Линклар

logo-print

Қамоқдаги қоялар унутилмади

  • Фаррух Юсуфий

Мамадали Маҳмудовнинг "Ўлмас қоялар" романини француз тилига ўгирган Филипп Фризор¸ ўз меҳнати ўзбек адибининг озодликка чиқишига ëрдам беришига умидвор.

Мамадали Маҳмудовнинг "Ўлмас қоялар" романини француз тилига ўгирган Филипп Фризор¸ ўз меҳнати ўзбек адибининг озодликка чиқишига ëрдам беришига умидвор.

Таниқли адиб Мамадали Маҳмудовнинг “Ўлмас қоялар” асари Францияда чоп этилиб, сотувга чиқди. Дунëда эътибор топаëтган ëзувчининг ўзи эса¸ ўзбек қамоғида азоб чекмоқда.

Уни француз тилига таржима қилган ёзувчи Филлип Фризор совет пайтида режимга исёнчилик руҳида ёзилган саноқли асарлардан бири бўлмиш “Ўлмас қоялар” романи француз ўқувчилари меҳрини қозонишига шубҳа қилмайди.

Уни таржима қилишдан мақсад, дейди Филлип, ўн йилдан бери сиёсий маҳбус бўлиб қолаётган Мамадали Маҳмудовни озод қилиш уринишларига ҳисса қўшишдир.

- Бу асарга қизиқиб қолганимнинг сабаби, унинг собиқ иттифоқ даврида Марказий Осиё давлатларида рус мустамлакачилигига қарши ёзилган ягона асар бўлганлигидир. Бир пайтлар сенегаллик ёзувчи Шайх Ҳамидукканнинг “Катта саргузашт” асари менда катта таассурот қолдирганди. Бу асар Ислом маданиятининг бизнинг, яъни Ғарбнинг саноатлашган цивилизациямиз билан тўқнашувини акс эттирувчи асар эди.

Мамадали Маҳмудовнинг асари ҳам ана шу ҳодисани бошқачароқ шаклда тасвирлайди. Лекин таржимага қўл уришимнинг асосий сабаби, адибнинг 10 йилдан бери ноҳақ қамоқда қолаётганидадир.

Шайх Ҳамидукканга қайтсак, бу кичик асарни ёзганидан кейин у катта ҳурматга эришиб, аввал вазир лавозимида¸ кейинроқ ўз давлатининг БМТдаги вакили сифатида узоқ йиллар ишлаган. Мамадали Маҳмудовнинг эса қамоқда қолаётгани, менимча ҳеч ақлга сиғмайдиган ҳолдир, дейди Филлип Фризор.

Мамадали Маҳмудовнинг “Ўлмас қоялар” асари совет даврида таъқибга учраган. 1981-1982 йилларда асар “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилганидан кейин адиб 4 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ёзувчининг қизи Ватан асарнинг француз тилига таржима қилингани отасининг исми эсдан чиқмаганлигини англатиши, бунинг учун Филлип Фризор ва Мамадали Маҳмудовни озод этиш кампанияси ташкилотчиларига Озодлик радиоси орқали миннатдорчилигини етказишимизни сўрайди.

- Албатта. Бу улуғ отамнинг номи чиқиб келаяпти. 10 йилдан бери ўтирган отамга¸ албатта¸ шон-шарафлар бўлсин. Отамнинг номи ҳали ўчиб кетмаган. Бу китоб чиққанига бизлар шунчалик хурсандмиз. Францияда шу китобни чиқараëтганларингиз учун сизларга раҳмат. Ҳали отамнинг хабарлари йўқку¸ лекин қамоқда ўтирган одам эшитади барибир. Озодлик радиосини эшитаяпдиларку¸ тўғрими? Шунчалик ардоқлаб¸ номини улуғлаб Францияда китобини чиқараëтганларингиз учун раҳмат, - дейди Мамадали Маҳмудовнинг қизи Ватан.

Француз ёзувчиси Филлип Фризор эса Озодлик билан суҳбат воситасида Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб, ўзбек қамоқларида ноҳақ қолаётган барча сиёсий маҳбусларнинг озод этилишига чақиради.

- Мен бугун Жаслиқдаги қамоқхонада маҳбуслар¸ қийноқларга қарши норозилик сифатида очлик эълон қилгани ҳақида ўқиб қолдим. Бу вазиятда қамоқда ноҳақ ушлаб турилган барча сиёсий маҳбусларни авф этиб озод этиш пайти келганини кўрсатади.

Ўз халқига бундай ноинсоний муносабат кўрсатаётган давлат учун ўз айбини ювишнинг бирдан-бир йўли шундай амнистияни эълон қилишдир. Мен, албатта, барча ноҳақ қамалганлар жумласида Мамадали Маҳмудовнинг озод этилишига чақираман, - дейди “Ўлмас қоялар” асарини француз тилига таржима қилган Филлип Фризон.

Мамадали Маҳмудов 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда бўлган портлашларга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган. Суд қарорига кўра, у Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик, Ўзбекистон президентини ҳақорат қилганлик каби айбловлар билан 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Эврил Турон тахаллуси билан ижод қилган Мамадали Маҳмудов 68 ёшни қаршиламоқда. У “Менинг Боғдоним”, “Боғдон бўриси”, “Бургут қаноти” каби асарлар билан ҳам танилган.
XS
SM
MD
LG