Линклар

Путин ўз анъанасини давом эттирди


Бугун Россияни амалда президент Медведев эмас¸ балки уни бу лавозимга сайлатган Владимир Путин бошқаришда давом этаëтгани ҳеч кимга сир эмас.

Бугун Россияни амалда президент Медведев эмас¸ балки уни бу лавозимга сайлатган Владимир Путин бошқаришда давом этаëтгани ҳеч кимга сир эмас.

4 декабр куни Россия бош вазири Владимир Путин президентлик даврида бошланган удумга кўра¸ оддий халқ саволларига жонли эфирда жавоб берди.

Россиядаги аксар теле ва радиоканаллар орқали жонли тарзда олиб кўрсатилган бир неча соатлик савол-жавоб давомида Владимир Путин ўзини яна аввалгидек мамлакатдаги биринчи шахс ўлароқ тутди.

Унинг мазкур мулоқот давомида ўзини тутишидан тортиб гапириш оҳангига қадар¸ ўтган йиллардаги президент Путинникидан деярли фарқ қилмади. Владимир Владимирович¸ ўзини мамлакатдаги барча ижобий ўзгаришлар муаллифи¸ айни пайтда мураккабликларга ечим топувчи миллий лидер сифатида тутди.

Бошловчи: Салом Владимир Владимирович!

Путин: Хайрли кун!

Бошловчи: Мана¸ ярим йилдан кўпроқ вақт давомида Россия ҳукуматини бошқараяпсиз. Бу курсида ўзингизни қандай ҳис этаяпсиз ва бу вақт орасида нималарга эришдингиз?

Путин: Муҳим нарса курси эмас¸ балки давлат лавозими билан бирга келадиган маъсулиятдир. Бу эса¸ мен учун янги иш эмас.

Ўтмишда бўлгани каби 4 декабр куни яна Путинга Россия ҳаëтининг турли соҳаларига оид савол беришни истовчилар нафақат телевидение студияси¸ айни пайтда мамлакатнинг бепоëн ҳудудларида ҳам ўзларига навбат берилишини кутдилар.

Бош вазирга берилган саволларнинг аксари мамлакат ички ҳаëти билан боғлиқ бўлса-да¸ оддий россияликлар Путиннинг Россия ташқи сиëсатига алоқадор жиҳатларга ҳам баъзан яширин¸ баъзан эса¸ очиқ муносабат билдиришига имкон бердилар.

Бу йилги савол-жавоб давомида Путин асосан глобал молиявий бўҳроннинг Россия иқтисодига таъсири билан боғлиқ саволларга кенг тўхталди.

Кремл тактикасини давом эттирган Путин¸ мамлакатдаги молиявий муаммолар учун бутун айбни АҚШ га юклади.

- Бу бўҳрон АҚШ да¸ мамлакат молия ва иқтисодий ҳокимияти туфайли бошланди ва дунëнинг барча етакчи иқтисодларини бу бўҳрон домига тортди. Ҳеч шубҳасиз¸ бу бўҳрон барчамизга таъсир қилди.

Оддий россияликлар билан савол-жавоб давомида АҚШ даги сўнгги президентлик сайловларига ҳам тўхталган Путин¸ Барак Обаманинг сайланиши Москва-Вашингтон муносабатларига ижобий таъсир кўрсатишига умид билдирди.

Постсовет ҳудудидаги мамлакатлар билан алоқаларга тўхталар экан Путин¸ уларга огоҳлантирув муждаси йўллади.

Хусусан¸ Россия бош вазири Украина ҳукуматини¸ агар Киев табиий газ учун 2 миллиард долларлик қарзини тезда тўламаса ëхуд мамлакатдан ўтувчи транзит қувурлардан газ ўзлаштиришга уринса¸ Россиядан Украина орқали Европага газ юбориш тўхтатилажагидан огоҳлантирди.

- Бепул нарсанинг ўзи йўқ¸ ҳамма нарса учун пул тўлаш керак. Шерикларимиз бизга¸ нархни ўтган йилги даражада қолдиринг¸ дейишмоқда. Украиналик шерикларимиз ҳозирнинг ўзида ҳам Европа нархларининг атиги ярмини тўлаëтган бир пайтда¸ биз қандай қилиб нархни ўтган йилги шаклда қолдира оламиз?

4 декабр кунги саволларнинг аксарияти¸ шу қабилда Россия ҳаëтининг мураккаб жиҳатларини четлаб ўтиб¸ Путинга ўзини мамлакатдаги энг муҳим қарорлар эгаси қилиб кўрсатиш имконини берувчи мурожаатлардан иборат бўлди.

Конституцияга кўра Россиядаги иккинчи шахс бўлишига қарамай¸ Путиннинг президентлик давридаги анъанасини айни ўша руҳда давом эттириши¸ кузатувчилар фикрича¸ бугун ҳам Россияни президент Дмитрий Медведев эмас¸ балки айнан Владимир Путин бошқараëтгани ҳақидаги тахминларни қувватловчи кучли далил бўлди.
XS
SM
MD
LG