Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:50

Пахта ўрнига жўхори ва буғдой


Қозоғистонлик пахтакорлар эндиликда ғаллакорга айланадилар.
Қозоғистонлик пахтакорлар эндиликда ғаллакорга айланадилар.

Қозоғистон минтақада долзарблашиб бораëтган сув тақчиллиги муносабати билан ўз пахта майдонларини кескин қисқартиришни режаламоқда.

Сувсизлик юзага чиқарган қарор

Бу йилги қурғоқчилик ва Ўзбекистон томонининг Қозоғистонга сувни керакли миқдорда етказиб беролмагани қозоқ расмийларини ана шундай қарор қабул қилишга ундаган.

Жорий йил ёзида Қозоғистон бош вазири ўринбосари Умирзақ Шукеев Мақтаорол туманидаги пахта майдонларини бир ярим баробарга қисқартириш зарурлигини айтган эди:

- Бугунги кунда маккажўхори ва буғдой пахтага нисбатан анча рақобатбардош маҳсулот бўлиб ҳисобланади. Шу боис пахта майдонларини максимал даражада, яъни 60-70 минг гектаргача қисқартириб, унинг ўрнига 30 минг гектарга қишки буғдой, яна 30 минг гектарга беда, 10 минг гектарга эса полиз экинлари экишимиз керак. Шундагина биз сув истеъмолини ҳозиргига қараганда икки баробар камайтира оламиз, - деган эди ўз сўзида бош вазир ўринбосари Умирзақ Шукеев.

Сув танқислиги туфайли бу йил Қозоғистонда пахтадан ўтган йилга нисбатан 30 фоиз кам (335 тонна) ҳосил олинган. Аввалги йилларда бу кўрсаткич 435-450 минг тоннани ташкил қилганди.

Айни пайтда, Жанубий Қозоғистон қишлоқ хўжалиги бошқармаси раис ўринбосари Қанатбек Ўспанбековга кўра, қозоғистонлик пахтакорлар пахта майдонлари қисқартирилгани билан олинажак ҳосил миқдорини камайтирмоқчи эмаслар.

- Масалан, пахта экиш учун аввал 100 минг гектар ер ажратилган бўлса, эндиликда 80 минг гектардан ошмаслиги керак. Бироқ мана шу 80 минг гектардан аввалгидек миқдорда ҳосил олишимиз керак, - деди Қанатбек Ўспанбеков.

Унга кўра, жанубий Қозоғистондаги қишлоқ хўжалиги ва пахта учун ажратилган майдонларни қисқартириш қарори иложсизлик туфайли қабул қилинган.

Саноатчилар қарордан норози

Аммо бу қарор пахта хом ашёси билан ишловчи корхона вакилларини анча ташвишга қўйган кўринади.

- Биз бу қарорга қўшилолмаймиз, чунки пахтага бўлган талаб қандай қондирилиши масаласи очиқ қолмоқда, - дея маълум қилди Қозоғистон Енгил саноат корхоналари ассоциациясининг президенти Любовь Худова.

Унга кўра, 2005 йилдан эътиборан Қозоғистонда пахта толасини ишлаб чиқариш миқдори кескин камайган. 2006 йилда бу кўрсаткич тахминан 10,5 фоизни ташкил қилган бўлса, 2007 йили деярли 29 фоизга қисқарган.

Пахтани мардикор теради, роҳатини мелиса кўради

Айтиб ўтиш жоизки, асосан Қозоғистон жанубида етиштириладиган пахта кўпроқ ўзбек муҳожирлари меҳнати эвазига амалга оширилади. Маҳаллий аҳоли рози бўлмайдиган ҳақ эвазига жон-жон деб ишлайдиган ўзбекистонликлар йиғим-терим ишларида кўпроқ ноқонуний равишда иштирок этадилар.

Ўзбекистонлик фермер Отаназар Оллобергановнинг айтишича, Қозоғистонда ўзбек мардикорлари ўз юртларида бир килограмм пахта учун оладиган 65 сўмдан анча кўп ҳақ оладилар.

- Қаерда пул кўп берилса, халқ ўша ерга боради. Ҳамма ҳам яхши даромад олинадиган жойга интилади, - дейди суҳбатдош.

Шу билан бирга, ўзбекистонлик фермер ҳозирда ўзбек мардикорлари Қозоғистонга бориб, пахта теримида иштирок этишдан бироз қўрқиб қолганини ҳам қистириб ўтади:

- Йўл азоби ёмон. Йўлда уни барибир тинч қўйишмайди. Олган пулларини барибир йўлда милиционерлар, божхонадагилар олиб қўяди, - дейди Отаназар Оллоберганов.

Айни пайтда Марказий Осиё бўйича иқтисодий стратегия институтининг таҳлилчиси Нобет Бизенов ҳам Қозоғистондаги пахта йиғим-терими ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун молиявий жиҳатдан жозиб бўлса-да, мазкур кампания мардикорлар ҳаёти учун баъзан хавфли бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

XS
SM
MD
LG