Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:43

Журналистни қамаш бобида пешқадам


Узнюс.нет мустақил Интернет нашри мухбири Солижон Абдураҳмонов Ўзбекистон ҳукуматининг Интернет журналистикасига қарши бошлаган ҳужумининг илк қурбонидир.
Узнюс.нет мустақил Интернет нашри мухбири Солижон Абдураҳмонов Ўзбекистон ҳукуматининг Интернет журналистикасига қарши бошлаган ҳужумининг илк қурбонидир.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг янги ҳисоботида Ўзбекистон яна журналистларни энг кўп қамайдиган давлатлар бешлигидан ўрин олди.

Маркази Ню-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси эълон қилган сўнгги ҳисоботга кўра¸ ҳозир дунë қамоқхоналарида қолаëган журналистларнинг кўпчилигини Интернет орқали ахборот тарқатишга уринган мустақил мухбирлар ташкил этади.

Қамоқдаги мухбирларга оид мазкур ҳисоботда айтилишича¸ 2008 йилнинг 1 декабрида жаҳон бўйлаб тутқунликда қолаëтган журналистлар сони 125 тадан иборат бўлган.

Гарчи бу рақам 2007 йилнинг айни даврида нисбатан иккитага кам бўлса-да¸ бу рўйхатдаги бошқа бир жиҳат халқаро майдонда жиддий хавотир уйғотди.

Тутқунликдаги журналистларнинг 56 нафари айнан Интернет журналистикасига мансуб блоггерлар¸ вебмухбирлар ва вебмуҳаррирлардир.

- Интернет журналистикаси матбуот майдони¸ ахборот тарқатувчи ва ахборот қабул қилувчи ўртасидаги муносабатларни мутлақ ўзгартириб юборди. Журналистикада янги авлод бўлмиш интернет мухбирларининг жамоатчилик фикрига таъсир қилиш қудрати дунë бўйлаб репрессив режимлар диққатини ўзига тортди ва улар қарши ҳужумни кучайтирдилар¸ - дейди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ижроия директори Жоэл Симон.

Бу фикрни тўлдирар экан ўзбекистонлик мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Умида Ниëзова¸ Интернет журналистикаси репрессив режимлар учун асосий таҳлика манбаи бўлиб бораëтганини айтади.

- Бу жуда табиий ҳол. Чунки мамлакатга ривожланган технологиялар кириб келган сайин Интернет журналистикаси тез¸ фаол ва илғор журналистикага айланмоқда. Ўзбекистон каби репрессив режимларда¸ маҳаллий матбуот тўлиғича назорат остига олинган бир пайтда¸ Интернет журналистикаси мустақил фикрнинг ягона манбаи бўлиб қолмоқда. Шу боис¸ режимнинг асосий босими бугун Интернет журналистикасига қаратилмоқда¸ - дейди Умида Ниëзова.

Жаҳон бўйлаб тутқунликка ташланган журналистларнинг иккинчи йирик тоифасини¸ Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига кўра¸ босма матбуот вакиллари ташкил қилган ва ҳозирда қамоқда 53 нафар газета ва журналлар мухбирлари қолмоқда.

Кейинги 10 йил давомида журналистларни қамаш бўйича жаҳондаги биринчиликни эгаллаб келаëтган Хитой¸ бу йил ҳам бу мақомни қўлдан бермади.

Бугун Хитой қамоқхоналарида 28 журналист азоб чекмоқда ва улардан 24 таси онлайн мухбирлардир.

Куба¸ Муанмар¸ Эритрея ва Ўзбекистон Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси янги ҳисоботида яна журналистни энг кўп қамайдиган давлатлар бешлигидан жой олган.

Ўзбекистонда бугун олти мустақил журналист турли уйдирма айблар билан тутқунликда сақланмоқда ва улар орасида руҳий касаллар шифохонасига ташланган президент Каримовнинг жияни Жамшид Каримов ҳам бор¸ дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаëтган қолган беш журналист номини¸ ўзи ҳам қамоққа ташланиб¸ халқаро ҳамжамият босими остида озод этилган мустақил журналист Умида Ниëзова тилга олади.

- Ҳозирги кунда Ўзбекистон қамоғида қолаëтган журналистлар рўйхати бошида 1993 йили қамалган Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродов туради. Улар айнан мухолифатдаги Эрк партияси газетасини нашр этиб¸ уни Ўзбекистон ҳудудида тарқатганлари учун 15 ва 14 йилга қамалишган эди.

Қолган яна икки журналист октябр ойида 10 йилга қамалган Солижон Абдураҳмонов¸ 2002 йил қамалган Ғайрат Меҳлибоевдир. “Ҳуррият” газетасининг ëш мухбири бўлган Меҳлибоев Ҳизбут- Таҳрирга алоқадорликда гумонланиб қамалган. 2006 йилда қамоқда унинг муддатига яна 6 йил қўшиб беришди.

Ўзбекистонда тутқунликда қолаëтган олтинчи журналист 2004 йил августида қамалган “Поп тонги” газетаси мухбири Ортиқали Номозовдир. Гарчи уни газета мулкини талон-тарож қилганликда айблашган бўлса-да¸ ҳамкасблари унинг айнан журналистик фаолияти учун қамалганига ишонишади¸ - дейди Умида Ниëзова.

Ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати қамоқда қолаëтган журналистларни озод қилиш ҳақидаги халқаро сўровларни беписанд қолдирмоқда ва бу билан мустақил журналистларга тинимсиз огоҳлантирув муждаси йўллаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG