Линклар

Навбат яна аëлларга келди

  • Садриддин Ашур

Конституцион тузумни ағдаришда айбланаëтган исломий гуруҳларга аъзоликда гумонланиб Ўзбекистон қамоқхоналарига ташланаëтган аëллар сони ортиб бормоқда.

Конституцион тузумни ағдаришда айбланаëтган исломий гуруҳларга аъзоликда гумонланиб Ўзбекистон қамоқхоналарига ташланаëтган аëллар сони ортиб бормоқда.

Ҳуқуқ фаолларига кўра¸ ҳайит арафасида Тошкентда муслима аëлларга нисбатан репрессия ва уларни қамоққа олишлар кучайган.

Куни-кеча 22 ёшли Шаҳло Султонованинг Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасига олиб борилиб, қийноқлар воситасида ундан ўзи билмаган ҳужжатларга имзо чектириб олинганлиги ва 36 соатдан сўнг қўйиб юборилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Айни пайтда Ўзбекистондан олинган янги хабарларга кўра, Тошкентда бошқа муслима аёлларни оммавий қамоққа олиш кампанияси давом этмоқда.

Шаҳло Султонованинг қайнонаси Мушарраф Худойбердиева аввалги эшиттиришларимизда келинидан қийноқлар воситасида аллақандай қоғозларга қўл қўйдириб олишгани ҳақида гапирган эди.

- Компьютерда ифлос нарсаларни кўрсатиб¸ “ҳозир қўл қўймасанг, сени ҳам шунақа қиламиз”, деб кийимларидан тортиб¸ тугмаларини ечиб ташлаб¸ рўмолларидан тортиб¸ роса масхара қилишиб¸ “сенга ҳозир тажовуз қиламиз”¸ дейишган. Бу қўрқиб қўл қўйган. Нимагалигини билмайди лекин, - деган эди Мушарраф Худойбердиева.

Шундан сўнг Шаҳло Султоновага эртасига яна Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасига келиш лозимлигини тайинланиб, жавоб берилган. 3 декабр куни у яна терговчи олдига борганида¸ қамоққа олинган:

- Шаҳар ички ишлар бошқармасига олиб кетаëтганда, эшикни очиб: “Дўзахга марҳамат”, дейишибди¸ - дейди Мушарраф Худойбердиева.

Шаҳло Султонова бу оилада Ҳизбут-Таҳрир партиясига алоқадорликда айбланиб қамалаётган биринчи одам эмас. Мушарраф Худойбердиевага кўра, ўзбекистонлик тартиб посбонлари оиладаги деярли ҳамма эркакларни қамаб бўлишиб, энди аёлларга ўтганлар:

- Эркак зоти қолмади-ку. Эрим¸ ўғлим¸ укаларим қамалган. Ҳеч ким қолмади жигарларимдан. Энди келинимни олиб кетиши қолди. Ҳозир сиқилиб¸ ëмон бўлиб ўтирибман, - дейди Мушарраф Худойбердиева.

Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, келини Ўзбекистон ЖК 244-моддасининг иккинчи қисми¸ яъни диний ташкилотлар тузиш, уларда иштирок этишда айбланмоқда. Лекин, Мушарраф опанинг таъкидлашича, бундай айбловларнинг ҳаммаси асоссиздир:

- Мен билан келинимда нима айб? Хўжайиним ўзи ҳам аъзо бўлмаганлар¸ мени ҳам аъзо қилдирмаганлар. Бунақа аëлларни ўзи хоҳламаганлар, - дейди Мушарраф Худойбердиева.

Биз Шаҳло Султонованинг қайси гуноҳлари учун қамоққа олингани сабабини расмийларнинг ўзидан эшитиш мақсадида уни тергов қилаётган Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг Баҳодир исмли терговчиси билан боғландик. Терговчи жуда қисқа гапирди ва Шаҳлонинг қамоққа олинганини рад этди:

- Ҳали қамоққа олингани йўқ, бошқа маълумот беролмайман, чунки тергов ишлари давом этяпти, - деди Баҳодир исмли терговчи.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Дилором Исҳоқованинг айтишича, шу оила яқинларидан бири, яъни Мушарраф Худойбердиеванинг жияни Гўзал Тошхўжаеванинг уйига ҳам милиция ходимлари бориб тинтув ўтказишган:

- Улар Гўзал боласини олиб¸ даволангани кетган пайтда келишган. Кечадан буён Гўзал уйга қайтиб келмади. Ёки уни йўлда ушлаб олиб кетишган, ёки бўлмаса у хавфни сезиб яширинган, - дейди Дилором Исҳоқова.

Ҳуқуқ ҳимоячиси айни пайтда Тошкентда муслима аёлларга нисбатан репрессия бошланганини, улар сохта айбловлар билан қамоққа олинаётганини таъкидлар экан, бу ҳолат ички ишлар ходимларининг мансаб пиллапояларидан кўтарилиши учун кераклигини айтади:

- Бунинг орқасидан бир неча одам мансаб пиллапояларидан кўтарилади¸ бир нечта одам навбатдаги унвонини олади. Мен шахсан Каримовнинг: “Бугун юзта Ҳизбут-Таҳрирга алоқадор шахсларнинг аëлларини¸ оила аъзоларини ушла”, деб буйруқ беришига ишонмайман. Аммо Каримов шундай шароит яратиб берганки¸ пастдагилар мана шу йўл мансаб сари ягона йўл эканлигини яхши англаб қолишган¸ - дейди Дилором Исҳоқова.
XS
SM
MD
LG