Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:22

Киночилар ҳамкорлиги тикланмоқда


Кейинги йилларда Ўзбекистон минтақадаги киносаноати марказига айланиб бормоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистон минтақадаги киносаноати марказига айланиб бормоқда.

“Тожикфилм”га кўра, “Ўзбеккино” томонидан ишланган филмлар 2009 йил февралидан бошлаб Душанбе кинотеатрларида намойиш қилинади.

Тожикистонлик кинорежиссёр Сафар Ҳақдодовнинг Озодлик радиосига маълум қилишича, иккиёқлама ҳамкорликдан асосий мақсад “Ўзбеккино” агентлигида ишланган филмларни намойиш этишгина эмас, балки ўзбекистонлик киночилари тажрибаларини ўзлаштириш ҳамдир.

- Совет ҳокимияти тарқаб кетгандан сўнг бу икки ўртада узилиб қолган ҳамкорлик алоқаларни тиклаш борасидаги илк келишув, деб ўйлайман. Шу йил ноябрида Тошкентда бўлиб ўтган бир тадбирда қатнашгандик. Ўшанда бизга берилган маълумотларга кўра, бу мамлакат давлат бюджетидан кино санъати учун катта миқдорда маблағ ажратилар экан. Бу жуда муҳим. Шунинг учун бўлса керак,

Ўзбекистонда кино ишлаш имкониятлари Тожикистондагидан кўпроқ.

Тожикистон киночилари учун асосий муаммо маблағ бўлгани боис одамлар умуман кинотеатрларга бормай қўйган. Аввало, бу ҳамкорлик ортидан ўзбек филмларини тожикчага таржима қилиб, кинотеатрларда намойиш қилиб, кинотеатрлардаги вазиятни жонлантирмоқчимиз. Чунки тожиклар ва ўзбеклар урф-одати, санъати, маданияти деярли ҳар жиҳати билан бир-бирига яқинлиги сабабли ўзбек филмлари жамиятимизда катта аҳамиятга эга, - дейди Сафар Ҳақдодов.

Тожик актрисаси Заринаи Ҳушвақт совет даврида тожик филмларида ўзбек актёрлари қатнашмаган бирорта филм йўқ эди, деб эслайди:

- Марказий Осиё давлатлари ўртасида Ўзбекистон билан Тожикистон бошқа соҳалар қаторида киночилик соҳасида ҳамкорликни йўлга қўймай иложи йўқ, деб ўйлайман. Тожикларнинг катта қисми Ўзбекистонда ва тахминан, бир миллионга яқин ўзбеклар Тожикистонда яшайдилар. Улар ҳамиша ўз она тилида ишланган филмларга чанқоқлиги сезилади.

Бундан ташқари, икки ўртада тикланаётган ўзаро ҳамкорлик кўпроқ тожик киноактёрларига молиявий жиҳатдан ёрдам бўлади, умид қиламан. Ўзингизга маълумки, мамлакатда мавжуд молиявий муаммолар сабабли актёрларимиз бекор қолишган. Агар Ўзбекистонда ишланаётган филмларга тожик актёрлари таклиф қилинса, бу уларга кино оламида ўзини танитиш имконини бериши билан бир қаторда актёрларимизга молиявий жиҳатдан ҳам фойда бўларди, - деди тожик актрисаси Зарина.

Ўзбек филмлари ўтган аср 90-йиллари бошида Тожикистон телевидениеси орқали тез-тез намойиш этилар эди. Суҳбатдошимиз Олмахон ўша даврларни орзиқиб эслайди:

- Ўзбекистон киноларини бемалол телевизор орқали кўрардик. Роса қизиқарли кинолар эди, масалан, “Шум бола”, “Келинлар қўзғолони” каби. Энди, нимасини айтасиз, у киноларнинг баҳоси йўқ эди. Меҳр-оқибат, муҳаббат деган нарсалар бор эди у филмларда. Шу нарсаларни эъзозлашган ўргатар эди бу кинолар, - дейди Олмахон.

Айни пайтда суҳбатдошимиз Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг совуқлаша бораётгани баробарида тожикистонлик ўзбеклар миллий қадриятлари унутилаётганидан куйинади:

- Мана ҳозир телевизорларда жангари-фантастик филмлар кўрсатилади, бу болаларнинг тарбиясини бузади. Ўзбек киноларини фақат дискларда кўрамиз, бу етарли эмас. Ундан ташқари, бу филмлар сифати олдингиларидан ёмонроқ. Чунки кўпинча ўзбек эстрада хонандаларини реклама қилиш билан чекланилади, - дейди Олмахон.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги масъуллари икки республика маданий ҳамкорлиги 2000 йил июнида Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида имзоланган абадий дўстлик шартномаси доирасида амалга ошириб келинаётганини билдирди.

Аммо, мустақил кузатувчилар фикрича, бу ҳамкорлик фақат қоғозларда қолиб кетмоқда. Сўнгги 14 йил мобайнида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида маданий ҳамкорликлар борасида мақтанса арзийдиган тадбирлар амалга оширилмагани бунга далил сифатида келтирилмоқда.

“Икки республика ўртасида мавжуд сиёсий муаммолар асрлардан буён давом этиб келган маданий алоқаларнинг заифлашувига таъсир кўрсатаяпти”, дейишади кузатувчилар.

XS
SM
MD
LG