Линклар

logo-print

Муҳожирлик кунлари битмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Хорижда ишлаëтган ўзбек муҳожирлари йилига Вестерн Юнион каби тизимлар орқали ватанда қолган яқинларига миллиардлаб доллар пул ўтказиб келдилар.

Хорижда ишлаëтган ўзбек муҳожирлари йилига Вестерн Юнион каби тизимлар орқали ватанда қолган яқинларига миллиардлаб доллар пул ўтказиб келдилар.

Хорижда мардикорлик қилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари глобал иқтисодий бўҳроннинг аччиқ шамолини ўз таналарида ҳис эта бошладилар.

Айниқса¸ асосий даромадлари энергетика хом-ашёлари савдосидан бўлган Россия ва Қозоғистон нефт нархи кескин пасайгани оқибатида иқтисодий қийинчиликларга юз тутмоқда ва бу давлатларда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг даромадлари ҳам , улар топиши мумкин иш ўринлари ҳам қисқармоқда.

Хоразмлик 28 яшар Азамат Москвада ўзининг эски "Нексия" автомобилида таксичилик қилади. У ҳар ой ишлаб топган пулидан Ўзбекистонда қолган оиласига 500-400 доллар жўнатиб турар эди. Ҳозир эса бу ҳам имконсиз бўлиб боряпти, дейди Азамат.

- Ҳозир 25 рублни бир доллар деб ҳисобласак¸ 10 минг рубль 400 доллар бўлади. Ҳозир 400 доллар ҳам бўлмаяпти. Ҳозир 28 рубль бир доллар бўлган. Ҳозир 10 минг рубль 350¸ 370 долларга тушди. Албатта¸ таъсир қилди¸ - дейди Азамат.

Россияда 11 милллион гастарбайтер фаолият юритаётган бўлса, уларнинг ярмини ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ташкил этиши айтилади. Бу меҳнат муҳожирларининг ҳар ойда ватанда қолган оиласига камида бир миллиард доллар юбориши айтилади.

Жорий молиявий инқироз Ўзбекистонни ана шу киримсиз қолдириши мумкин.

- Инқироз¸ мен сизга айтсам¸ иш ўринлари камаяяпти. Дейлик¸ 10 одам ишлаб турган бўлса¸ шундан 6 ëки 7тасини олиб қолиб¸ қолганини ишдан бўшата бошладилар. Бу нафақат мардикорларга балки ўз халқига ҳам¸ яъни русларга ҳам бўлаяпти. Ҳозир қурилишда ишлаëтганларга қийин бўлиб турибди.

Озодлик: Нимага?

- Иқтисодий инқироз¸ пул йўқ дейди. Ҳозир қурилишдагиларга вақтида пул бермаяптику. Булар ҳам “Америкада бошланган инқироз бу ерга ҳам етиб келди” деб айтишаяпти¸ - дейди Азамат.

Россияда кредит ҳисобига амалга ошириб келинган қурилиш ишларининг тўхтатилиши оқибатида асосан ноқонуний меҳнат муҳожирлари бўлган қурувчиларнинг даромадлари қисқара бошлаган. Уларнинг аксарини эса ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ташкил этади.

Эртанги кунга ишончсизлик жаҳон бозорида энергетика ресурслари нархлари тушиб кетишига сабаб бўлди. Шундан келиб чиқиб, охирги йиллардаги асосий даромадлари энергетика хом-ашёлари савдосидан бўлган Россия ва Қозоғистон қўлга киритиб келган нефт долларлари миқдори камаймоқда. Ойликлар кам берилаётгани ва ё умуман берилмаётгани боис кўплаб меҳнат муҳожирлари Россиядан ўз уйларига қайта бошлаган.

- Мана шу уч-тўрт кун ичида уй тарафга одамларни автобусга чиқариб юбордим. Кўпчилиги пулимизни ололмадик¸ дейди. Кўп одамлар ишлаган ҳаққини ололмаëтганга ўхшайди.

Лекин Азамат Ўзбекистонга қайтмоқчи эмас. "Шунга ҳам шукур, Ўзбекистонда шу ҳам йўқку"¸ дейди у.

Хоразмлик Бахтиёр эса Ўзбекистонда “Дамас” автомашинасида киракашлик қилиб оиласини боқиб келган. Лекин Ўзбекистонда “Дамас” ҳайдаб ойда топадиган 400 долларга қаноатланмай¸ шу йилнинг августида Чехияга келди.

Чех визаси ва йўл харажатлари учун ўзбекларни чет давлатларга ишлагани юбораётган гуруҳга йиғиб қўйган пулидан 4000 доллар ҳам тўлади. Ўшанда ишга юбораётганлар Бахтиёрга Чехияда ҳар ой осонгина 1500-2000 доллар топиш имконини ваъда қилишган. Лекин натижа у кутгандай эмас.

- Мен келган пайтда бир доллар 15 чех кронаси эди. Ҳозир салкам 20. 5-6 минг чех кронаси ейиш-ичишга¸ квартирага¸ йўлкирага кетади.

Иқтисодий бўҳрон Чехияда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг ризқини ҳам яримта қилган. Наманганлик Маматқул ҳам охирги пулларини бериб Чехияга келган.

- Иқтисодий инқироз ҳозир ҳамма жойда биринчи ўринда. Биринчи ўринда¸ энди бизга таъсир қилади. Ишсизлик бўлса¸ Чехия давлатига ҳам¸ бизга ҳам таъсир қилади.

Мана оддийгина қоғоз долларнинг кўтарилиб кетиши бизга таъсир қилаяпти. Айтайлик бир доллар 15 чех кронаси бўлганда 200¸ 300 доллар кўпроқ олардик. Ҳозир 20 чех кронаси бир доллар бўлди ва 200¸ 300 доллар камроқ олаяпмиз.

Биринчи ўринда оддий валюта орқали сиëсат. Бизнинг ҳаммамиз Чехиянинг қаерида бўлсак ҳам¸ сиëсатга ҳисса қўшмаган тақдирда ҳам сиëсатга қарашлимиз. Дейлик молнинг шохига урсангиз туëғигача таъсир қилади. Оғриғи туëғигача боради-да.

Энди эса хоразмлик Бахтиёр Ўзбекистонга қайтмоқчи.

- Уйга борайликчи¸ уй тарафларимиз яхши бўлиб кетмасмикан Худо хоҳласа.

Маматқулнинг эса Чехияда топаëтганига шукур қилишдан бошқа чораси йўқ.

- Бу ерда топганимизни у ëқда сарф қилиб ëтибмиз ака.

Қочқин мақоми ҳам мақом

Қирғизистон жанубида қочқинлик мақомини излаëтган бир гуруҳ ўзбекистонликлар қочқинлик изловчи мақомидан маҳрум бўлишлари мумкин.

Бу ҳақда Бишкекдаги мухбирмиз Меҳрибон ҳикоя қилади.

Жорий йилнинг декабр ойи ўрталарида Қирғизистонда вақтинча яшаётган ўзбек қочқинлари ушбу мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишлари мумкин.

Бу ҳақда хабар қилган Uznews.net сайти маълумотига кўра, Қирғизистон Давлат миграция ва бандлик қўмитаси 15 декбрдан бошлаб қочқинларни бошпана изловчи деган мақомдан маҳрум қилиш ниятида. Айни мақом ўзбек қочқинларига Қирғизистонда вақтинча яшаш ҳуқуқини беради.

Бишкекда яшаётган ўзбекистонлик қочқин Анвар Каримовга кўра, айни муаммо ўзбек қочқинларини жорий йилнинг август ойидан буён қийнамоқда.

- Бу нарса бешинчи августдан бошлаб давом этмоқда. Лекин кўп ўзбеклар¸ шахсан бизларнинг оиламизнинг ҳаммаси миграция қўмитасига ариза ëзиб¸ бола-чақали¸ қариялари бор оилаларга рўйхатга рухсат берган. Ëш оилалар¸ бешинчи августдан кейин келганларга рўйхатдан ўтиш гувоҳномасини бермайди.

Озодлик: Сизларнинг оилага ëш бола бўлгани учун беришдими?

- Ҳа. Бизларнинг оиламизда кичкина ўғил бўлгани учун¸ Қирғизистон қонунида болаларга ҳимоя шарт бўлганлиги учун берилди.

Озодлик: Демак бошқа кўпчилик одам бу нарсадан маҳрум бўлган.

- Тўғри¸ лекин кўпчилик оилавий одамларга ҳам бермаган. Масалан Канадада яшаëтган Эгамназар ака Шайманов деган ватандошимиз бор. Уларнинг бола-чақаси яқинда сентябр ойида келган экан. Мен ўғли билан кўришган эдим. Унинг айтишича¸ улар учинчи сентябрдан бери ҳозиргача гувоҳномасиз яшаб туришибди.

Озодлик: Демак¸ бунақа одамлар кўп.

- Жуда ҳам кўп. Масалан рус миллатига мансуб бўлган ўзбекистонлик қочқинларнинг оиласи ҳам бор. Улар ҳам гувоҳномасиз яшаб юришибди.

Марказий Осиё ахборот хизмати маълумотида таъкидланишича, Қирғизистон Давлат миграция ва бандлик қўмитаси Uznews.net сайтидаги маълумотни инкор қилиб, бундан кейин ҳам бошпана излаётган қочқинларнинг Қирғизистонда қолиш муддатини узайтириши ҳақида билдирган.

Бишкекда яшаётган бошқа бир ўзбек қочқини Тошпўлат Йўлдошевга кўра, Қирғизистонга келганига бир йилдан ошган ўзбек қочқинлари дуч келаётган муаммо ҳали ҳал бўлганича йўқ.

- Август ойида Қирғизистон ҳукумати Қирғизистоннинг моддий имкониятлари камлиги туфайли бошқа мамлакатлардан келган қочқинларга бир йил мобайнида қочқинлик мақомини¸ яъни бошпана изловчи мақомини тайëрлигини айтган эди.

Агар бир йилдан ошадиган бўлса¸ биз бу қочқинларга бошпана изловчи мақомини бера олмаймиз¸ деган шартни қўйган эди. Бир йилдан ошаëтганларга Қирғизистон миграцион қўмитаси “Биз энди берилган ҳужжатнинг муддатини чўзишга имкониятимиз йўқ” деб рад жавоб беришаяпти.

Қирғиз ҳукумати Расмий Тошкентнинг босими орқали ўзбек қочқинларига салбий муносабатда бўлаётгани тахмин қилинади.

Тошпўлат Йўлдошев ҳам қочқинларга эътибор масаласида айнан давлатлараро ўзаро муносабатлар асосий рол ўйнайди деган фикрда.

- Ўзбекистон интеграцион жараëнларга кирмайдиган бўлса¸ мана ҳозир Россия 4 мингта Нексия автомобилини қайтариб юборди. Россия умуман Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларни қабул қилмайдиган бўлди. Худди шу позицияда Қозоғистон турибди. Мана энди Ўзбекистондан келган қочқинларга ҳам¸ муҳожирларга ҳам таъсир қилаяпти¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссариат бошқармасининг Бишкекдаги ваколатхонаси қочқинлар муаммоларининг ҳал қилинишига кўмаклашишни ваъда қилаётир. Бироқ ўзбек қочқинлари бу каби ваъдалар орқали муаммолари ҳал бўлишига шубҳа билан қарашади.
XS
SM
MD
LG