Линклар

logo-print

Уй арзонлади – харидор йўқ


Кўчмас мулк харидорлари сонининг қисқариши Бишкекдаги уй-жой қурилиши жараëнини ҳам сустлаштирмай қолмаяпти.

Кўчмас мулк харидорлари сонининг қисқариши Бишкекдаги уй-жой қурилиши жараëнини ҳам сустлаштирмай қолмаяпти.

Қирғизистонда кўчмас мулк баҳоси ўтган йилга солиштирганда 20-25 фоизга пасайган. Айни пайтда¸ пасайган нархлар ҳам оддий қирғизистонлик чўнтагига тўғри келмаëтир.

Уй учун ойига 200 доллар...

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда уй-жойга муҳтож 200 минг оила бор. Бишкеклик Урмат исмли йигитнинг оиласи ҳам ана шулар жумласидан.

- Оилавий даромадимиз бир ойда 20 минг сўмни ташкил қилади. Ундан квартирага тўлаймиз, еб-ичамиз. Бундан ташқари, одамнинг бошидан иссиқ-совуқ ўтади. Уларга ҳам пул сарфлашимиз керак. Хуллас, уй олиш учун ойига 200 доллардан иқтисод қилиб қолишимиз мумкин экан. Хотиним билан ҳисоб-китоб қилдик. Агар ойига 200 доллардан тўпласак, 15 йилда 1 хонали уй сотиб олишимиз мумкин бўлар экан, -дейди Урмат.

Қирғизистонда кўчмас мулк баҳоси бир неча йил олдин, ипотека тизими жорий этилгач, кескин кўтарилиб кетган эди. Масалан, бир неча йил олдин Бишкекда бир хонали уйни 12 минг долларга сотиб олиш мумкин эди. Ипотека тизими жорий этилгач эса бир хонали уй нархи 35 минг долларгача кўтарилди.

Кепқолинг - 1 метр жой 900 доллар!

Жаҳон молиявий инқирози бошлангач, Қирғизистонда уй нархи туша бошлади. Мутахассисларга кўра, шу йилнинг уч ойи ичида мамлакатда уй нархи 20-25 фоизга арзонлаган. Бироқ мана шу ҳолатда ҳам қирғизистонликларнинг асосий қисми уй сотиб олишга қодир эмас. Чунки ҳозирда кўчмас мулкнинг 1 квадрат метри ўртача 900 долларни ташкил этмоқда. Лекин парламент депутати Бегали Норғўзиевга кўра, уй нархининг баҳорга бориб яна тушиши кутилмоқда.

- Жаҳон молиявий бўҳрони уй-жой бозорига катта зарба берди. Баҳорга бориб нарх яна тушади. Масалан, биргина Бишкекни олиб кўрсак, жуда кўп уйлар қурилмоқда, аммо уларга харидор йўқ. Бу эса аҳоли қўлидан пул қочгани белгисидир, – дейди депутат Норғўзиев.

Қурилиш кўп – пул оз

Қирғизистон архитектура ва қурилиш агентлиги тарқатган маълумотда айтилишича, мамлакатда 3000 дан ортиқ объект қурилмоқда. Биргина Бишкек шаҳрида 2008 йили 152 та кўп қаватли уй қурилиши бошланган.

Айни пайтда¸ агентлик директори Қанибек Норбоев қурилиш соҳасида ички инвестициялар миқдори ўтган йилга нисбатан 15 фоизга камайганини, бу жаҳон молиявий инқирозининг Қирғизистондаги қурилиш тизимига кўрсатган дастлабки таъсири эканини билдирди.

Қирғизистон риэлторлари уюшмаси раҳбари Елена Николаева бу ҳолат уй нархининг янада тушиб кетишига сабаб бўлишини, бироқ шунга қарамай, харидорлар сони кўпаймаслигини тахмин қилади:

- Ипотека тизими жорий этилгунга қадар 1 хонали уй нархи 12 минг доллар эди. Уй-жой нархлари яна ўша кўрсаткич даражасига қайтади. Лекин бу кўчмас мулк секторида ўсиш бўлади, дегани эмас. Озиқ-овқат ва коммунал хизматлар баҳосининг кўтарилиши уй-жой бозори харидорлари сонини озайтиради, - деди Елена Николаева.

Айни пайтда Қирғизистон банк тизимидаги ҳолат ҳам аҳолининг харид имкониятлари чекланиб бораётганидан дарак бермоқда.

Қирғизистон миллий банки тарқатган матбуот баёнотида айтилишича, бир ҳафта ичида банкдан ташқарида бўлган нақд пул миқдори 633,5 миллион сўмга камайган.

Банклар томонидан кредит учун ажратилган маблағлар миқдори эса 311 миллион сўмга озайган.

XS
SM
MD
LG