëтгани йўқ” деган аризалари бор, - деди агрофирма раиси.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, Дилрабо Холбоевадек ерлари ноқонуний тортиб олинаётган жуда кўп фермерлар бугун уларнинг ташкилотига мурожаат қилишмоқда.

- Жуда ëмон бўлаяпти. Ҳаддан ташқари. Умуман ўзбошимчалик бўлиб кетди. Бечораларни ким нима қилса қилаяпти. Жуда ҳайрон қолаяпман. Қўрққанидан қўл қўйиб берганлари ҳам бор. Охирини ўйламасдан қўл қўйишган. Ҳозир амалда буларнинг ҳаммаси ишсиз қолади, - дейди Суърат Икромов.

XS
SM
MD
LG