Линклар

logo-print

Қашқадарёда ғўзапоя пул бўлди


Пахтазорда йилт этган учқун қолмаганидан кейин¸ ўзбекистонликлар назари яланғоч ғўзапояларга бурилади.

Пахтазорда йилт этган учқун қолмаганидан кейин¸ ўзбекистонликлар назари яланғоч ғўзапояларга бурилади.

Электр энергияси ва табиий газ таъминотидаги мунтазам узилишлар сабабли бу йил Ўзбекистон вилоятлари¸ хусусан Қашқадарёда ғўзапоя нархи жуда кўтарилиб кетди.

Айни пайтда ўртача катталикдаги бир боғ ғўзапоя нархи 1200 сўмдан 1500 сўмгача боради.

- Даланинг ўзидан кўтарасига шу нархда сотяпмиз. Ўтган йили бизда газ таъминотида узилишлар бу йилгидек эмас эди. Шунинг учун ўша йили бир боғ ғўзапояни 600 сўмдангача сотганмиз, - дейди Шаҳрисабз туманилик фермер Шоназар Шомуродов.

Фермерлар трактор билан ўрилган ғўзапояни мардикорларга боғлатади.

Шоназар фермернинг айтишича, бу йил ҳар бир боғ ғўзапояни мардикорларга ўртача 175 сўмдан боғлатган.

Қашқадарёда ғўзапоя савдогарлари пайдо бўлган. Одатда улар ўзининг шахсий транспорт воситаси, кўпинча трактори бор кишилардир.

Савдогарлар боғланган ғўзапояни даланинг ўзидан кўтара нархларда 1500 сўмгача олади. Кейин эса қиш келиши билан газ босими жуда пасайиб кетган ёки умуман газ келмай қўйган ёхуд газ ўтказилмаган қишлоқларга олиб бориб сотади.

- Тоғолди ҳудудларидаги қишлоқлар биздан кўп ғўзапоя олади. Чунки, биринчидан, уларда пахта кам экилади, иккинчидан, кўп қишлоқлар газлашмаган, газлашганларида эса совуқ тушиши билан умуман газ бўлмайди. Биз бир боғ ғўзапояни 2000 сўмгача сотамиз,- дейди ғўзапоя савдогарларидан бири.

XS
SM
MD
LG