Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:36

Ўзбек қочқинлари яна муаммо қаршисида


Шу кунгача юзлаб ўзбек қочқинларига нажот қалъаси бўлиб келган Қирғизистон шу йил 15 декабридан кейин улар учун хавфли маконга айланиб қолиши мумкин.
Шу кунгача юзлаб ўзбек қочқинларига нажот қалъаси бўлиб келган Қирғизистон шу йил 15 декабридан кейин улар учун хавфли маконга айланиб қолиши мумкин.

Қирғиз миграция қўмитаси 15 декабрдан ўзбекистонлик қочқинларнинг бошпана изловчи шахс экани тўғрисидаги гувоҳномалари муддатини узайтирмайдиган бўлди.

Бу ҳақда бир қатор ахборот агентликлари маълумот бердилар. Қирғизистон расмийлари эса бу ахборот юзасидан шарҳ беришни истамаяптилар.

Ўзбекистонлик қочқин Тўрабек Сано 15 декабрдан бошлаб ўзининг бошпана изловчи шахс мақомини тасдиқловчи ҳужжати ўз кучини йўқотишидан хавотирда. Бу ҳолатда у Қирғизистонда ноқонуний мигрант бўлиб қолиши ва Ўзбекистонга депортация қилиниши мумкин.

Бундан бир неча ой аввал ҳам Тўрабек мана шундай вазиятга тушиб қолган. Ўшанда ҳам Қирғизистон миграция хизмати ўзбекистонлик қочқинлар ҳужжатлари муддатини узайтирмаслик тўғрисида қарор қабул қилинганини билдирганди. Лекин бир қатор халқаро ташкилотлар аралашуви билан бу қарор ижроси шу йил охиригача қолдирилган эди.

Тўрабек Сано бу сафар ҳам миграция хизмати ўз қарорини ўзгартиришига ишонмайди:

- Қарор қатъий ва якуний эканини айтишмоқда. Мен ўзим гувоҳи бўлдим, нафақат ўзбек қочқинларига, балки Афғонистон, Эрон ва бошқа жойлардан келган қочқинларга ҳам шундай муносабат бўлмоқда. Бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, 15 декабрдан сўнг менинг ҳужжатларим муддати узайтирилишига ишонмаяпман, - дейди Тўрабек Сано.

Қирғизистон миграция хизмати бошпана изловчи шахс гувоҳномалари муддатини узайтирмаслик қарори қандай сабабга кўра қабул қилинганини шарҳламаяпти. Қўмита матбуот котиби Озодлик радиосига мазкур қарор ҳақида умуман маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Миграция қўмитасининг қочқинлар билан ишлаш бўлими мутассадиси эса ўз номини айтишни истамаган ҳолда:

- Агар ахборот олмоқчи бўлсангиз расмий хат билан давлат қўмитаси раҳбариятига мурожаат қилинг. Чунки барча маълумот конфедициал характерга эга, - деди.

Миграция қўмитаси матбуот котиби эса, қонунчиликка мувофиқ, расмий хатга бир ой мобайнида жавоб қайтарилишини айтди.

Ўзбекистонлик қочқин Тўрабек Сано фикрича, Қирғизистон миграция хизматининг бошпана изловчи шахс гувоҳномалари муддатини чўзмаслик ҳақидаги қарори Қирғизистон қонунчилигида белгиланган меъёрлар асосида қабул қилинган бўлиши мумкин.

Унинг айтишича, мазкур қарорнинг қабул қилинишига БМТ Қочқинлар иши бўйича Олий Комиссарлиги бошпана изловчиларни учинчи давлатларга кўчиришни пайсалга солаётгани ҳам сабаб бўлган.

- Қирғизистон қонунларига кўра бошпана изловчи шахслар мамлакат ҳудудида бир йил яшаш ҳуқуқига эга. Бу муддат битгач, миграция хизмати уларнинг ҳужжатлари муддатини узайтирмасликка юз фоиз ҳақли. Қочқинлар иши бўйича Олий Комиссарлик ҳам бошпана изловчиларни учинчи давлатга кўчиришни анча чўзиб юбормоқда. Лекин уларни ҳам айбламайман. Чунки Қирғизистонга дунёнинг турли давлатларидан жуда кўп қочқинлар келар экан, - дейди Тўрабек Сано.

БМТ Қочқинлар иши бўйича Олий Комиссарлигининг Бишкек ваколатхонаси миграция хизмати ёки қирғиз ҳукумати билан бошпана изловчилар бошига тушган ташвишни ҳал этиш борасида музокаралар олиб боряптими? Умуман, бу масала ижобий ҳал этилишини кутиш мумкинми?

Мана шу саволларга жавоб топиш учун БМТнинг Бишкекдаги ваколатхонасига мурожаат қилдик. Бироқ ваколатхона ходимлари қатъий тарзда бу масала юзасидан матбуотга ҳеч қандай маълумот берилмаслигини айтдилар.

XS
SM
MD
LG